Каримберди ака ва Нобель

Мен Каримберди акадай ўз ижодини фаол тарғиб қилаётган ва китобхонлар қўлловига эришаётган бошқа бирор ўзбек ижодкорини деярли кўрмаяпман. Келинглар, уни янада қўллаб-қувватлаймиз! Самарқандда кичик китоб ярмаркаси ўтказиш, имзо кунлари ва мушоиралар ташкил қилиш, умуман китоб тарғиботи билан шуғулланиш – бу жуда гўзал ва жуда керакли иш.

Афсуски, бундай ташаббуслар ҳали кенг тус олгани йўқ. Ёзувчи ёки шоир китоб ёзади, аммо кейин уни китобхонга қандай етказишни билмай қолади. Ношир китобни нашр этади, лекин унинг ўқувчисини топишда қийналади. Бу эса адабиётимиздаги энг катта бўшлиқлардан бири.

Бизга ҳозир айнан мана шундай юзма-юз мулоқотлар, тирик учрашувлар, жонли адабий муҳит керак, кўпроқ ва янада кўпроқ. Китобхонлик маданияти айнан шу йўл билан шаклланади.

Ўзи китобхонликни ривожлантириш дегани, аслида, китоб ўқишга меҳр қўйишдан ташқари, танқидий ўйлаш, ноқулай, нозик саволларни беришни ўрганиш дегани: ўзимизга, бошлиққа, ҳукуматга.
Шу билан бирга, биз фақат маҳаллий доирада қолиб кетмаслигимиз керак. Бизга маҳаллий, миллий билан бирга халқаро китоб ярмаркалари, адабиёт фестиваллари, ёзувчи ва таржимонлар учун резиденциялар зарур. Нега энди бирор шаҳримизни (мен Навоий шаҳрини таклиф қилганман, ҳатто ҳокимга хат ҳам ёздим, ҳали жавоб йўқ) ЮНЕСКОнинг “Адабиёт шаҳри” мақомига олиб чиқмаслигимиз керак?

Яна бир муҳим масала – ёшлар. Камина кабиларга ўхшаганлар учун халқаро майдонга чиқиш йўлларини қадамба-қадам ўргатадиган платформалар зарур. Бу – фақат шахсий ютуқ эмас, балки миллий адабиётимизнинг келажаги масаласидир.

Каримберди ака бир изоҳида: “бирор асаримни таржима қилинг, Нобелга ҳаракат қилиб кўрамиз”, деб ёзди. Бу гап менга жуда маъқул – жасур, самимий ва катта орзу билан айтилган фикр. Лекин Нобелга етиш йўлидан озроқ хабардор одам сифатида айтаман: бу биргина китоб таржимаси билан ҳал бўладиган масала эмас. Бу – узоқ, тизимли ва машаққатли жараён. Энг муҳими эса – ёзувчининг ўзи халқаро майдонга чиқиши, жисмонан иштирок этиши, ўқувчи ва муҳит билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиши.

Камина АҚШда хитойлик нобел мукофоти совриндори Мо Ян билан бир ой яшаганман. У инглиз тилида яхши гапира олмасди, доимо таржимон билан юрарди. Аммо у аллақачон 30 йил аввал Хитойда ҳам, халқаро майдонда ҳам танилган эди. Нега? Чунки унинг атрофида уни дунёга олиб чиқадиган тизим бор эди: таржимонлар, адабий агентлар, ҳомийлар ва энг муҳими – ватанининг қўллови.

Хўш, бизда-чи? Қайси ёзувчи ё шоирнинг шундай ҳомийси бор? Агар ҳомий бўлмаса, ким ўз устида ишлаб, тил ўрганиб, хусусан инглиз тилини эгаллаб, мустақил равишда дунёга чиқяпти? (Каминадан ташқари) ким халқаро ижодий имкониятлар борлигини тушунтириб, амалда кўрсатяпти? Ачинарлиси, деярли ҳеч ким.
Шу билан бирга, менинг эшигим очиқ. Агар Каримберди ака ёки Набижон Боқийни дунёга танитишда кўприк бўлишга тайёр ҳомийлар, ҳамкорлар чиқса – мен уларнинг асарларини таржима қилиш, халқаро фестиваллар, китоб ярмаркалари ва резиденцияларга олиб чиқишга тайёрман. Мени топиш қийин эмас.
Аммо энг тўғри ва энг самарали йўл – адибларимизнинг ўзлари ҳам ҳаракат қилишидир. Ақалли мулоқот даражасида инглиз тилини ўрганиб, жисмонан дунё саҳналарига чиқиш – бугунги кунда нафақат имконият, балки заруратдир! Ҳаммага омад!

(Сурат ёзувчининг Фейсбук саҳифасидан олинди)