Мишель Ўзбекистонда

Ҳонгконгда яшайдиган, асли австралиялик дўстим Мишель Гарнау Ўзбекистонга келди. У Бухорода ўтадиган замонавий санъат кўргазмаси (биеннале)да қатнашади.

Мишель — Шанҳай халқаро адабиёт фестивали асосчиларидан бири ва тадбиркор аёл. У билан ўтган йили Ҳонгконг халқаро адабиёт фестивалида танишган, бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар билан уйида меҳмон бўлгандим.

“Резиденция дастуринг нима бўлди?” – сўради у. “Тўхтатдим” – дедим. “Бунақа шароит ва муҳитда тадбиркорга айланибгина бир иш қилиш мумкин шекил. Қолаверса, ҳукуматда ҳам сени қўллайдиган кимдир бўлмаса қийин.”

Менда эса на униси, на буниси бор. Аслида, бу ерда зарур лойиҳалар муҳокама қилинадиган платформанинг ўзи йўқ, борларида эса халқ йўқ. Ҳалол, шаффоф иш ва муҳит яратаман деганлар эса бўғилиб, адойи тамом бўлади.