Ҳой, Парижда юрган ўртоқлар! Ўзбек маданияти ва санъатини унинг адабиёти билан қўшиб тарғиб қилиш наҳотки хаёлингизга келмади?! Ё ўзингиз шуғулланмаганингиз учун адабиётни бегона қилмоқдасизми? Ёзувчилар уюшмаси ўзбек-француз адабий алмашинуви (умуман, халқаро адабий ҳамкорлик) борасида ҳеч жўяли иш қил(ол)ма(ёт)ган бўлса, мана биздан сўранг эди!
Ҳеч йўқ Алис Оран таржима қилиб, 1948 йилда чоп эттирган Ойбекнинг “Навоий” романини, устозим Hamid Ismailov ва Жан-Пьер Бальп таржимасидаги икки томли ўзбек шеърияти антологиясини, Эркин Аъзамнинг французчага ўгирилган тайёр зўр бир китобини, ва ё жиллақурса камина бевосита француз тилидан ўзбекчага ўгирганим француз шоирларининг бир туркум шеърларини сифатли китоб ҳолида нашрдан чиқариб, французларга тақдим этиб, биздаям сал-пал адабиёт бор деб кўксингизни керсангиз бўларди-ку!
Ва ё ўша икки томликдаги Навоий, Бобур, Машраб, Чўлпон, Усмон Носир, Рауф Парфи, Жамол Камол, Ҳалима Аҳмад каби ўнлаб шоирларимизнинг французча шеърларини қойиллатиб ўқиб, митти аудио ё видеолар қилиб берсам, Лувр музейи, Араб дунёси институтидаги кўргазма чоғида, Биби Марям ибодатхонаси олдида ё Франциядаги энг катта кутубхоналарда намойиш этсангиз, имижингиз тушиб қолардими?! Э, қўйинг-э, сизларда бирор нормал маслаҳатчининг ўзи йўқ! Маданият, санъат, адабиёт ортидан пул қилувчилар, ноёб қўлёзма, картина, давлат мукофоти ва осори атиқа сотувчилар қолди холосми ё Ўзбекистонда?!
(Суратда камина Биби Марям ибодатхонаси олдида)