“Ўлим лабиринти”ни ўқиб

Шерзод Комил Халилнинг «Ўлим лабиринти” китобини Қоҳира ва Доҳага учаётган учоқларда мазза қилиб ўқиб чиқдим. Оқсувдарё ҳикоялари, десаям бўлади. Қаҳрамонлари жонли, ранг-баранг, тили равон, сюжетлари ҳам жуда қизиқ. Ачинарли, ғамгин тақдирлар ҳақидаги китоб.

Баъзан ҳамма ҳикояни табиат тасвири билан бошлаш кўзга ботади. Баъзи воқеаларга ишониш осонмас. Масалан, ўлим талвасасида оғзига сув томизиб турилган чол узун маҳзун ҳикоя айтиб бериши ва ё Европага санаторийга борган шифокор у ерда дарров ишли бўлиб қолиши…

Китобни ўқирканман, бугунги реаллик ҳам киритилсайди унга, деб кутдим. Ҳикояларни озроқ “сиёсийлаштириш ва танқидийлаштириш” имкони бор экан.

Шерзод ҳали катта ёзувчи бўлади, деган умиддаман. Модомики, ўлим шарбатини тотмай илож йўқ экан, ҳақиқатни баралла айтиб қолиш керак.

Ёзувчининг муқовадаги бир оз бўрттирилган ихчам таржимаи ҳолини, Америкада чиққан китоби-ю халқаро мукофотларини ўқиб, кулиб қўйган эсам-да, унинг Оқсувдарё бўйларида қолиб кетмаслиги, халқаро адабиёт майдонига шахдам жисмонан чиқиши, чет эллардаги фестиваллар ва резиденцияларда қатнашиши, эркин сўз айтишини истайман. Бунинг учун нима қилиш кераклигини билади деб ўйлайман. Яна яхши китоблар кутаман ундан.