АЛИШЕР НАВОИЙ ХАЛҚАРО АДАБИЁТ ВА ИЖОДИЙ АЛМАШИНУВ ТАШАББУСИ

Мазкур ташаббус профессионал мулоқот, таклиф ва ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш мақсадида жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

Ушбу ташаббус Алишер Навоий меросини стратегик “маданий соябон” – турли ижодий йўналишларни бирлаштирувчи умумий концептуал асос – сифатида қўллаб, Ўзбекистон адабиёти, замонавий бадиий ижодини халқаро майдонга олиб чиқиш ҳамда ижодий туризмини ривожлантиришга қаратилган очиқ ва концептуал таклифдир. Матн мулоқот, фикр алмашиш ва ҳамкорликка очиқ ҳолда эълон қилиниб, давлат ва нодавлат институтлар, халқаро ҳамкорлар, донорлар ва манфаатдор томонлар билан профессионал муҳокама бошлашни мақсад қилади. Ҳужжат тайёр дастур эмас, балки амалий ечимлар, институционал механизмлар ва қадамма-қадам ривожланиш йўлларини таклиф этувчи ишчи концепция сифатида тақдим этилмоқда.

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ХАЛҚАРО АДАБИЁТ ВА ИЖОДИЙ АЛМАШИНУВ ТАШАББУСИ

АЛИШЕР НАВОИЙ ОРҚАЛИ ЖАҲОН АДАБИЙ МАЙДОНИГА ЖАДАЛ ҚЎШИЛИШ

Ўзбекистонда адабиёт, халқаро адабий алоқалар ва ижодий туризмни ривожлантириш бўйича институционал стратегиялар

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, соҳага тегишли вазирликлар, ҳокимиятлар, халқаро ва миллий маданий ҳамкорлар, бизнес одамлари ва йирик компаниялар, донор ташкилотлар учун амалий таклиф

 

Ташаббуснинг қисқача мазмуни

Ўзбекистон бадиий ижод, адабиёт ва санъат соҳасида бой, ранг-баранг ва кўп қатламли меросга эга. Юртимизда мумтоз адабиёт, замонавий шеърият ва наср, тасвирий санъат ва бошқа ижодий йўналишларда юзлаб йиллар давомида шаклланган улкан маданий хазина мавжуд. Бироқ ачинарли томони шундаки, Навоий асарлари ва умуман ўзбек адабий меросининг жуда кичик қисмигина (баъзи баҳоларга кўра, ҳатто бир фоизга ҳам етмайдиган қисми) жаҳон ҳамжамиятига тизимли ва барқарор тарзда етказилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ижодкорларининг чет эл билан тизимли мулоқот қилиши, таржима қилинган асарларнинг халқаро муҳокамаси, нашр этилиши ва тарғиб қилиниши учун барқарор платформалар мавжуд эмас. Мамлакатда бирорта расмий Халқаро ижодий резиденция, Халқаро ижод уйи, ҳар йили ўтказиладиган Халқаро шеърият фестивали ёки Халқаро ёзувчилар анжумани шаклланмаган. Ўзбек ижодкорларига дунёга чиқиш, чет элларда танилиш, асарларини нашр эттириш, кўргазмалар ташкил этиш, халқаро китоб ярмаркалари ва фестивалларда қатнашиш, халқаро ёзувчи ва рассомлар резиденцияларига бориш ҳамда узоқ муддатли ижодий алоқалар ўрнатиш бўйича йўл-йўриқ кўрсатувчи институт ёки механизм етишмайди.

Мазкур ташаббус ушбу тизимли бўшлиқни тўлдириш учун Алишер Навоий меросини стратегик маданий ва институционал соябон сифатида қўллашни таклиф этади. Навоий — жаҳон миқёсида тан олиниши зарур бўлган адабий шахс сифатида Ўзбекистон адабиёти, замонавий бадиий ижоди ва ижодий туризмини халқаро майдонга олиб чиқиш учун табиий ва ишончли воситадир.

Таклиф этилаётган институционал механизмлар Навоий асарларини таржима ва тарғиб қилиш билан бирга, замонавий ўзбек шоирлари, ёзувчилари ва таржимонлари учун ҳам халқаро интеграция, профессионал ўсиш ва ижодий алмашинув имкониятларини яратади. Шу билан бирга, мазкур стратегия Ўзбекистонни халқаро адабий ва ижодий туризм марказларидан бирига айлантириш салоҳиятига эга.

 

  1. Муаммо ва контекст

Жаҳон адабий майдонида муваффақият фақат истеъдод ёки бой тарих билан белгиланмайди. Глобал миқёсда тан олинган адиблар — Гёте, Сервантес, Шекспир ёки Румий — ижодининг дунёга тарқалиши:

  • махсус институтлар,
    • ривожланган таржима ва нашр экотизимлари,
    • халқаро академик ва адабий тармоқлар,
    • йирик фестиваллар, ижодий резиденциялар ва анжуманлар,
    • узоқ муддатли ва изчил маданий сиёсат
    орқали таъминланган.

Ўзбек адабиёти, хусусан Алишер Навоий ижоди, буюк салоҳиятига қарамай, ҳозирга қадар асосан миллий ёки минтақавий доирада қолиб кетмоқда. Натижада Навоий билан бирга бутун ўзбек адабий ва бадиий макони жаҳон адабий муомаласида етарли даражада иштирок этмаяпти. Бу ҳолат нафақат мумтоз мероснинг жаҳон миқёсида тўлиқ танилмаслигига, балки Ўзбекистоннинг замонавий адабий жараёнларининг ҳам глобал маданий алмашинувидан четда қолишига олиб келмоқда.

 

  1. Ўзбекистондаги асосий тизимли муаммолар

2.1. Халқаро платформаларнинг йўқлиги
Таржима, муҳокама, нашр ва тарғиботни бирлаштирувчи доимий халқаро платформалар мавжуд эмас.

2.2. Ижодий мобиллик механизмларининг етишмаслиги
Халқаро резиденциялар, халқаро ижод уйлари ва алмашинув дастурлари йўқлиги ижодкорларни глобал жараёнлардан узиб қўймоқда.

2.3. Институционал вакилликнинг мавжуд эмаслиги
Хорижда ўзбек адабиёти ва санъатини тизимли тарғиб қилувчи расмий институтлар мавжуд эмас.

2.4. Маросимий ёндашув устунлиги
Қисқа муддатли тадбирлар реал адабий инфратузилма яратмайди.

 

  1. Алишер Навоий – “стратегик соябон

Алишер Навоий Ўзбекистон учун глобал даражадаги ягона адабий бренд бўла олади. Унинг мероси остида:

  • мумтоз адабиёт,
    • замонавий шеърият ва наср,
    • таржима,
    • тасвирий санъат ва бошқа ижодий йўналишлар

халқаро аудиторияга ягона ва тушунарли концепция асосида тақдим этилиши мумкин.
Навоий атрофида яратиладиган инфратузилма замонавий ижодкорлар учун кўприк, майдон ва мактаб вазифасини бажаради. Шу боис Навоий мероси асосида шакллантириладиган инфратузилма нафақат рамзий, балки амалий жиҳатдан ҳам Ўзбекистон ижодкорлари учун жаҳон адабий ва маданий майдонига кириш эшиги бўлиб хизмат қилади.

 

  1. Таклиф этилаётган институционал ечимлар

4.1. Ўзбекистонда бирор шаҳар UNESCO адабиёт шаҳри мақомини олиши (масалан: Навоий/Қўқон)

Бу мақом Ўзбекистон адабиёти ва замонавий ижодкорларини глобал тармоққа боғлайди ҳамда ижодий туризм учун янги имкониятлар очади.

4.2. Йиллик халқаро адабиёт ва шеърият фестиваллари

Фестиваль Навоий ва замонавий ўзбек адабиётини жаҳонга таништириб, ҳар йили юзлаб хорижий ижодкорлар, нашриётлар ва адабиёт ихлосмандларини Ўзбекистонга жалб этади.

4.3. Халқаро ижодий резиденциялар

Ижодий резиденциялар ёзувчи, шоир, таржимон ва рассомларнинг Ўзбекистонга келиб, маҳаллий муҳитда яшаши ва ишлашига имконият яратади. Бу ижодий туризмнинг энг самарали шаклларидан бири ҳисобланади.

4.4. Хорижда Алишер Навоий институтлари

Бундай институтлар ўзбек адабиёти ва санъатининг доимий халқаро вакилига айланади.

 

  1. Амалга ошириш бўйича ёндашув

Таклиф этилаётган лойиҳалар давлат, донорлар ва мустақил маданий ташаббуслар ҳамкорлигида босқичма-босқич амалга оширилади. Ушбу ёндашув узоқ муддатли барқарорлик ва халқаро ишончни таъминлайди.

 

  1. Мавжуд салоҳият ва тажриба

Сўнгги йилларда амалга оширилган мустақил ташаббуслар — инглиз тилига бевосита таржималар, халқаро адабий ҳамкорликлар ва резиденция дастурлари — қуйидагиларни кўрсатди:

  • Ўзбекистонга халқаро қизиқиш мавжуд;
    • халқаро лойиҳалар қилиш учун амалий тажриба шаклланган;
    • институционал қўллаб-қувватлаш бўлса, лойиҳалар тез кенгайтирилиши мумкин.

Ушбу тажриба таклиф этилаётган стратегия учун мустаҳкам ва ишончли асос бўлиб хизмат қилади.

 

  1. Кутилаётган натижалар
  • Навоий мероси асосида Ўзбекистон адабиётининг глобал танилиши;
    • Алишер Навоий асарларининг сифатли ва тизимли таржималари;
    • Навоий номи ва асарларининг, шунингдек, замонавий ўзбек адибларининг жаҳон адабий дастурлари, китоб ярмаркалари ва фестивалларида барқарор иштирок этиши;
    • замонавий ўзбек шоирлари, ёзувчилари ва таржимонларининг жисмонан халқаро майдонга чиқиши;
    • профессионал таржимонлик ва адабий таҳрир мактабининг шаклланиши;
    • Ўзбекистоннинг халқаро маданий имижининг мустаҳкамланиши;
    • ижодий ва адабий туризмнинг ривожланиши;
    • узоқ муддатли маданий дипломатия инфратузилмасининг яратилиши.

 

  1. Молиялаштириш модели ва хусусий сектор иштироки (давлат – донор – бизнес ҳамкорлиги)

Мазкур ташаббусларни барқарор амалга ошириш учун аралаш молиялаштириш модели таклиф этилади.

8.1. Молиялаштириш манбалари

  • хусусий сектор ва ҳомийлик маблағлари;
    • қисман давлат бюджети ва мақсадли дастурлар;
    • халқаро донорлар ва грантлар.

8.2. Бизнесни жалб этиш механизмлари

  • солиқ имтиёзлари;
    • ҳомийлик харажатларини ижтимоий инвестиция сифатида тан олиш;
    • “Адабиёт/Маданият ҳомийси” ёки “Навоий мероси ҳамкори” мақомини жорий этиш.

 

8.3. Барқарорлик

Ташаббуснинг барқарорлиги қуйидагилар орқали таъминланади:

  • давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг институционаллашуви;
    • халқаро адабий ва маданий тармоқларга тизимли интеграция;
    • маҳаллий ижодкорлар, таржимонлар ва муҳаррирлар салоҳиятининг босқичма-босқич ошиши;
    • таржима, нашр ва интеллектуал маҳсулотлар орқали шаклланадиган барқарор даромад манбалари;
    • халқаро грантлар ва ҳамкорлик дастурларида доимий иштирок;
    • инсон капиталига инвестиция (таълим, устозлик, малака ошириш дастурлари);
    • шаффоф бошқарув ва халқаро стандартларга мос молиявий механизмлар;
    • маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар билан узоқ муддатли стратегик келишувлар;
    • миллий маданий инфратузилма билан уйғунлик ва ўзаро тўлдирувчи фаолият.

 

  1. Амалга ошириш механизми ва бошқарув модели

Таклиф этилаётган стратегияни амалга ошириш учун гибрид бошқарув модели назарда тутилади. Ушбу модел давлат институтлари, халқаро донорлар ва мустақил профессионал ижодий ташаббусларни бирлаштириб, ҳар бир томоннинг ваколати, масъулияти ва иштирок даражасини аниқ белгилашга асосланади.

Гибрид модел давлат тузилмаларининг институционал қўллаб-қувватлаши ва легитимлигини, донор ташкилотларининг молиявий ва эксперт салоҳиятини ҳамда мустақил ижодий ташаббусларнинг амалий тажрибаси, халқаро алоқалари ва инновацион ёндашувини уйғунлаштиради.

Бошқарув жараёни очиқлик, шаффофлик, профессионаллик ва натижага йўналтирилганлик тамойиллари асосида ташкил этилиб, қарор қабул қилишда халқаро стандартларга мос механизмлар қўлланилади.

 

9.1. Бошланғич ташаббус ва мувофиқлаштириш

Мазкур ташаббус мустақил профессионал тажрибага эга ташаббускор гуруҳ (UzLAB) томонидан бошланган бўлиб, кейинги босқичда у давлат ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда институционал шаклга келтирилиши кўзда тутилади.

Бошланғич босқичда:

  • лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш ва пилот дастурларни ишга тушириш;
    • халқаро адабий ва таржима тармоқлари билан алоқаларни йўлга қўйиш;
    • резиденция, фестиваль ва таржима дастурларининг механизмларини синовдан ўтказиш;
    • донор ва ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш
    амалга оширилади.

9.2. Институционал ривожланиш босқичи

Пилот босқич муваффақиятли якунлангач:

  • нодавлат нотижорат ташкилот, фонд ёки марказ ташкил этилиши;
    • ёки мавжуд давлат/маданий муассаса қошида махсус мувофиқлаштирувчи тузилма яратиш мумкин.

9.3. Асосий тамойиллар

Ташаббус қуйидаги асосий тамойиллар асосида амалга оширилади:

  • очиқлик ва шаффофлик;
    • халқаро стандартларга мос менежмент;
    • профессионал танлов ва меритократия;
    • ижодий эркинлик ва сиёсий нейтраллик;
    • натижага йўналтирилганлик;
    • операцион ва ижодий мустақиллик;
    • ҳамкор томонлар тарафидан бевосита бошқариш, мажбурий кўрсатмалар бериш ёки ижодий жараёнларга аралашмаслик тамойили.

Ташаббус давлат органлари, халқаро донорлар ва бошқа ҳамкорлар билан очиқ ҳамкорликка асосланган ҳолда амалга оширилса-да, унинг кундалик фаолияти, ижодий йўналишлари, дастурий қарорлари ва мазмун сиёсати мустақил профессионал бошқарув доирасида шакллантирилади.

Ушбу ёндашув ташаббуснинг холислиги, ишончлилиги ва халқаро нуфузини сақлаш, шунингдек, Ўзбекистон адабий ва бадиий соҳасининг эркин, барқарор ва узоқ муддатли ривожига хизмат қилишни таъминлайди.

 

Хулоса

Алишер Навоий меросини жаҳон адабий майдонига олиб чиқиш — бу фақат мумтоз меросни тарғиб қилиш эмас, балки Ўзбекистон адабиёти ва ижодий туризмининг келажагини қуриш стратегиясидир. Навоий ушбу жараёнда “стратегик соябон” (бирлаштирувчи маданий концепция) вазифасини бажаради: унинг остида замонавий ижодкорлар етишади, ўсади ва дунё билан тенг мулоқот қилади.

Агар адабиёт ва санъат институционал, иқтисодий ва халқаро жиҳатдан қўллаб-қувватланса, Ўзбекистон жаҳон маданий ҳамжамиятида нафақат бой меросга эга, балки тирик, очиқ ва жозибадор ижодий марказ сифатида танилади.

Ушбу стратегия мавҳум ғоя эмас, балки аллақачон синовдан ўтган мустақил тажрибалар, мавжуд халқаро алоқалар ва амалий механизмларга таянган ҳолда дарҳол бошлаш мумкин бўлган реал дастурдир.

 

  1. Институционал мувофиқлик ва ҳамкорлик тамойили

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, унинг таркибидаги фондлар, Алишер Навоий номидаги халқаро жамғарма ёки бошқа давлатга алоқадор адабий ва маданий муассасаларнинг фаолиятига қўшилиш ва такрорлашни мақсад қилмайди.

Аксинча, ушбу ташаббус айнан халқаро адабий алоқаларга йўналтирилган, амалий ва очиқ ҳамкорликка асосланган мустақил ва эркин платформа сифатида таклиф этилади.

Ташаббуснинг асосий мақсади – халқаро адабий алоқалар, таржима, халқаро ижодий алмашинув ва маданий дипломатия соҳаларида қўшимча имкониятлар яратишдан иборат.

 

  1. Якуний қисм: Ташаббускор ҳақида

Мазкур сиёсий-амалий ҳужжат муаллифи ва ташаббускори — Аъзам Обид, шоир, таржимон ва халқаро адабий лойиҳалар ташаббускори.

Муаллиф сўнгги йилларда:

  • Алишер Навоий ва ўзбек адиблари асарларини инглиз тилига бевосита таржима қилиш ва нашр эттириш;
    • хорижий ёзувчи, шоир ва таржимонлар билан адабий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш;
    • Ўзбекистонда мустақил халқаро ижодий резиденция ва адабий алмашинув ташаббусларини йўлга қўйиш;
    • Навоий ва ўзбек адабиётини халқаро анжуманлар, фестиваллар ва академик муҳитда таништириш йўналишларида катта амалий тажриба тўплаган.

Муаллиф ушбу ҳужжатда таклиф этилган стратегияни амалга ошириш учун бошланғич профессионал жамоани шакллантириш, пилот лойиҳаларни ишга тушириш ва кейинчалик давлат ҳамда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда институционал моделга ўтишга тайёр эканини билдиради.

Мазкур ташаббус шахсий амбиция эмас, балки Ўзбекистон адабиёти ва бадиий ижодининг халқаро ривожи йўлидаги мустақил, очиқ ва ҳамкорликка асосланган таклиф сифатида илгари сурилади.

 

Контактлар:

Аъзам Обид
Email: azamjon1974@gmail.com
Phone: +99890 3707758
Website: http://azamabidov.uz/