Мен бюджетдан миллиардларни сарфлаб, буюк шоир ва алломаларимизнинг қабрларини зийнатли, безакли, йирик мажмуа ё мавзолейларга айлантирилсин, демайман. Аммо Навоий, Бобур, Беруний, Машраб ва ҳоказо улуғларимизнинг қабрлари ҳозирги Ўзбекистонда бўлганда, балки аҳвол сал бошқачароқ бўлиши мумкин эди, дея яхши хаёл қиламан.
Бироқ, икки йил аавал Огаҳийнинг Урганч четида жойлашган қабрининг аянчли аҳволини кўриб, йиғлаб юборгандим…
Аслида, гап сўнгги манзиллар ё қабрларда ҳам эмас. Туғилган жон борки, ўлим шарбатини тотади, бир сиқим тупроққа айланади. Асосий масала биз дунёга сочилиб кетган улуғларимизнинг бой, жуда бой меросини қандай сақлаяпмиз, қандай фойдаланяпмиз, келгуси авлодга қандай етказяпмиз, ана шунда.
Масалан, Наманган шаҳрида ўзбек адабиётидаги энг йирик номлардан бири бўлмиш Бобораҳим Машраб билан боғлиқ нима бор ҳозир? Унга атаб бирор музей барпо этилганми? Асарлари етарлими? Қайта нашр этилганми? Чет тилларига таржима қилинганми? Ғазалларини рус тилида топдим, дунёнинг бошқа тилларида деярли ҳеч нарса йўқ. Шаҳар марказидаги Машраб кинотеатри ҳозир қай аҳволда? Унинг шундоқ рўпарасидаги, тўкилиб кетай деб турган “Олтин мерос” ҳалиям ўша аҳволдами? Илгари Наманган четроғида Машраб номли боғ барпо этилганди, эндиликда у жой ҳар хил кўнгилочар аттракцион-у дўконларга тўла “Афсоналар боғи”га айланди! Машраб ҳам қўшилиб афсонага айлантирилдими?
Аслида, туризм қўмитаси, маданият вазирлиги, ҳокимият ва бошқа масъул ташкилотлар бир гўзал Машраб номи ортидан қандай гавжум маънавий масканларни юзага чиқариши мумкин эди! Ҳамма вилоятларда ҳам жуда катта меросга эга улуғ номлар бор! Йўқ, бизга Машраблар, Нодим Номонгонийлар, Огаҳийлар, Усмонлар мероси ва уларни дунёга танитиш асло муҳим эмасга ўхшайди, афсус!
(Суратда Бобораҳим Машраб қабри, Афғонистон)