Турли каналлар Саида Мирзиёеванинг Парижда Берунийга бағишланган кўргазмада иштироки ва ЮНЕСКО сессияси Самарқандда ўтказилиши ҳақидаги хабарини кўчириб босаётган бир пайтда Википедиа ва Интернетдаги мақолалар турли тилларда Берунийни форсий, эроний, ё мусулмон олим эканига урғу бериб, баъзи ўринлардагина унинг марказий осиёлик ё Хоразмда туғилганини қистириб ўтмоқда холос. Ибн Сино, Ал-Фарғоний ва бошқа кўплаб ўрта осиёлик олимлар ҳам дунё наздида форсий-эроний ва ё оддийгина мусулмон олимдир.
Аслида олам аҳли уларни туркий ё ўзбек деб билса, тезда бирор нарса ўзгариб қолармиди?
Кошки ўтмишдаги буюкларимизни кўз-кўз қилиш ортидан юртимизда илм ва олимга муносабат кескин ўзгариб қолса! Кошки ақлларимиз, аслларимиз хорижга кўчишни тўхтатса!
Илм уни олганники ва тўғри, самарали фойдаланганники! Мен ўнлаб халқаро конференциялар миллионларни сарфлаб Ўзбекистонда ўтказилиши ортидан оддий меҳнаткаш халқ учун манфаатли нимадир бўлаётганини кўрмаяпман.
ЮНЕСКО конференциясини ўтказишдан аввал ақалли бирорта шаҳримизни ЮНЕСКО санъат шаҳарлари ва ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритишни ўйладикми? Неча йилки бу ҳақда бонг уряпман, эшитадиган қулоқ борми ўзи?
Кўриб турганингиз эса Абу Райҳон Берунийнинг Афғонистоннинг Ғазна шаҳридаги қабри. Эрон ҳукумати (!) 2021 йили уни таъмирлашни режалаган, аммо режа ўша жойда қолиб кетган шекил.