ЖЕРМАЙН ДРУГЕНБРУДТ
(Бельгия)
“Тириклик йўли” тўпламидан
ЗАМОНА ГУВОҲЛАРИ
Шивалаган ёмғирдай гўё
Ўчиради изларни қатор,
туғилади техник муаммо
ё қудрати олийдан қарор
қачонлардир бизлар ишонган
флоппи, комп, кассета, си-ди.
Тез орада биздан не қолур,
қачондирам саҳфага кўчмиш
машинка ё қалам қорайтган
ёзувларнинг сарғимтир ҳиди.
Биздан сўнг келганлар дун аро
Қолдирмайди наҳот ҳеч вақо?
###
Манолис (Эммануэль Алигизакис)
Крит
Янглиш сўқмоқ
Сен истамас матоҳ сотарлар
сотволасан шунга қарамай
вағир-вуғур айтишар ялла
ёқмаса-да тинглайсан атай
Айтгил, қулоқ тутасан қачон
чечакларнинг шивирлашига?
Мен ҳам яшнаб, порлаб турай деб
Сен улардан тортиб олмоқни
ёқтирганинг жилва суртмишлар
қуритишар миянгда не бор
тақлид қилар экан, ишонгунг:
мени комил қилурлар такрор
Хайр дебон эрк тамғасига,
Қачон ахир қулоқ тутасан
ул сайроқи қуш нағмасига?
###
Азза Ал-Вакил
(Миср)
Сенинг оҳангларинг
Неча ошиқларга берганман изн
Ҳузуримда туриб айтмоққа изҳор.
Юрак торларимни кўришган чертиб,
Магар биронтаси эмас мафтункор.
Сенга қулоқ бердим бир неча лаҳза,
Озгина тингладим созинг атиги,
Оҳ, сенинг чалганинг нафис оҳанглар
Гўёки бор умрим учун татиди.
Ҳар тун янги юлдуз очилди кўкда,
Янгича ой чиқди яшнаб, чароғон,
Қалбим ҳам тобора келмиш жунбушга
Сенинг оҳангларинг чуқур, бепоён.
Тўлқиндай тебратар мисоли денгиз,
Шиддаткор шамолдай бузғунчи, тенгсиз.
###
(Инглиз тилидан Аъзам Обид таржима қилди)
(Photo from the Internet)