Майя Энжелоу

Америкалик шоира, ёзувчи Майя Энжелоу (1928-2014) ижодидан бир шингил
Фаришта аёл
Оламни куйдирган не шўхи жонон,
Сирим нелигини билолмай ҳайрон.
Тан олгум: йўқ менда чирой, жозиба,
Қоматим ҳам эмас тилларда достон.
Бирма-бир уларга айласам баён,
Айтурлар: бу аёл сўзлаюр ёлғон.
Дегум:
Сир-асрорим – чўзилган қўлим,
Кўриб турганингиз ёнбош-у белим,
Босайми, босмайми, деб юришларим,
Гоҳо кимларгадир лаб буришларим.
Саранжом-саришта,
Тенгсиз хаёлман
Мен ўшал фаришта,
Мунис аёлман!
Хонага кираман сиздай жонҳалак,
Бехос бир жанобга кетаман тегиб,
Йигитлар ўриндан ғоз туришар ё
Тиз чўкиб қолишар бошларин эгиб.
Улар атрофимда гирдикапалак –
Уядаги асал-арилар гўё.
Дейман:
Бунга сабаб кўзқарашларим,
Дурдай тишларимнинг ярқирашлари,
Солланиб,
Завқ ила кетаман нари,
Нафис ва оҳиста
Соҳибжамолман
Мен ўшал фаришта,
Мунис аёлман!
Йигитлар лол-ҳайрон боқишар қиё:
Менда ғайритабиий қандайин сир бор.
Юракка қўл солмоқ бўлурлар, аммо
Қалбим асрорини кўрмаслар зинҳор.
Боримни истарам этмоқ намойиш,
Дерларки: англамоқ бизга мушкул иш.
Айтгум:
хиёл эгик қадди-қоматим,
Қуёшдай порлаган ёрқин табассум,
Кўксимда чайқалмиш зўр ҳаловатим,
Шаклу шамойилим маҳбуб-у маъсум.
Шундайин жозиба
ҳар он, ҳар ишда,
Менман ул соҳиба,
Ўшал фаришта!
Англаб бормоқдасиз: эгикмас бошим,
Овозим кўтариб, тўнғилламасман,
Менгамас жон ҳалак ҳар ёнга сакраш,
Бировга ўқрайиб, шанғилламасман.
Гоҳо ёнингиздан юриб ўтсам ғоз,
Балки ифтихорга тўларсиз бехос.
Дерман:
Бунга сабаб пошнам тақ-туқи,
Дид билан таралмиш сочларим тарам,
Қўлларим, кафтларим қораси, оқи,
Ва қизғин эҳтиёж: бўлмоқ муҳтарам.
Нечунки, ажиб сир,
Тенгсиз хаёлман,
Мен ўшал беназир,
Нодир аёлман!
Все реакции:

Muslim Bek, Озода Бекмуродова и ещё 20