Ўзбекистонда оламдан ўтган шоир ва ёзувчилар, драматург ва таржимонлар, рассомлар, умуман, ижод аҳлининг мероси, номи узоқ йиллар давомида сақланиши, авлоддан-авлодга узатилиши, кенгроқ ёйилиши учун ҳозир қилинаётган ишларга қўшимча равишда яна мана бу илғор мамлакатлар тажрибасини ҳам жадал йўлга қўйишни таклиф этаман:
1. Муаллиф номига миллий ёки халқаро мукофот таъсис этиш. Халқаро бўлса, мақсадга мувофиқроқ – муаллиф номи ва мероси чет элларда ҳам оммалашади
2. Аълочи, эркин фикрловчи, илғор ўқувчи ва талабалар учун стипендиялар ёки грантлар ташкил этиш
3. Инглиз тилида халқаро антологиялар нашр этиш (кичик муқаддима ва шарҳлар билан, чет эллик ҳаёт муаллифлар қаторида вафот этган ўзбек муаллифнинг таржима қилинган асарлари киритиб борилади; йиллик, 3 йилда ё 5 йилда бир нашр)
4. Муаллиф асарлари асосида университетларда диплом ва илмий ишлар; мактаб ва университетларда семинарлар, асарлар кўргазмаси
5. Муаллиф яшаган уйда кичик уй-музей ташкил қилиш; бу масканни ҳам ўзимизникилар, ҳам чет эллик туристлар учун махсус “адабий манзиллар” номли туристик маршрутга киритиш ва экскурсиялар уюштириш
6. Муаллиф ўқиган мактаб (синф), университет ўқув биноси, кўча, хиёбон ва ҳ жойларни унинг номи билан аташ
7. Телеграм, Фейсбук канал/гуруҳларидан ташқари, муаллифнинг электрон архивларини тузиш. Энг яхши ва осон йўли: вебсайт очиш ва муаллиф ишлари, ёзувлари, хатлари ва бошқа ижодий ва шахсий ҳужжатлари, суратларини ўша сайтда сақлаш, кейин мунтазам равишда тармоқларда улашиб бориш
8. Муаллиф номига жамғарма очиш (албатта, агар муаллифдан катта молиявий мерос қолган бўлса) ва у билан боғлиқ барча ташаббуслар, дастурлар ва тадбирларни шу жамғарма орқали амалга ошириш
Биламан, бу ишларни адабиёт ва санъат мустақил бўлмаган, давлат ва уюшмалар ёрдамига кўз тикилган Ўзбекистонда тезда ё бирданига қилиб бўлмайди. Бунинг учун жиддий, мустақил махсус жамоа, волонтёрлар, яхшигина маблағ ва тегишли бошқа ресурслар лозим, қоғозбозликка чидаш керак, ҳар хил қовоқбошлар қабоғига қараш ва ҳоказо нарсалар ва тўсиқлар, муаммолар бўлиши табиий. Аммо мақсади аниқ ва жипслаша, бирлаша олган, эркин, илғор жамоага бу нарсалар ҳеч! Шундай жамоа борми?
Агар таклифларим маъқул бўлса, халқаро/хорижий муносабатларга оид қисми учун масъулиятни бемалол зиммамга оламан.
Аъзам Обид