Ростини айтсам, ҳозирча Ўзбекистондаги биронта шоир ё ёзувчига ҳавас қилмайман. Назаримда улар “рисоладаги замонавий ижодкор” даражасига кўтарила олмаяпти, аммо шу йўлда озми-кўпми ҳаракат қилаётганлар бор, албатта!
Орангизда қуйидаги оддий хислатларни ўзида жамлаганлар бўлса, мен билан боғланинг, халқаро PEN ташкилотининг Ўзбекистон бўлимини очиш учун ариза беришни ўйлаяпман.
Ёш ижодкор ука-сингилларим эса замонавий ижодкор қандай бўлиши ҳақида билиб олиб, ўзлари учун тўғри қарорлар чиқаришади, деган мақсадда улашяпман.
Мана менинг “замонавий ижодкор” ҳақидаги тушунчам:
– танқидий фикрлашни, “нега?” деб савол беришни, олаётган ахбороти тўғри-нотўғрилигини текширишни билади, билмаган нарсасини сўрашдан ийманмайди, билганлардан ўрганиб, ўз ҳаётига тадбиқ этади
– ўзини танқид қилганни айбламайди, тегишли хулоса чиқаради ва фақат олдинга қараб юради
– ҳатто энг катта раҳбар олдида ҳам ялтоқланмайди, пахта қўймайди, хатосини юзига шартта айтади
– 1-2 та хорижий тилни, хусусан дунё мулоқот тилига айланган инглиз тилини яхши билади
– бирорта ижтимоий тармоқда мунтазам постлар қўяди, электрон почта ва мессенжерлардан, компьютер ва масофадан туриб иштирок этишга мослаштирилган техник воситалардан фойдалана олади
– ўз веб-сайтини ишга туширади, асарларидан намуналар жойлайди, ижодий аудио ва видеолар тайёрлаб улашади
– илғор мамлакатлар билан адабий алоқага очилади, чет элликлар билан борди-келдини йўлга қўяди
– ўзи ва миллат адабиёти ҳақида халқаро анжуманларда тилмочсиз тақдимотлар, маъруазалар қилади
– ўзбек тилидан ташқари бирорта чет тилида бевосита насрий, шеърий асарлар, ва таҳлилий мақолалар ёзади
– ижодий саёҳатларга ошиқади, чет эл сафарига чиқишга тайёр туради
– ҳар доим инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, ҳамиша ҳақиқатни баралла айтувчи, юраги катта, жасоратли шахс бўлиб қолади
– оддий, эзилган халқ билан ҳамнафас бўлади, унинг дарду қувончини очиқ куйлайди
– ўзини ва оиласини етарли таъминлай оладиган ҳунар билан шуғулланади, истеъдоди, ҳалол меҳнатини қадрлайдиган жойда ишлайди
– бирор соз чалишни, куйлашни, ўз асари ва таржимасини маромига етказиб ифодали ўқишни яхши уддалайди
– бошқаларга, айниқса ёш ижодкорларга ўз тажрибасини эринмай улашади ва ментор-мураббийлик қилади
– ўзидан ҳам кўра бошқа ижодкорларга биринчи ва илғорроқ бўлишда кўмаклашади, мумтоз адабиёт энг ёрқин вакиллари, энг аввало Навоийни инглиз тилига таржима қилади, китобларини чоп эттириш йўлларини ахтаради, чет элдан таржимонлар излаб, ҳамкорликка киришади
– чет эл адабиётини ўзбекларга таништиради, аммо ўзбекларни чет тилларига, хусусан инглиз тилига таржима қилишни устувор вазифа деб санайди
– тутуруқ – принципни маҳкам ушлайди, шохдан шохга сакрамайди
– бандасидан, ҳукуматдан ҳеч нарса кутмайди, тамаъ қилмайди, ҳеч кимга юк бўлмайди, ўз уддасидан чиқади
– ҳукумат берган ҳар қандай мукофотни, жумладан имтиёзли ё текин квартира ва дала ҳовлини баралла рад этади
– мукофот ё эътирофни кўзласа, шаффоф халқаро адабий танловларда қатнашади
– қўғирчоқ ва қафасдаги ижодий уюшмаларга аъзо бўлишни, аъзоликни пеш қилиб ҳар хил имтиёзлардан фойдаланиб қолишни ниҳоятда катта уят деб билади
– дадил ижодкорларни халқаро дастурлар, резиденциялар, фестивалларга, бошқа тилларга таржима қилинишга тавсия этади, уларга дўстона ижодий алмашув учун кўприк бўлади
– шу хислатларни жамлаган ижодкорлар билан якдил бўлиб, янги қонли, альтернатив, тоза, мустақил уюшмага бирлашади ва ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти уммонига олиб киришда жонбозлик кўрсатади
– ўзбекча адабий мутелик ва қолоқликни улоқтириб ташлаб, дунёнинг ҳар бурчида жаранглаб турадиган илғор овоз, ёруғ юзга айланиб, ўзбекнинг эгилган адабий бошини мағрур ва ифтихор ила баландга кўтаради!
@ Аъзам Обид
(Суратни финляндиялик дўстим Виль Ҳитёнен олган)