Мен мудом дунёга очилдим илдам,
Мусофир кунларим – умримга маъно.
Соғинганми эдинг, мезбоним, дилдан –
Яна сенга келдим, хушрўй Чикаго!

Келинг, эй жўралар, қараймиз пастга
Энг баланд бинонинг чиқиб учига!
Ҳув ана кўк дарё оқмоқда аста,
Бир ёнда мавжланур Кўли Мичиган.

Ё ўтлоқ, боғларда қилайлик сайр
Парчалаб не бўлса тафаккурга ғов.
Ана “Бин” ҳайкали аксни кўрсатур –
Жисму руҳингизга боқинг, деб синчков.

Бир хаёл барибир Ўзбекистонда,
Мўл-кўл сочаверар Худо инъомин.
Илоё фикру онг ёришсин тонгдай,
Илғор ташаббуслар урчисин, омин!