Бу қора либос собиқ қайнатамдан эсдалик. Ҳажда кийганингизни беринг, деб ўзим сўраб-тилаб олганман, аранг тортиқ қилган. Ҳар баҳорда ҳилпиратиб киярдим. Бу эса ҳинд юртидаги анжуманда бангладешлик кекса сўфи ҳадя қилгани. Ҳамманинг кўз ўнгида устидан ечиб, каминага кийгизган. Яшил ибодат либосим бўлди у саратонларда. Сариқ ва кулранг бу иссиқ жемперни чет эллик курсдошим ўқишни тугатиб, уйига кетаётганда совға қилганди. Армия генерали бўлмиш дадасиники экан. Салқин куз айёми ҳеч эгнимдан тушмайди. Бунисини қаҳратондан соғ-омон чиққин, деб отам ташлаб кетган. Қиш бўйи ичимдан кийиб юраман.
Қизининг тарафини олиб, мени қаттиқ айбситган қайнатамнинг куйлагини аразлаб, қайтариб берганман. Сариқ-кулранг жемперни беозор бир дўстимга илингандим, у ноҳақ қамалиб кетиб, генераллар зулмини тортяпти. Отамнинг иссиққина ҳадясини қаҳратонда ўғлимга илиндим. Яшил тусли узун сўфий куйлак узоқ сафарга чиққанимдагина очиладиган чемоданда туради. Ҳар гал уни кийсам, аҳли оилам кулгани-кулган: Румийга ўхшамоқчимисиз, сизга ярашмаяпти. Кошкийди, дейман. “Ким бўлсанг ҳам кел, кел” дея ҳайқириб, шу яшил либосни кийганча гир-гир само рақсига тушсам, бутун дунёни яшилликка чулғасам, этаклари билан қирғинларни ёпсам, кўзёшларни аритсам, қалбларга тинчлик, тинчлик, тинчлик уруғларини сепсам, деб орзу қиламан.
© “Кичик ҳикоялар” туркумидан – 2015