Ташқарида учар бомбалар гоҳо,
Қайдадир хуррамлик кезар аҳёнда.
Ошқозони тўлмас юз бошли юҳо
Трилёнларни ютар Ўзбекистонда!
Бунда дил ёрганинг шикоятинг-ла
Қайтиб ўз бошингни ерлар, биродар.
Қонун ижросига жавобгар минглаб
Жонда йўқ тутуриқ, йўқдир ирода!
Шундайки, ҳар нени ёзгунг тортмай тап,
Лек ўздан баландга чиқмайди ноланг:
Уйингда аёлинг қайтаради гап,
Гоҳида юзингга сачрайди боланг.
Яъни бу хатолар ичимиздадир,
Жиноят ўғлимиз, қизимизники,
Душман қошимизда, сочимиздадир,
Қамоқлар ва дорлар ўзимизники!
Не ғамки, шу ўзмен аталмиш наштар
Яна минг-минг йиллар сузаркан қонда –
Кўзлари ҳаромга тўймаган аждар
Трилён ютаверар Ўзбекистонда!