AННА ЛОМБАРДО (Италия)
Анна Венецияда (Италия) яшайди. Шоир, таржимон ва маданият фаоли. Венециядаги Ка’ Фоскари университетида ўқиган, Ирландия пойтахти Дублиндаги Тринити коллежида докторлик даражасини олган. “Ҳатто балиқлар ҳам сархуш”, “ Баҳонага йўқ ўрин”, “Оппоқ қўллар ила”, “Етишмайди недир гоҳида” каби бир нечта шеърий китоби нашр этилган. Анна Ломбардо “Орзуларга ишонганлар бор”, “Пандемия таржималари”, “Венециядан то Венециягача”, “Палабра кундалиги” номли баёзларга муҳаррирлик қилган. У кўплаб халқаро ва миллий адабиёт фестивалларида иштирок этган. “Глобал Райст” халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик қилади. Шоирлар Лоуэлл, Ҳиршман, Луссу ва Пасолини асарлари таржимони. Аннанинг шеърлари жуда кўп тилларга таржима қилинган, газета ва журналларда босилган. 2009 йилдан буён “Палабра эн эл мундо” халқаро шеърият фесивалининг Венециядаги директори. У яна “Планета шоирлари” халқаро ҳаракати асосчиларидан бири.
Анна Ломбардо шеъри
“Беҳуш” китобидан
Ва ногаҳон пайдо бўлди ул –
Бир муҳташам зебо капалак.
Бул телбалик ичра у буткул
Чақин мисол шеърдай жонсарак.
О, бунчалар қисқа ҳаёти,
Мурда, суяк, бадбўй – унга ёт,
Ётдир инсон бузуқ сироти,
Очиқ қанот, қадимий фарёд.
Эргашамиз, сал юмшаган дил,
Ёқимлигим, қайга солдинг йўл,
Тўхтаб қолма, лазиз шамойил,
Бўлсин нафис парвозларинг мўл.
Қайта эслат: жамил бу замин.
Қолгани ҳам тинч бўлсин. Омин!
###
КОЛИН КАРБЕРРИ (Мексика)
Колин Карберри Канаданинг Торонто шаҳрида таваллуд топган, болалик йилларини эса Ирландиянинг Лонгфорд графлиги Ланесборо шаҳарчасида ўтказган. Айни пайтда рафиқаси ва икки қизи билан Мексикада яшамоқда. У тўртта шеърий тўплам, жумладан, яқинда босилган “Арвоҳ ўлка: танланган шеърлар” китобининг муаллифидир. Шунингдек, Колин “Муҳаббатнома” номли ишқий мавзудаги шеърлар ва мексикалик машҳур шоир Ҳайме Сабинес асарлари таржимони саналади. Шеър ва таржималари турли антологиялар, журнал ва газеталарда босилган, шеърлари жуда кўп тилларга ўгирилган. Колин Карберри ўз ижодидан намуналарни Америка, Босния, Канада, Ирландия, Мексика, Сербия ва Словениядаги радио, ТВ дастурларида, китоб ярмаркарлари, элчихоналар, фестиваллар, қамоқхоналар ва олий ўқув даргоҳларида кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этган.
Колин Карберри шеърлари ўзбек тилида Мўъжизайди йиқилмай учмоқ, Қўшниларнинг кўзида ҳайрат. Айлан атроф митти боғ, ўтлоқ, Бобом қувнар – “Балли, азамат!” http://azamabidov.uz/?p=3859
###
МОҲИР ЎЗТОШ (Тукрия)
Ёзувчи, шоир, замонавий турк адабиётининг таниқли вакили, Моҳир Ўзтош 1951 йили Истамбулда туғилган. Тасвирий санъат академияси меъморчилик факультетини битирган. Саудия Арабистонида архитектор бўлиб ишлаган, Европа, Осиё ва Шимолий Америкага саёҳат қилган. 2004 йилда АҚШдаги Айова халқаро ёзувчилар дастурида қатнашган. “Унут кукунлар” номли илк шеърий тўплами 1983 йили нашрдан чиққан. “Ой кузатиш қўмитаси” ҳикоялар тўплами Саид Фоиқ номидаги мукофотга лойиқ кўрилган. Турли йилларда қатор роман ва ҳикоялари жамланган “Қўрқув ўйини”, “Совутиш”, “Бир орзуни тўйдириб”, “Руҳ эгизин излаюр”, “Биз қўпорган тупроқлар” каби китоблари босилган. Юнус Нади мукофоти соҳиби. Яқин орада ёзган асари Истамбулдаги машҳур Тақсим майдонига бағишланган.
###
Элис Сун-Куа шеъри
Сўзлар ила
(Имо-ишора сирларини ўргатган Маделейнга бағишлов)
Товушлар
сассиз бўшлиққа
қафаслангани боис
у менга бу тонг
қувонч тўғрисида
тўлиб-тошганича
қўлларини чумчуқлардай
чаққон тебратиб
имо-ишоралар ила сўзлайди.
Ўтган кеча оҳорли
яшил кўйлагин кийиб
топ-тоза бўлманинг
нохуш нурлари остида
чўзилган панжарани
мақкам тутди
ҳаддан ортиқ сокин.
Бўлма унинг майин
чинқириғидан уйғониб кетди.
Мумсифат ёғли
юмшоққина боши
энкайгани учун
ичидаги суви қўзғалди.
Ёшлари –
томоғим тубига
тиқилган товушлар,
дераза ойнасига суркалган
қуш қанотлари.
Бугун тикиламиз бир-биримизга
оппоққина тоза чойшаблар узра,
кулги тушиб кетар
қўлларимиздан: бармоқлар ёйилган,
кафтлар очиқдир. Унинг бармоқлари
юракка тегар, айлантирар ҳавони.
Қанотлар патиллагани
Қулоғим остида жаранг-жаранглар.
###
КИРАН БҲАТ (АҚШ/Ҳиндистон)
Киран Бҳат – ҳинд-америкалик ёзувчи, саёҳатчи ва полиглот. У “Биз қаровсиз дунё аҳлимиз” қисқа ҳикоялар тўплами, жаҳонга машҳур “Жирар” (www.girar.world сайтида келтирилган) ҳикоялар туркуми ҳамда “Тиллар ичра мулоқот” номли кўп тилли шеърият антологияси муаллифи сифатида танилган. У яна беш тилда китоблар нашр этган ва ишлари “The Caravan”, “Оutlook India”, “Sahitya Akademi”, “The Kenyon Review”, “Prairie Schooner”, “The Brooklyn Rail”, “The Colorado Review” каби журналларда нашр этилган. Киран 153 мамлакатга саёҳат қилган, дунёнинг 25 шаҳрида яшаган ва 12 тилда сўзлаша олади. Ҳозир у Мумбайда истиқомат қилиб, у ерда Глобал Ҳиндистон кенгашининг Атроф-муҳит барқарорлиги қуйи қўмитасига ҳамраислик қилмоқда.
###
МАРИЯ ФИЛИПОВА (Болгария)
Мария Болгариянинг Бургас вилояти Ситово қишлоғида таваллуд топган. 90-йиллар бошида Тошкентда ўқиган, рус филологияси факультетини Болгарияда тамомлаган. Мариянинг болгар ва грек тилларида «Капалак қаноти», «Кунчиқар тубида», «Эътиқод» ва «Қушлар учун тож» китоблари чоп этилган. У бир қанча чет эллик ижодкорнинг шеър ва ҳикояларини маҳорат билан болгар тилига ўгирган ва нуфузли адабий мукофотга сазовор бўлган.
Ҳозир тарихий Пловдив шаҳрида яшамоқда. “Ўзбекистонда Ёзувчи/рассом резиденцияда дастурининг илк иштирокчиси”, у 2019 йили Пловдивда ўзбек ижодкорлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон адабиёти ва санъати ҳафталигини ўтказган. Мария “Ўзбекистон – эртагим менинг” номли асарини ёзди, “ИМЕОН” нашриёти уни болгар тилида нашр этди. Китоб рус тилига таржима қилинган.
###
РАШИДА ИСМОИЛИЙ АБУБАКР (АҚШ)
Шоира, драматург ва ҳикоянавис Рашида Исмоилий 1941 йили Ғарбий Африкада жойлашган Бенинда туғилган. 60-йилларда у киндик қони томган порт шаҳри Котонудан Нью-Йоркка кўчиб ўтган. Африка санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш баробарида Рашида Исмоилий бадиий ижод соҳасида ҳам сезиларли ишлар қилган, тўртта шеърий тўплами, романи, америкалик адиб Ленгстон Ҳьюз ва сенегаллик ёзувчи Марияма Ба тўғрисидаги очерклари нашр этилган. Асарлари чет мамлакатларда ҳам босилган, кўплаб пьесалари саҳналаштирилган. У шеърларини мусиқий асбобларга жўр оҳангда ифодали ўқишни йўлга қўйган. Ҳар гал Нью-Йоркка борсам, Рашида аяни кўришга борардим. Энди ўзи бизни кўришга Ўзбекистонга келмоқда!
Рашида Исмоилий шеъри
Читтак
Ҳар ёнда сукунат
йўқ қилт этган шабада
кескинлик
ўқитилган симлар
кенгликда чўзилар
дайди итлар изғир,
мушуклар ўғринча кезинар
шох-шаббаю улов остида
ҳурпайганча таталайди ер.
Бош устида
Сарғимтир қушлар
Туссиз осмон
Тинчини бузар
Чинқириб.
Чил-чил бўлар пиёла
полга урилиб.
Мари-Флора хоним
букар тиззасин,
совуқ чимчиларкан кетини
қўнишиб олар.
Мари-Флора излар эшигин
ташқарига чиқмоқчи бўлиб
тойилиб кетар чуқур ичига.
Тепада ҳануз
сарғимтир қушлар
талпинади хира самога
эсанкираб
қулаётган дарахтни олади қуршаб.
Жимжит-жимжит
насимдан ном йўқ
ҳаво қотиб қолган
бўғиқ қичқириқ
оғриқларга чирмаб ташланган.
Замин силкинади
одамзод не қиларин билмай
кўтариб уради ўзини.
Қушлар дарбадар.
Шамолсиз
чайқалиб-чайқалиб
қулайди пастга.
###
СОНЯ МАНОЙЛОВИЧ (Ҳорватия)
Соня 1948 йилда Ҳорватия пойтахти Загребда таваллуд топган. Загреб университетида фалсафа ва қиёсий адабиётшунослик бўйича таҳсил олган. 23 та шеьрий китоб муаллифи, биринчи китоби 1965 йилда нашрдан чиққан. Ҳаёти давомида у радио, журнал, газеталарда муҳаррир бўлиш билан бирга Ҳорватия ёзувчилар жамияти раҳбари сифатида фаолият юритган. Шеьрлари турли антологиялардан ўрин олган, 20 дан ортиқ тилларга таржима қилинган. Инглиз, француз, поляк ва румин тилларида сараланган шеьрлари Варшава ва Бухарестда ҳам чоп этилган. У бир нечта адабий мукофотларга сазовор бўлган, жумладан, ҳорват шеьрияти ривожига қўшган ҳиссаси учун Япония, Ҳиндистон, Россия ва Греция мамлакатларидан “Бадиий ижод соҳасидаги аъло ютуқлари учун” мукофотини олган. Соня Манойлович Колумбия, Венесуэла, Никарагуа, Македония, Франция, Хитой ва бошқа мамлакатлардаги йирик халқаро шеьрият фестивалларида фаол қатнашган.
Соня Манойлович шеъри
Қуёш ўрнида
Ниҳоятки, бўлдим ғужанак
Тўрт фаслнинг хуш даврасига
Кириб олдим ўрмалаб шу чоқ,
Ўзни ҳатто қулфладим ҳалак,
Китобга лиқ тўла девор-ла
Ўлтирибман қароқма-қароқ,
Сабаб: очқич посбони бўлмиш
Жоду кампир келмас парвога,
Уйғоқманму ва ёки ухлоқ.
Ёритгичдан ҳеч қолмаган қарз,
Нур чиқмиш жой фақат ичкари,
Хайриятки ахири тамом
Менга кўчмиш ёруғлик бари.
Ясуҳиро Ёцумото шеъриятидан
1
Қадам қўй тоғ ичига
шунда тоғ
вужудимга келади кириб
2
қоятош
енгил-елпилигин кўтарар
самонинг
само-чи
тишин-тишга қўяр
қоятош – қаттиқ
ҳилпирайди қанотлар
3
тер мунчоқлари
маъбад устинда
япроқ учларида
шудринглар
томчи ичра қобиқ
бул баҳор
4
мох устида
бармоқ учлари
кўзлар юмуқ
уйғоқ
ўрмонлар
5
йўлда
кетиб бораман
кузатаркан
орқа тарафим
6
бу тизма
аёлга менгзар
чалқанча ётган
қишлоқжойнинг
момиқ терисин
эркалатиб ўйнар қароқлар
7
каккуқуш
вақт бўлди-ку
дея лиқиллар
само узра
тарқалур долға
8
баҳрга қўшилур
тоғлар
абрлар
қайиқ узоқларга
бормоқда сузиб
қандоқ теран сирт!
9
ҳавода суврат
чеки кўринмаган
доира
барг сузмоқда
яйраб ичинда
###
НУРДУРАН ДУМАН (Туркия)
Шоира, драматург, таржимон, журналист, куратор, Нурдуран Истамбул техника университетини тамомлаган. Бир нечта шеърий ва таржима асарлар муаллифи. Китоблари АҚШ, Македония ва Бельгияда ҳам босилган. 2005 йили Жемал Сурея номидаги мукофотга лойиқ кўрилган. “Истамбул қадамлари” китоби 2019 йили Хитойнинг Боа халқаро мукофотини олган. “Учишдан аввал” номли пьесаси Туркия театрларида саҳналаштирилган, ҳозир Бурса давлат театрида қўйилмоқда. Нурдуран ўқув юртларида бадиий ижод, театр санъати, адабий психологиядан дарслар ўтади. Унинг “Нурдуран билан шеърият кечаси” номли алоҳида кўрсатув-лойиҳаси ҳам бор. У Туркия ПЭН-клуби, Европа адибларининг “Версополис” уюшмаси ва “Планета шоирлари” ҳаракати аъзосидир.
Нурдуран Думан шеъри
Осмонимиз бор
туш ичра, тағин бир уйқу ичинда
бир эшик очилур,
ёпилур қара:
ситора
боқ, самонинг бурмаларида
чуқур-тиниқ кесик жойларни
енгилгина
бичиб ташламиш
кўринмас игна
ўзимизнинг осмонимиз бор
кемалари кўздан,
киприклардан қанотларимиз
нигоҳлар тўқнашса
учамиз такрор
қаҳқаҳанинг шаклларига
бул ҳаётнинг
тамом ўзгача
раддияларига
қилурмиз амал
мукаммал
###
ЮСУКЕ МИЯКЕ (Япония)
Юсуке 1969 йили Токиода туғилган. Танка, ҳайку ёзади. Япон шеърияти ўтмиши ва келажагини ўрганишга қизиқади. Бир нечта шеърий китоби нашрдан чиққан, халқаро тўпламларга киритилган. 2012 йили танка жанридаги шеърият танловида олий мукофотга лойиқ кўрилган. У танка ва сюрреализм, сунъий интеллект ва шеърият мавзуларини ёритган. Ўтган йили қишда у Ўзбекистонга келиб, жуда ёқтириб қолди! Кўпроқ адиблар ва ўқувчилар билан танишмоқчи, биратўла қўшни давлатларни ҳам кўрмоқчи. Қўшни дўстлар билан ҳам таништириб қўйдим.
Юсуке Мияке шеъриятидан намуналар
***
Шамол ўлган
паррак нақш солади
кўкка тенгма-тенг
***
Зарпечак –
эгаси қолдирган
битта картон уй
***
Қопқоғини очса
угра идишнинг
иссиқ ҳовур турар
***
Димиққан ҳаво –
ҳам Ли, ҳам Сакума
маҳв этилган.
(Наусоке Ли ва Сёзан Сакума Йокогама портини очишда жонбозлик кўрсатган, аммо консерваторлар иккисини ҳам ўлдирган)
***
Орқа жин кўчани
шарбат ичмоқ учун
жой қилса бўлур
###
КРИСТОФЕР ОКЕМВА (Кения, Африка)
Шоир, ёзувчи, Кистреч халқаро шеърият фестивали директори. Кристофер Киси университетида адабиётдан сабоқ беради. “Сабина ва махлуқнинг сири” номли новелласи 2015 йили Канаданинг Африка адабиёти учун таъсис этган Бурт мукофотини олган. “Ёмғирқиз Сабина” асари ҳам машҳур. Кристофер Окемва бир нечта халқаро антология тузган. Уларда ковид, умид ва тиришқоқлик, ижтимоий адолат, уруш ва тинчлик ҳақидаги шеърлар жамланган. Яқинда Кристофер Шарқий Африка ва унга қўшни мамлакатлар шоирларини жамлаб, яна бир гўзал баёз тузди. Унинг 10 та шеърий китоби, Кениядаги “абагуси” номли этник гуруҳ ҳақидаги эртаклари, битта ҳикоялар тўплами, болаларга бағишланган олтита китоби нашр этилган. К.Окемва Туркия, Вьетнам, Тайвань, Шимолий Ирландия, Англия ва Бирлашган араб Амирликларида ижодий кечалар ва фестивалларда иштирок этган.
Кристофер Окемва шеъри
Уруш – бу…
Уруш – бу палағда тухумга менгзар
ёрилса,
таратар нохуш ис
уй ва кўзларимиз ўнгида
Қўлга олиб оёқларимиз
бурнимизни ёпганча маҳкам
ортимизда қолдиради из
ёшга тўлиқ қароқларимиз
Қадамлар ҳам сўнар кун сайин
Чўкиб кетар замин қаърига
бўяларкан қонли изларга
аждодларнинг руҳи, суягин
битта-битта қиламиз дафн
Ва улардан қолган зўр ирфон
тупроқ ила ёпур оломон
Жужуқларнинг орзуларини
Ортқилаймиз бир кул шаклида
Шамолларга учирамиз бот
юм-юм йиғлаб тўзон фаслида
Авлодларнинг, набираларнинг
Тоза руҳин, о қандай увол,
Чиқар экан дарё бўйига
тутатамиз тамаки мисол
###
ПАТРИШИА БЕРНАРД (Австралия)
У 1942 йили Австралиянинг Мельбурн шаҳрида туғилган. Ёзувчининг “Дарбадар” романи Австралиядаги нуфузли “Ауреалис” мукофотининг “Энг яхши роман” номинациясига номзод асарлар рўйхатидан жой олган. У дунёнинг деярли ҳамма мамлакатида бўлган. Нашр этилган 80 дан ортиқ китоби асосан ана шу саёҳатлари асосида юзага келган. “Фордлар ва учар машиналар”, “Уч ой афсонаси” каби китоблари ҳам жуда машҳур. Эврил Туроннинг “Ойнур” романи инглизча таржимаси муҳаррири. У Ўзбекистонга икки марта келган. Айни пайтда Лос-Анжелесда юрибди. Узоқлигига қарамай, учта учоққа чиқиб, дунёнинг энг пастидан яна юртимизга учиб, улкан ижодий тажрибасини бўлишмоқчи, самимий меҳримизга тўймоқчи. Болаларбоп ҳикоялари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
Патришиа Бернард шеъри
Маликаи раққоса
Хиром айлар қизгина,
Нафис ҳаё тажассум,
Таъзим айлар, бош силкир,
Лабларида табассум.
Мунча нақшин дўпписи,
Жилвалари созгина,
Атлас кўйлак эгнида
Гир айланар қизгина.
Тўлқин мисол тошгайдир,
Зимдан солар назар у,
Ром айлайди, тебранар,
Маликага менгзар у.
Қувнар ўзбек қизалоқ
Миллий қўшиқ мавжида
Жўр бўлишга шай қизлар,
Лек бир ўзи авжида.
Меҳмонжонлар кўнглини
Завқу шавққа тўлдирар,
Қароқлари қоп-қора
Мунчоқдайин ялтирар.
Тилло ковуш оёқда,
Жойдан жойга кўчар у,
Капалакдек ёзиб қўл
Самоларга учар у.
Мунча қора сочлари,
Ўрим-ўрим, жингалак,
Нозли-нозли қадами,
Қомати мисли малак.
Гупур-гупур юраги,
Олқишлар олар нуқул.
Ўзбекнинг маликаси,
Раққоса фарзанди ул!
###
Решма Рамеш шеъри
Жимжитлик
Жимжитлик – денгиздан бир тишлам,
қурум босган девор,
ишқий хотира ул эт битаётган.
Жимжитлик –
тўпиққа ҳам чиқмас саёзлик,
намозшомги нур
қалдирғоч уясига кўмилаётган.
Жимжитлик –
ҳовуз устидаги буғсимон бўса
жиққа ҳўл ва тугал бўлмаган ҳали
Жимжитлик –
очликни тоғликлар тараф
узатгувчи қанот, бўм-бўш, шубҳали
Жимжитлик –
шундайин ажиб дарвоза
худди китоб мисол нафис очилур,
шеър каби ёпаркан табақаларин
ифори ҳар тараф нурдай сочилур.
###
АЛЕКСИС БЕРНО (Франция)
Алексис Берно шоир, таржимон, мусиқачи, 1977 йили Парижда туғилган. “Magellan & Cie” нашриётида ишлайди. “Муаллақ тонг”, “Олов қаъридаги кўзгу”, “Мармар довон” номли китоблари чоп этилган. Шеърлари чет эллардаги баёзларда ҳам нашр этилган. Жэк Ҳиршман, Ян Бойден, Марго Бердешевский, Роберт Брингҳурст, Эрл Ловелас асарларини французчага таржима қилган. 2023 йили Франция Пен-клубининг таржима соҳасидаги мукофотини олган.
Алексис Берно шеъри
Юрак тевараги
Бул юракнинг ҳар тарафинда
кўз илғамас муз девори бор
жилоси йўқ кўзгулар мисол
юрак ўзни англаган очун
ўзни билмоқ келмагай малол
музлаб нобуд бўлмаслик учун
бул юракнинг ҳар тарафинда
кўзгу каби бор битта устун
ўз аксини қидирмиш юрак
англамоқни истаб ўзликни
ишқ-меҳрининг ёниқ тафтидан
эриб-эриб кетмоғи керак
Ва шул эрур юракнинг умри
кўзгусимон сувларнинг оппоқ
эриб битаётган музларнинг
ҳеч чегара билмас аксида
қатъият-ла ўзликни топмоқ
Шу тариқа ўша устунлар
билинтирмай эрийди чак-чак
сабабини билмасмиз асло
билиш бизга эмасдир бешак
###
МАРК МАКЛЕОД (Тасмания ороли)
Марк болалар ёзувчиси, муҳаррир, Чарльз Стерт номли университет катта ўқитувчиси. У Австралияга қарашли Тасмания штати пойтахти Ҳобарт шаҳрида яшайди, Тасмания ёзувчилар маркази (TasWriters) раҳбари. Марк Маклод Австралия ва дунёнинг турли мамлакатларида болалар адабиёти, Австралия адабиёти ва бадиий ижоддан сабоқ берган. У ижодий фаолиятининг катта қисмини нашриётларда ишлаб ўтказган. Масалан, у машҳур “Рэндом Ҳаус” нашриёти директори бўлган, “Ҳетчет Австралия”да ноширлик қилган. Бундан ташқари, “Walker Books Australia”, “University of Queensland Press”, “Omnibus Books” каби нашриётларда турли лавозимларда ишлаган. Марк Маклеод болаларга бағишланган теле- ва радиокўрсатувлар, газета ва журналларда тез-тез чиқиш қилиб, ёшларни мунтазам китобга меҳр қўйишга чақиради. У бирмунча аввал Австралия болалар китоб кенгаши президенти бўлган, болалар адабиётини ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун кўплаб мукофотларга лойиқ кўрилган. 2023 йили Марк “Storygig” номли Тасманиядаги биринчи болалар ҳикоячилик фестивалига асос солди. Унинг болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган кўплаб асарлари, сурат-безакли китоблари чоп этилган. Яқинда чиққан китоби “Сирли қайиқ” деб аталади.
Марк Маклеод шеъри
Соҳилда
Ортиб шул қайиққа ғилу ғашликни,
Сўнг суриб юборинг қирғоқдан нари,
Қумда қурмаймизми қўрғон ва қаср
Унутиб тамоман уруш, жангари.
Айлан атрофига қазамиз ҳандақ,
Бехатар бўлгуси бор дўсту ёрон,
Денгиз тўлқинига беролмаса дош
Уни қайта қурмоқ мумкин ҳар қачон.
###
БОЯН АНГЕЛОВ (Болгария)
Боян 1955 йили Болгариянинг Панагюриште шаҳарчасида туғилган. София университети фалсафа ва болгар филологияси факультетини тамомлаган. 1998-2005 йилларда Швейцарияда яшаб, ижод қилган, докторлик илмий даражасини олган. 21 та шеърий китоби нашр этилган, асарлари инглиз, немис, рус, испан, итальян, чех, хитой, украин, араб ва кўплаб бошқа тилларга таржима қилиниб, чет элларда босилган. У “Болгар адиби” номли нашриёт директори, шунингдек, 2014 йилдан буён Болгария ёзувчилар уюшмасининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Боян Ангелов шеъри
Меҳроб
Улар мени тиқмай тандирга,
Жондай қадрлигим, олиб кет
Юрагимни ўзинг-ла бирга,
Кўкс тўлдириб олсин ул нафас,
Не учунким кўп вақтдан буён
Азобланар: руҳ – оловқафас.
Ёнишига бермагил изн,
Ерга йиқилмаслигин тила,
Шафқат нима ҳеч билмайди ўт,
Ер ўлим ва нонга ҳомила.
Очмиз, тўйдиролмас нон, эсиз,
Ўлим эса очкўз ва хасис.
Улар мени ёқмай туриб жим,
Қадрлигим, олиб кет руҳим.
###
ЛАНА ДЕРКАЧ (Хорватия) Шоира, ёзувчи Лана Деркач 1969 йили Хорватиянинг Пожега шаҳрида туғилган. Загреб университети фалсафа фаеультетида ўқиган. Шеър, ҳикоя, романлари жамланиб, 15 та китоби Хорватия ва чет элларда нашр этилган. “Ўлим манзилномаси”, “Чанг маёғи”, “Сояларни қувиб”, “Самога эгалик”, “Марҳумлар қўноғи”, “Парвоналар нонуштаси” каби асарлари машҳур. “Здравко Пужак”, “Духовно Храске”, “Винум э Поэта, “Ристо Раткович” каби мукофотларни олган. Руминия, Македония, Малайзия, Никарагуа, Мексика, Бельгия, Морокко, Швеция, Ҳиндистон каби мамлакатларда ўтказилган адабиёт фестивалларида фаол қатнашган. Асарлари 20 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Шеърлари ЮНЕСКОнинг “Поэтикал Бабилон” ҳамда Чили ва Хорватиянинг “Дубровник узра шеърлар ёмғири” махсус лойиҳаларига ҳам киритилган.
Лана Деркач шеъри
Паспортсиз тинчлик
Тинчлик – олам кезгувчи сайёҳ.
Жомадонни тахт қилар осон,
Одамлар ва ерни этар тарк.
Каттакон юк қолдирар гоҳ-гоҳ.
Гўё, яна қайтиб келар у,
Кетар чоғи берган ваъдаси
То амалга ошгунча ҳатто
Ўтиб кетар йиллар тўдаси.
Жимлик ичра қолдирар бизни,
Ё сўзлардир недир бир хилда,
Сергак тортиб шунда барчамиз
Чулдираймиз бошқача тилда.
Тинчлик – қўним билмас кўчманчи,
Масофалар унга эмас чўт,
Кимдир айтур: ўзгартир жойни,
Қай жойдадир топар у камфўрт.
Уруш ила тинчлик икковлон
Гоҳ қотирар, бўшатар аста
Вақтимизнинг мурватларини
Тинчлик – худди механик уста.
У яна шеър битгувчи шоир,
Тилин уйғун ҳаракатлари
Тўлқинларга улашур наво,
Ҳайвонларга юмшоқ парқудай
Қияликлар ясайди гоҳо,
Оғочларнинг таналарини
Уқалайди шамолни чорлаб,
Авжи палла ёмғир мавсуми
Тинчлик офтоб қонунларини
Ичимизга ёза билади,
Қоидалар тизар қаторлаб.
Чегарани ўтар паспортсиз,
доғда қолар божхоначилар,
У гўёки момогулдирак
Чақнаганда само очилар.
Лек аслида қайдадир бир-бир
Қазиб олган тинчликни кимдир.
###
НЕШЕ ЯШИН (Кипр)
Неше Яшин Кипр пойтахти Никосияда туғилган. 26 йилдан буён у Кипр университети туркшунослик бўлимида тил ва адабиётдан сабоқ бериб келмоқда. “PIK” ва “ASTRA” радиоканалларида ижодий дастур ҳам олиб боради. Туркиядаги “Бир кун” газетасига мунтазам равишда мақолалар ёзиб туради, айни пайтда Кипрдаги “Енидузен” газетаси билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. 9 та шеърий китоби, битта романи босилган. “Нурбоғ”, “Тунгги атиргул”, “Жунжиккан қушлар”, “Қирғин ёшлари”, “Сумбул ва наргис” каби китоблари машҳур. Ижодидан намуналар қирққа яқин тилга таржима этилиб, чет элларда нашр этилган. Неше Яшин дунё бўйлаб кўплаб адабиёт фестивалларида қатнашган. У Кипр расссомлари ва ёзувчилар уюшмаси ҳамраиси ҳисобланади. Бир нечта адабий мукофот, жумладан, “Европа ватандошлари мукофоти” соҳибаси.
Неше Яшин ижодидан
Шеъриятнинг етти дарвозаси
ı.
Ташқарига назар ташлар-у
Ичкарини кўрар ҳамиша
Янус – ул маъбуди шеърият
II.
Бу шеърларни битдим
эшитай деб ўзимни
шундоқ шовқинда
III.
Бемалол қичқиринг
пинагини бузмас асло шеър
IV.
Шунчаларки кетгансиз узоқ
Шеърдан бошқа қайга сиғдирай?
V.
Сўз кимнидир маҳв этарди
Заҳар мисол руҳга тарқалган
VI.
Қўзғолон бошланур
лаблардан
VII.
Энди қўлга олгандим қалам
ёниб кетди саҳифам эсиз
###