«Ребати» ҳикояси 36 тилга таржима қилинди

«Ребати» ҳикояси 36 тилга таржима қилинди

«Ребати» 1898 йили одиа тилида ёзилган биринчи ҳикоя бўлиб, Ҳиндистондаги одиа адабиёти асосчиси Фақир Моҳан Сенапати қаламига мансубдир. Вабо эпидемияси баҳона хонавайрон бўлган оила ҳақидаги ушбу ҳикояда инсоний изтироблар маҳорат билан тасвирланган.

Яқинда Одиша штатидаги “Dhauli Books” номли мустақил нашриёт мазкур ҳикояни 36 тилга, жумладан ўзбек, немис, япон, рус, француз, турк тилларига таржима қилиб, нашр эттирди. Ўзбек тилига ҳикояни Аъзам Обид ўгирган.

Ушбу антологияга тартиб берган машҳур шоир ва ношир Ману Дэшнинг айтишича, бундай йирик лойиҳа ноширлик тарихидаги илк қадам саналади.  Китобга Чандраҳас Чоудҳури, Ҳимансу Моҳапатра ва Дебендра Дэш сўзбоши ёзган. Таниқли рассом Жатин Дас эса унга чиройли безак чизган. Китоб 2021 йил 14 июнь, асар муаллифи Фақир Моҳан Сенапати вафотига 102 йил тўладиган кун кенг жамоатчиликка тақдим этилади.

Ҳикоянинг ўзбек тилига таржимасини мана бу ерда ўқишингиз мумкин:

http://azamabidov.uz/?p=2942