Сиздан кутмагандим!

Ҳамкасбимнинг ўзаро суҳбатда “Гуссарский”ни корзинка дўконидаям сотишяпти, аптекадан анча арзон, деганини эшитиб, кулгимни аранг қайтарарканман, “Сиздан кутмагандим!” деёламан ғалати бўлиб. “Вой, нега?” – давом этади у. “Агар билмоқчи бўлсангиз: Турмушга чиқмаган қизлар билан гаплашсам, тортинмай “нега эрга тегмаяпсиз?” деб сўрай оламан. Йигитим бор, деса, “ҳеч ўпишганмисиз?” деб савол ташлайман. Нима қипти ахир? Оддий савол, оддий гап. Масалан, яна ҳар гал Амстердамга борсам, Қизил фонуслар кўчасини кезаман, нафсимга ёқади шекил, бир гал бирровга бўлсин, бир жононнинг ҳузурига ҳам кирувдим, “ноиложликдан шу ишни қилиб юрибман” дейди. Ва ё Ҳалонгдаги саунада кўзи қисиқ хонимча уқаламаган жойим қолмади, Истамбулдаги турк ҳаммомида бўларим бўлди, момиққина қилиб қўйди, айниқса алоҳида хонанинг калитини чашакига тушириб юборганим ҳеч эсимдан чиқмаса керак. Қайсидир йили ишониб-ишонмай “эри”ни ҳайдаб юборган оғайничалишнинг уйига атайин қаҳва ичиш учун фалон жойдан поездга ўтириб келганимни айтайми ё? Ахир у ҳам эркак эди, қолаверса каминага ҳеч ташлангани ё ножўя қилиқ қилгани ҳам йўқ. Нима бўпти, хўш? Улар ҳам одам-ку!” Қўй-эй, дейман ёқа ушлаб, хаҳолаб кулвораман. Рости, бу гапларни ундан сира кутмагандим. Содда, писмиқдай кўрингани билан, бало экан-ку бу, тағин намозхон-у иймони бут эмиш! “Жаннатга тушадиганларни ҳам бирровгина дўзахга киритиб, шўнғитиб олишаркан, ҳов!” қўшади у яна жиддий туриб. “Сиздан умуман кутмагандим!” – портлайман кулгидан. Ҳазиллашдингиз-а?!.

(“Кичик ҳикоялар” туркумидан – 2017)