Қатар пойтахти Доҳадан салом ва самимий дуолар йўллайман!
Форс кўрфази жанубий қирғоғидаги Доҳа ичкарисига кирилса, чўл зоналар бошланади, икки қаватли уйлар кўп, Маҳаллаларда дарахтлар, гуллар кам. Аммо махсус қурилган ям-яшил, гуллар яшнаб турган парклар бор. Йўл бўйларида чечаклар сероб. Аэропортга яқин маҳалладаги бир уй олдига райҳон ҳам экилибди. Асаларилар нектар йиғиб юрибди!
“Катара” Доҳадаги йирик маданият маркази экан: амфитеатр, санъат галереялари, кафе-ресторанлар, меҳмонхоналар, масжид, кўргазма заллари, араб отлари мусобақаси ўтказиладиган кенг ҳудуд, пляж, ва ҳоказо кўнгилочар масканлар.
Зинадан тепага кўтарилиб, бутун ҳудудни, кун ботишини томоша қилдим.
Ҳаммангизга хайрли, гўзал, завқли сафарлар насиб этсин!
Бу инсталяцияни қандай номлаган бўлардингиз?
Планетариумда Аҳмад ал Фарғонийни йирик мусулмон олимлар қаторида кўрсатишганидан шодландим.
Махсус тарозига чиқиб, турли планеталардаги вазнингизни билиб олсангиз бўлади. Ойга чиқсам атиги 14 кг, Юпитерда эса 200 кг тош босарканман ????
Танишинг: Заҳро Гулшан! Эронлик куратор (санъат асарлари кўргазмаси ташкилотчиси) Доҳада форс-тожик рассомлари асарлари кимошди савдоси билан машғул. У билан Фирдавсий, Ҳофиз, Хайёмлар ҳақида гаплашдик.
Ўзбекистонлик рассомларни халқаро ҳамкорлик босқичи ва дунё бозорига чиқишлари учун Заҳро билан боғлашни истайман. Заҳро Гулшан Доҳада кураторлик қилаётган кўргазмага таниқли форс-тожик рассомларининг асарлари қўйилган. Нархлар тахминан 5000 дан 100 000 долларгача.
Доҳа кўчаларининг номлари жуда гўзал: Фирдавс, Равза, Мадина… Метросида учта йўналиш бор: қизилига чиқилса, марказий хиёбонлар-у бозорларга элтади. Метро ичи кенг, шифти баланд, вагонлари озода ва қулай.
Доҳадаги бозор асосан кечки пайт гавжумлашади. Ширинликлардан тортиб тўти ва қуёнгача сотиб олса бўлади. Хушбўй зираворлар, сувенирлар, сархил мевалар, ҳунармандлар растаси торкўчалар бўйлаб чўзилган.
Қатар аҳолиси тахминан 3 миллион, атиги 200 минги асли қатарлик, қолганлар ҳинд, бенгал, покистонлик ва бошқалар. Одамлар жуда самимий ва дўстона муносабатда экан, савол берсангиз табассум-ла батафсил тушунтиришади, йўл кўрсатишади.
Меҳмон уйимизда поляк, ҳинд, филиппин ва инглизлар билан танишдим, ака-укадай бўлиб кетдик. Гоҳ ўз ҳаётларидан қизиқ воқеа сўзлашади, гоҳ шоирлигимни билиб шеър ўқитишади, ўзлари ҳам ўқишади, кечқурун сайрга чиқамиз, бирга овқат тайёрлаймиз. Ҳаммалари “биродар” дейишади. Бу ҳайдовчининг исми Блесс экан, биринчи куни маҳаллада тентираб юрган пайтим текинга манзилимга элтиб қўйди.
Танишинг: Моника! Поляк рассоми ва мусиқачи. Доҳада галерея-устахонаси бор. Ўзи Истамбулда яшаб ижод қилади. Рассом-резидент сифатида Доҳада ўтадиган кўргазмасига тайёрланяпти. Шавкат Музаффар шундай резидент сифатида Хитойда бир ой яшаганини эсладим.
Рассом, куратор, умуман ижод одамлари учун дунё бўйлаб яхши имкониятлар борлигини эсингизда тутинг, интилинг, ариза топширинг, дунё кўринг, эзгу орзунгизга етинг.
Ёшлигимда кўп футбол ўйнаганман, энди фақат дарвозабонликни эпласам керак. Қачон, қаерда жаҳон чемпионати бўл(иши)ганини билмайман. Футбол ишқибозлари учун тушдим бу суратга.
Доҳа йўлларида ҳайдовчиларни “хавфсизлик камарини тақволинг”, “машина ҳайдаркан телефонда гаплашманг” деган огоҳлантириш таблоларига кўзингиз тушади. Трамвайига гап йўқ!
Инсон ўтар пайтида “нега табиатни, одамларни кўпроқ яхши кўрмадим-а, нега кўпроқ саёҳат қилмадим?” дея афсусланармиш. Узоқ ўлкага отланиш шартмас, бормаганимиз вилоят, тарихий қадамжолар, қўшни мамлакат ҳам бир дунё завқ беради одамга.
Яхши ният, ҳаракат ва тўғри режа қилинса, озроқ жамғаришни ўрганилса, бутун дунёни айланиб чиқса бўлади. Бошлаволиш керак холос. Масалан, шанба-якшанба кунлари автобусга ўтириб Хўжандга бориб-келишга атиги икки кишилик тушликнинг пули кетса керак.
Илоё сизларгаям сермазмун саёҳатлар насиб этсин, йўлларингиз очилсин!
Доҳа, Қатар, январь, 2025 йил