Четга сурилган ижодкорлар

Ўтган сафар расмларини қўйганим опа ёзувчи, шоира ва тадқиқотчи Нодира Рашидова эдилар. Фейсбукда кўпчилик уларни таниди. Нодира опа шоир Ўткир Рашиднинг қизи ва Усмон Носирнинг жияни бўладилар. 1944 йили Тошкентда туғилганлар, умрлари зиёда бўлсин!
Ўтган куни таржимон Хуршида Маматова билан Нодира Рашидованинг “Нукус” кинотеатрига яқин маҳалладаги уйларига бордик, ўзбек ва рус тилларида бирдай ижод қилувчи опа билан мириқиб гурунглашдик, китобларидан совға қилдилар.
Ижодкор дўстларим Муҳаммад Вали ака ва Гули Мурод журналист Раҳимжон Ирисов билан Нодира Рашидованинг “Усмоннома” номли икки жилдли китобини турли қаршиликларни мардона енгиб, катта машаққат билан чиқаришибди. Барака топишсин! Нодира опа бу асарлари чоп этилганидан ниҳоятда хурсандлар.
Аммо Усмон Носир юбилейи кунлари телевидениедан интервью олишга келишибди-ю эфирга беришмабди. Бир дўстим Нодира опа “кўп ҳақиқатларни билганлари” учун, яна бири эса катта олимимизнинг “сохтакорлигини хўб фош қилгани” учун “унутилиб” қолганларини ёзди. Адабиёт оламидаги ҳақиқатларни яширмай, тўғрисини ёзавериш ва айтавериш керак! Бу оламга қадам қўяётган ва аллақачон унда юрганлар учун ҳақиқатни билиш ўз-ўзини тергаш ва ривожлантириш, катта юракли ва ҳаққоний ижодкорга айланиш учун жуда-жуда фойдали!
Сизнинг шаҳрингиз, маҳаллангизда қайси шоир, ёзувчилар яшайди? Балки “унутилиб” ё “четга сурилиб қолган” ижодкорлар бордир? Умуман, катта ҳаётий ва ижодий тажрибага эга, ёши улуғ ижодкорларимиздан тез-тез хабар олиб туришни одат қилсак, зўр иш бўларди! Шундайларни билсангиз, менгаям хабар қилинг, бирга-бирга борайлик, дуоларини олиб қолайлик!