Тошкентдан кечаси 2 ларда етиб борарканман, Холажоним дахлиз ўртасида юзлари ўнг тарафга салгина бурилган кўйи ҳеч ўлмагандай ётганларини кўраман. Атрофларида фарзандлари, яқинлари жаъм, аммо жим-жим эди. Сим-сим ёшлар юраклардан оқарди. Ҳеч ким уввос солмас, ҳеч ким айтиб-айтиб йиғламасди.
Кўпчиликнинг – асосан аёллар, ёш-ёш қизчалар, ўғиллари – қўлида Қуръон, тезда хатм қилишни кўзлаб, муборак китобни пораларга бўлиб, майин тебраниб ичларида ўқишарди. Катта қизлари гоҳ-гоҳ Холажонимнинг юз-у кўзларидан, оёқларидан ўпиб, “онаааам” деб қўяр, ҳамманинг тилидан фақатгина “сўроқ-саволингиз осон бўлсин!”, “қабрингиз нурга тўлсин!” сўзлари учарди холос. Қўлига Қуръон тутган бандаларинг бунчалар ҳам чиройли-я, Парвардигорим! Оиласининг ҳар бир аъзоси учун алоҳида Қуръони бор уйларинг мунчаларам файзли, Худойим!
Вилчир-вилчир тонг ота бошларкан, узоқ-яқиндан эркак қариндош уруғлар келишди. “Бугунги кунни ҳаммамизга муборак қилсин!”, “Аллоҳдан келдик, Аллоҳга қайтамиз!” деб кўришишарди эркаклар Холажонимнинг ўғилларини, қатор тизилиб турган яқинларни бағирларига оҳиста босаркан. Аллоҳнинг раҳмати майин томчилаб ёғиб турарди.
Холажонимни кўтариб, масжид томонга қўзғалинаркан, маййитни ҳўл қилишдан ийманибми, бир муддатга ёмғир ҳам тинди. Тобут рахларига Холажонимнинг кўзи ожиз эрларининг ёшлари юм-юм тўкилиб бораверди. Бомдодга қишлоқдаги бори эркак зоти чиққан каби, хонақоҳ ҳам лиқ тўла эди. Эрта азондан ибодатга шошилган бандаларинг бунчаларам чиройли, Яратган Эгам!
Жанозани ўқигач, Холажонимни маҳалланинг мўжазгина қабристонига дафн этдик. Лаҳадга туни билан салавот айтиб йиғилган майда-майда тошчалар сепиб қўйилди. Бир қисмини қабр устига сочилди. Одамлар тарқалгач, яқинлар Холажонимнинг янги масканлари атрофига чўкаркан, илмлироғимиз сураи “Ёсин” ўқиди, орқасидан “Қулҳу валлоҳу аҳад”ни такрорладик, сўнг дуо қилдик: “Қабрингиз нурга тўлсин!” Сал ўтгач, кичкинтой набиралар келиб, митти қўллари билан қабр устига момоқаймоқ гулларини сочиб, тиловат қилишга ўтиришди. Жигарини ҳузурингга чиройли кузатувчи бандаларинг ва уларнинг гўдаклари мунчаям чиройли бўлмаса, Аллоҳим!
Холажонимнинг исмлари таржимаси ҳам “чиройли” эди. Бу дунё мўмин учун азоб ва оташ эканини чуқур англаган кўйи ҳаётий лим-лим ташвишларни вазмин-вазмин ҳолда, сабри жамил ила кечирдилар, гўё ҳеч бир роҳат топмагандай, орзулари ҳамиша жуда кичик ва гўзал бўлди: “раҳматингга лойиқ қилгин!” Ҳузурингда роҳат топгувчилардан айла Холажонимни, Меҳрибонларнинг энг Меҳрибони!