Давлат ташкилотлари триллионлаб маблағ талон-тарож қилаётган бугунги Ўзбекистонда кеча раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олдини олиш ҳақида навбатдаги катта йиғилиш ўтказилибди.
Айни пайтда бошқарувда ўтирган хонимлар ва жаноблар, сиз ростдан ҳам ўрнингизга ўзингиздан яхшироқ, тозароқ, халқпарварроқ бошлиқ келишини истармидингиз? Бошқача, соддароқ қилиб сўрай: сиз чиндан ҳам Ўзбекистоннинг ривожланишини хоҳлайсизми?
Ўзбекистонда мактабни аъло баҳоларга тугатиб, тил билган, чет элларда таълим олган, илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганган, манфаатлар тўқнашуви нима эканини чуқур англаган, ўзи танлаган соҳани пухта ўзлаштирган ва, агар тўсиқсиз имкон берилса, шу Она Ватанни тараққиёт сари буриб юборишга қурби етадиган профессионал кадрлар жамоаси борлигидан хабарингиз борми?
Ҳа, шундай жамоа бор! Ушбу жамоадаги кимдир Сингапур ё Япония, кимдир Германия, Буюк Британия ё АҚШ, кимдир Франция ё Туркияда ўқиган, яшаган, ишлаган. Улар ҳозир орамизда, ёнимизда, яъни Ўзбекистонда, улар ҳар бир вилоятда бор! Уларнинг сони тахминан 20 000 дан кам эмас, ёши 20 дан 50 гача. Ҳар бирининг ўзига ўхшаган ўртача 5 нафардан ҳамфикр ва ҳамкори бор десак, демак энг камида 100 000 кишилик катта жамоа бор! Уларни чет элда “эламник”лар (alumni) дейишади.
Албатта, мен, масалан, энг нуфузли олийгоҳлардан бири саналган Гарвардни битириб, коррупция ботқоғига ботган ё қамоқда ўтирганларни назарда тутмаяпман, яъни чет элда илм ва тажриба орттирган ватандошларнинг орасида ҳам ўзгаролмаганлар, мақсади минг турли усул билан ноқонуний пул қилиш бўлганлар ҳам йўқ эмас. Аммо мен айтаётганим юқоридаги эламниклар жамоаси, агар бошқарувга жалб этилса, чиндан ҳам шу юртда катта ўзгариш қилишга қодирдир.
Бизга чет эллик маслаҳатчи ва ё чет эллик ватандошимизни катта маблағ ва ойлик тўлаб олиб келиш шартмас. Чинакам ватанпарварларга ишлаш учун қонуний изн, тизим ва муҳит яратиб берилса бас.
Президент жаноби олийлари, Сиз мен айтган жамоа билан бир мулоқот қилиб кўринг, уларни ҳам эшитинг, ҳаммасига тегишли қонуний шароит яратиб беринг. Аслида бу катта жамоанинг ҳар бир аъзоси Ўзбекистонда ўз уддасидан чиқиб юрибди: бири ўз мустақил ишини очган, бири халқаро ташкилотда ишлайди, бири қўшма лойиҳа қилган ва ҳоказо. Шуниси ҳам аниқки, улар Ватанимизда бошқарув тизими қандай ишлаётганини, умуман, сиёсий ва ижтимоий муҳит қандайлигини яхши билади. Агар тегишли қонуний кафолат ва шароит яратилмаса, уларни давлат ё бошқарув тизимидаги бирор ишга мажбурлаб кирита ҳам олмайсиз. Уларнинг баъзилари ҳозир давлат тизимида ҳам ишлайди, аммо жамоасининг аксари эски қолипдагилар ва юлғичлардан иборат.
Энди постимнинг бошидаги саволимни яна ёзаман: Айни пайтда бошқарувда ўтирган хонимлар ва жаноблар, сиз ростдан ҳам ўрнингизга ўзингиздан яхшироқ, тозароқ, халқпарварроқ бошлиқ келишини истайсизми? Бошқача қилиб сўрай: сиз чиндан ҳам Ўзбекистоннинг ривожланишини хоҳлайсизми?
Жавобингиз баралла “Ҳа!” бўлган кундан бошлаб, ўша мен айтган жамоага юзланинг! Уларни топиш осон, чунки улар орамизда, ёнимизда, шу ерда! Жавобингиз “йўқ” ё сукут бўлса, унда афсуски, кадрлар ҳақидаги гаплар ва йиғинлар яна минг йиллар, балки бошқарувга сунъий ақллар келгунча, давом этаверади, деб қўрқаман.
Photo taken from the Internet