Ўзингизни ҳам ўйланг энди

Аллоҳ “Анкабут» сураси 20-оятида инсонларга қарата “Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У Зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар” дейди.

Сайр-саёҳатни севувчи одам тобора бағрикенг, тоқатли бўлиб боради. Айниқса, яқингами-узоққами, фарқи йўқ, саёҳатни одат қилиш ижодкорни ўстиради.

Тўғри, масалан, умра ё ҳажга “саёҳат” эмас, ибодат деб борамиз, аммо биринчи бор учоққа чиқиб, аэропортда турли хил одамларни учратиб, аввал ҳеч кўрмаган жойларни кўриб, қалбимизда ҳузур, тилимизда шукур ошади, олам ҳақидаги тафаккуримиз кенгаяди – бир сўз билан – яхшироқ одамга айлана борамиз.

Шу боис сизларни доим саёҳатга илҳомлантираман. Макка-ю Мадинага борган биродарлар, энди бошқа юртларни ҳам кезинг.

Бунинг энг муҳим йўли: оз-оздан бўлса ҳам ҳар ойда жамғаришни ўрганиш, тўй ва уй харажатларини кескин камайтириш. Илгари роса қийин эди, ҳозир Ўзбекистондан кўп жойларга визасиз, осон ва арзон бориш имкони бор.

Умр тез ўтиб кетади: ўзингизни ҳам ўйланг энди. “Анкабут”даги оятни ҳам.