Бу йил оғир келди: бир неча қариндошим, устозим Жамол Камол, дўст-қадрдоним Шавкат Музаффар сингари яхшиларимдан айрилдим, Аллоҳ раҳмат қилсин ҳамма ўтганларимизни!
Ижодий лойиҳаларим кўп бўлмади, борини шу каналда, www.azamabidov.uz сайтимда ёздим. “Узрепорт” телеканали журналисти Нигорахоннинг кўрсатуви учун адабиёт соҳасидаги йил якунлари ҳақида аччиқ-аччиқ гапларимни айтиб олдим.
Бу йил Набижон Бокийдек катта юракли, ҳақгўй ёзувчимизни ўзим учун қайта кашф қилдим.
Мени ҳамиша ҳақгўй ижодкорлар билан бирга кўрасиз, писиб-қўрқиб юрган ялоқилар ёнида эмас.
Янги йил ўзини шоирман, ёзувчиман деб юрган ўзбек учун ҳақ сўзни айтишда асло жим турмаслик, савол сўраш, билмаганини ўрганишга интилиш, илғор тажрибасини бошқалар билан бўлишиш йили бўлсин!
“Митти кўприк” каналига шунчаки ёзмаяпман: вақтимни қадрлашингизни, ёзганларимнинг моҳиятини тушунишингизни истайман. Фокусим – дунёга чиқишни кўзлаган, кўлмак ҳовуздан бўғилган, янгироқ, эркинроқ йўл излаётган ўзбек ижодкори.
Тил ва адабиёт ўқитувчилари, университет филология факультети домлалари ва талабалари, таржимон бўлишни истовчилар менинг фокусим. Давлат тасдиқлаган дарсликлардаги материалдан ташқари, альтернатив маълумот ва сабоқ ўрнида ўқувчи ва талабалар ёзганларимни ўқиб боришса, дунёқарашлари кенгайса деган ниятдаман.
Каналимиз линкини ёш ижодкорлар, тил-адабиётчилар, талабалар гуруҳларига ташланг, аъзо бўлишсин, танқидий постларимни муҳокама қилинг, жим турманг, саволларингизни ёзинг, телефон қилинг.
Атрофга қарасанг, ҳамма шоир ва ёзувчи, таржимон ё адабиётшунос, аммо аниқ-тиниқ йўли йўқ, сўқмоқларда чалғиётгандай.
Мақсадим 10 та, 100 та ҳақгўй ижодкор, таржимон, ўз адабий лойиҳасини ишга туширишни истовчилар учун равон ижодий йўл топишда чин дилдан ёрдам бериш. Мендан вақтида фойдаланиб қолинг, кейин афсусланиб юрманг! Саволларингизни кутаман! Жим турманг!