Қўшни катта шаҳардаги ўғил қаттиқ таъсирланди: ким бўлиши мумкин у? Дўппидеккина шаҳарчада кўрган, билган, таниш, биродар, ҳамсуҳбатларини ёдга олди. Биронтаси бу ишга қўл уриши мумкин эмасди. Синфдошлари, курсдошлари, уларнинг фарзандларини айтмаса ҳам бўлар. Назарида у ерда яшовчи ҳамма одам ҳалол, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилувчи, зиёли, имонли, инсофли эди. Бу шаҳарчада фақат яхши хулқли, меҳрибон, муҳтожпарвар, адолатли инсонлар яшарди унингча. Қачон у ерга қўли қинғирлар аралашақолдийкин? Ҳар куни кўча-кўйда, ишда, транспортда, хиёбонда, исталган ерда учратаётганинг одамлар бир қарашда ана шу шаҳарча одамларига ўхшамайдими? Йўқса…
Унда нега олтмишни қоралаган фариштамонанд аёл уяли телефонини ўғирлатиб қўйдийкин? Телефонни етмишга яқинлашган хўжайини ҳайдаётган машинанинг орқа чап эшиги «чўнтаги»га қўйганди. Икковлон гоҳида эрмак учун кафтдеккина шаҳарчада киракашлик қилар, аёл ҳар гал ўша чап тарафга ўтириб олиб, яккам-дуккам учраб турган йўловчилардан тушган пулни санаб тургувчийди. Ғира-ширада икки йўловчининг бири чапдаги эшикка яқинлашиб келаркан, аёл беихтиёр ўнгга сурилиб, жой беради. Манзилга етганда кўрсаки, телефони йўқ, йўловчилар қўздан йироқ кетганди…
Ўғил онасини тинчлантириб, дарҳол янги телефон учун пул жўнатди: «Майли, қайғурманг, онажон, йўқолган бўлса йўқолибди, балою қазони даф қилсин илоҳим. Ўғирланди, демайлик. Йўқолди. Шунчаки йўқолди. Дунёда ўзгалар ҳаққига хиёнат қилмайдиган, ҳалол одамларгина яшайдиган, шодон болалигим кезиб юрган ўша дўппидай шаҳарча ҳали ҳам борлигига ишонаман.»
© Аъзам Обид. Кичик ҳикоялар туркумидан – 2015