Бизга ярашмасми?

Болалигим ортда – қилмасман қайғу,
Яшаганим ҳар он – бир қалбтарошим,
Умрим бўйи қилдим ғалати орзу –
Тезроқ бўй кўрсатса нафақа ёшим!

Ўшанда ҳар ишга дарҳол бериб чап,
Хотиржам келардим мисли болажон,
Бағрингизга кириб, ётардим ҳидлаб,
Ором олар эдим, ота-онажон.

Уқалаб оёғу елкасин майин
Оғирин олардим жигарларимни,
Миндириб юрардим отдай атайин
Чарчагунча жиян-шакарларимни.

Адолат илкидан тутган дўстки бор,
Зиёрат қилишга борардим доим,
Саййидул айёмда пойгакмас зинҳор,
Энг олдинги сафда турардим қойим.

Ҳозирча, борлигим олмангиз малол,
Гоҳо озоримдан бўлингиз рози.
Ким билар: бемаврид топмасин завол,
Балки умримизнинг бу сўнгги ёзи…

Насиб, бир кун келгум қалб, хотирим жам,
Унгача барингиз қолингиз хушҳол!
Нафақа ёшига етайлик биз ҳам, –
Бизга ярашмасми бўлмоқ нурли чол?