Доғистон шеърияти: Баҳоуддин Самадов

Шоир, журналист Баҳовуддин Самадов 1978 йил 19 март куни Доғистон Республикаси Қорабудахкент туманида хизматчи оиласида таваллуд топган. Доғистон давлат университети филолгия факультетини тамомламагн. 2001 йили Уллибийовул қишлоғи маданият саройида иш фаолиятини бошлаган. Кейинчалик болалар ижодиёти марказида ишлади, “Районну яшаву” газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлди.  2015 ва 2017 йилларда Туркий халқлар шеърият фестивалида иштирок этди. Мақола ва шеърлари “Ёлдаш”, “Тангчолпан”, “Сарасёз” каби газета ва журналларда босилган. Шеърлари рус, озар, бошқирд, болгар, ёқут ва татар тилларига таржима қилинган. Доғистондаги давлат тилларидан бири бўлган қумиқ тилида “Умид”, “Олға қадам”, “Сиздан дуо тилайман” номли китоблари чоп этилган. У Россия журналистлар уюшмаси ва Кавказ ёзувчилари клуби аъзосидир.

Тонг юлдузин излайман

 

Олди-сотди, талаш бўлган, эй ўлкам,

Суянмоққа тополмайман бир елка,

Топтайверар ҳар бекорчи, безори,

Юрагимни тилка қилар оҳ-зори.

 

Гоҳ у ёндан, гоҳ бу ёндан келур ёв

Оёқ ости қилур юртим беаёв,

Таянч топмай юрагимни ғашлагум,

Илдиз мисол маҳкам уни ушлагум.

 

Туз-тупроғин унутмасин зурриёт,

Оғочларнинг томирида зўр ҳаёт.

Қадрдон эл тилаклари, зорлари,

Титратади юрагимнинг торларин.

 

Толеингнинг елкасида оғир тош,

Жон юртим-а, эртанг эрур зўр бардош.

Кўҳна тарих қаърида кўп бўзлайман,

Ҳар саҳарда тонг юлдузин излайман.

*****

Она дунё

 

Она дунё, уммон мисол қулочи,

Она дунё, кўкда юлдуз чўкар тиз,

Она дунё, тоғ-у тошни силжитар,

Она учун лазиздир ҳар ўғил-қиз.

 

Ҳаёт шундай: адашганда шошаман

Дармон излаб ҳузурига онамнинг,

Гар топширсак оналарга, бўлмасди

Асло уруш-қирғинлари оламнинг.

 

Она дунё, гўдакларга шодлик у,

Она дунё, кўрсатар йўл ҳақ томон,

Она қалби элни чорлар юксакка,

Ҳам халқ учун жонин тикар беомон.

 

Она дунё, мева туғар дов-дарахт,

Она дунё, ҳар қаричи чаманзор,

Она кулса, қуёшнинг-да кайфи чоғ,

У шодликни кўрай дея ой бедор.

 

Кел, онага совға бўлсин дунёмиз,

Меҳр ила оларкан ул оғушга –

Алласидан ором топар, овунар,

Дунё қолиб кетмайди ҳеч қарғишга.

 

(Қумиқ тилидан Аъзам Обид таржима қилди)