Орзу

 Инсон Ерни забт этди, энди

Ҳоким бўлмоқ истар самога,

Лекин бир кун айланар яна

Одам Ато, Момо Ҳавога, –

 

Яшилликлар бағрида яшар,

Зулм қилиб кўрсатмас кучин.

Ўз ақлига тутади қулоқ,

Олмасидан табиат ўчин.

 

Кимда нефту газ сероб бўлса,

Ул омадли ва бой бўлурми?

Қайнамаса кимнинг қозони,

Қадри паст, қадди ёй бўлурми?

 

Боласининг қонли кўйлагин

Қучган она оҳ-воҳи надир?

Мой устида жиққа мушт эрлар

Биларми, дил қийноғи надир?

 

Шарқ элларда уруш оловин

Тутатганлар истаги мойми?

Бу заминнинг ярми бадавлат,

Ярми бўлмоқ керак гадойми?

 

Нефтегазчи фирмалар, қани,

Тинчлик ва бахт чиқазса қазиб!

Ўша саодатли кунларни

Кўрмоқ бизга бўлсайди насиб…