Бошпит алмаштиришга йўлга чиқди. Ҳеч йўқ Россияга кенжасини кўргани борса асқотар-ку, ўзиям юраги эзилиб кетди. Шақир-шуқур «Дамас»да лақиллаб етиб борса, идорада одам лиқ экан. Ҳайриятки советлар замони азонда сутга чиқиб навбатга турганда қўлга навбат рақамини ручка билан ёзиб қўйишганидай расмга тушиш нўмери билан санасини ёзиб қўйишмади билагига. Фалон ойдан кейин келасиз, дейишди. Борди. Аммо махсус аппаратнинг сезги ва кўриш қобилияти анча паст шекил. “Бармоғингизни кўрмаяпти. яхшилаб ювиб, бошқа куни келинг”, тўнғиллади ойимтилла. Ўчоққа қора қумғонни тиклаб, обдон сув қайнатди. Бармоқлари қадоқ-қадоқ, чизиқ-чизиқ, дағал-дағал бўлди. Ғишт парчаси билан қаттиқ-қаттиқ ишқалаб ювди, сал оқарганга ўхшади. Идорадаги аппарат бузуқ чоғи, яна бармоқ изларини кўрмади, чигит қадаб, пахта терган қўлларни кўролмади. Янгироқ ғишт парчаси тағин ишга тушди. “Аёл бўлмай мен ўлай” деди ичида у. Учинчи бор деганда аппарат қўл изларини топди. Бармоқлар силлиққина, момиққина кўринди. Ана энди кенжасини кўришга борса бўлар.
© Кичик ҳикоялар туркумидан – 2015