Ассалому алайкум, Баҳром оға!
Холислик ҳақидаги мақолангизни ўқидим. Шунга ўхшаш мавзуда аввалроқ ёзганларимни тайёрлаб қўйдим, бир танишиб чиқарсиз. Умуман олганда, фикрларингизга қўшиламан. Фақат, тарафма-тараф бўлиб ва ё қуруқ ён олиш билан нохолислик муаммосининг на олдини олиб, на ҳал этиб бўлади. Иллат илдизини кўпроқ ўзимиздан қидирсак, ўзимизни ислоҳ қилсак, кучлироқ, жипсроқ, эркинроқ, дадилроқ бўлсак арзийди.
Ҳалима Аҳмад ва Саломат Вафо ҳақида яхши гапларни ёзибсиз. Бир куни кичикроқ даврада Ҳалима опадан сизгаям халқ шоири унвонини беришсин, бошқалардан кам эмассиз, деган луқма ташлагандик, “Мен халқ учун нима қилибман? Унвон олган фалон шоир ўзбегим учун жон фидо қиляпти ахир, менга йўл бўлсин” қабилида жавоб берганди. Шоирамизнинг яхшилигиям шунда: беҳуда умид қилмайди. Янги ёзган бирон шеърини “Фейсбук”ка қўйиб, шеърхонларга улашаман, десангиз, ҳадеганда кўнмайди, аввал яхшироқ гонорар берувчи бирон газета ё журналда чиқса, кейин бошқалар билан баҳам кўрилса, ана унда майли, дейиши мумкин. Шоирамиз ўз ижоди ва меҳнатининг қадрини баланд тутади, қойил қоламан.
Бир ёзувчимиз рўзғор ташвишлари бўлмаганда, зўр асарлар ёзган бўлишини айтиб қолди. Аслида, кўпинча ташвишлар ичида яхши асарлар битилмайдими? Зўр ёзиш учун зўр иштиёқ ҳам керак. Ҳақиқий ёзувчи-шоир дегани халқнинг асл тарихчиси дегани-ку.
“Фейсбук”да ўзини кўпинча “бечора ёзувчи” деб таърифлайдиган Саломат Вафо бошқа кўплаб ўзбек ижодкорлари билан солиштирганда, иқтисодий жиҳатдан у қадар қийналиб яшамаса керак, деб хаёл қиламан. Ҳартугул, “бечора” деганда фақат иқтисодий аҳволнигина назарда тутади, деб ҳам бўлмаса керак. Мундоқ файласуфона ўйлаб қараса, Яратганнинг азимати олдида “бечора” бўлмаган ким бор? Охирги пайтларда маиший муаммоларига ўралашиб қолгани, уюшмадан ўчиришгани, ТВда чиқаришмаётганига қарамай, ижоддан тўхтамаяпти, қаддини букмаяпти, мардонавор олға кетмоқда, барака топсин! “Нурзамон.уз” сайтига мунтазам материаллар қўйиб, уни бойитиб бормоқдаки, рўзғор ташвишлари букиб қўйган, ўзлари ҳам кўпам фаолликни ёқтиравермайдиган ижодкорлар бу борада, истаса, ундан ўрнак олса бўлар.
Сиз холис баҳо деганда Саломат Вафо ё Ҳалима Аҳмадга халқ ёзувчи-шоири унвонини бериш ё давлат эътибор қаратишини, Ёзувчилар уюшмасига қайта тикланишини назарда тутмоқдасизми? Эркинликка нима етсин! Аксар ижодкорлар уюшмага аъзо бўлиш учун жонини жабборга беради, алҳазар. Эркин Аъзамнинг 90-йиллар бошида ўтган қурултойда сўзлаган нутқига кўз ташлаб қўйишса яхши бўлармиди. Умуман, беҳуда умидворликдан қутулмоқ вақтидир ҳозир! Саломат Вафо истаган тадбирида қатнашяпти, лозим топса, сўзга чиқиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашяпти; энг муҳими унинг очиқ минбари ва кўплаб ўқувчилари бор. Ижтимоий тармоққа балли!
Афсуски, ўзбўларлигимиз, тарқоқлигимиз ортидан ички-ю ташқи кичик хуружларга дош беришга, ақал бир-бирини ҳимоя қилишга ҳолимиз йўқ. Шоиру ёзувчиларимизнинг аксари узлатга чекинганга ўхшайди. Замон билан ҳамнафас эмас. Бирон адабий тадбирга аранг қулоғидан тортиб олиб келасан. Ўтириб чиққан ва ё илгари сал мухолиф қарашда, аммо шу шаҳар, шу заминда яшаётган ёзувчи-шоирлардан хабар олиш тугул, яқинлашишга қўрқади, ўзини олиб қочади. Аксар ижодкорларимиз анчагина хавотир ва ўзининг эски қобиғи ичида яшамоқда, худди “Ғилоф бандаси”га ўхшаб: бир кор-ҳол бўлиб қолмасайди!
Дейлик, чет элдан бир ёзувчи ё шоир келса, бош муҳаррирлар тадбирга мухбир юбориб, яхши хабар ё мақола тайёрлатиш ўрнига, қизиқарли адабий тадбирлар ўтишини кўриб-кўрмаганга олади. Чет эллик деса ғалати бўламиз-эй, тавба!
Оға, мен замонавий ўзбек ёзувчиси қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги холис фикрларимни юқорида эслатганим мухтасар мақолаларимда ёзганман. Албатта, фақатгина ижтимоий тармоқларда ўзбекнинг энг яхши шоиру ёзувчилари ўз ижоди ва фикрларини бошқалар билан ўртоқлашяпти, деб бўлмайди. Техника воситаларидан фойдаланишни билмайдиган ва ё бунга қурби йўқларимиз орамизда саноқсиз. Аммо расмий давраларда кўпам кўринавермайдиган Хуршид Даврон, Абдулла Шер, Карим Баҳри сингари ижодкорларимизнинг “Фейсбук”дан янги ва яхши минбар сифатида фойдаланаётгани таҳсинга лойиқ.
Ёзувчи холис бўлишни ҳам ўзидан бошласа қани. Ўзбегимнинг шоиру ёзувчиларини ҳар доим иймони бутун, ҳар томонлама фаол, жўшқин, одил, янги ташаббусларга очиқ, жасур кўрмоқни истайман. Ва албатта, имкон қадар бир-бирини суяб, бир-бирини тўлдириб, ҳасадсиз яшаса, ўзидан рози кетади. Камина бирон ёзувчи ё шоир ҳақида хулоса, қаттиқ гап айтгим келмайди. Фақат, бир нарсага қаттиқ ишонаман: ҳар ёзувчи-шоирнинг ўз тақдири, пешонасига битилган қисмати бор. Илоҳо, шу қисмат чиройли ёзилган бўлсин!