Йил бошидаги резиденция дастури иштирокчилари

 

30 декабрь 2018 йил – 7 январь 2019 йил

ТошкентСамарқандНаманганУрганчХива

Иштирокчиларнинг мухтасар таржимаи ҳоли

РОЛАНД КУЛЛА 1947 йили АҚШнинг Миссури штатида туғилган. Маданият ходими, тадқиқотчи, муаллим ва маслаҳатчи сиафтида турли ташкилотларда, ўқув муассасаларида ишлаган. Ўн йилча симфония, опера ва мусиқий комедия театри хорида қўшиқ айтган, “Гилберт ва Салливан” компанияси учун безак ва костюмлар ишлаган. Архитектурага алоҳида қизиқиши туфайли Чикагодаги Гайд Парки ҳудудида жойлашган қадимий уйларни реставрация қилган. 1989 йили рассомчиликка ўқиган, 1994 йилдан буён турли кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда. Кўприклар мавзуси унинг ижодида алоҳида аҳамият касб этади. Иллинойс, Бостон, Нью-Йорк, Питтсбург ва Берлиндаги кўприкларни маҳорат билан бўяган, уларнинг суратини чизган. Роланд Кулла боғдорчилик, гул ва сабзавот кўчатлари ўстиришгаям қизиқади. Уйида катта боғи бор. Шунингдек, у волонтёр сифатида ҳар йили ўз уйида ўнлаб мамлакатлардан келган туристлар, меҳмонларни қабул қилиб, улар билан умрини янада сермазмун ўтишини таъминлайди. Яқинда бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳам унинг уйида меҳмон бўлиб қайтишди. Вебсайти: https://www.rolandkulla.com/

Шоира, маърифатпарвар РАНУ УНИЯЛ 1962 йили қадим Ҳиндистоннинг асосий маданият маркази саналган Лакнау провинциясида туғилган, Ҳиндистон ва Буюк Британия олийгоҳларида таҳсил олган. “Тубсизлик узра” (2006), “Декабрь қўшиқлари” (2012) номли шеърий китоблари нашр этилган. 2018 йил декабрда яна бир китоби босилди. Ҳиндистонлик ижодкор аёллар ва инглиз ёзувчиси Маргарет Дрэббл ижодига бағишланган алоҳида китоблари ҳам чиққан. Ҳозир у Лакнау Университетида ёшларга сабоқ бермоқда. Шеърлари, адабий мақолалари Ҳиндистон ва чет мамлакатлардаги адабий нашрларда, жумладан, Тошкентда чоп этилган “Илонбалиқ” ва “Қуш тили” баёзларида ҳам босилган. Вебсайти: http://ranuuniyal.com

Драматург, шоир ва муаллим РАВИНДРА СИНГҲ1976 йил 1 мартда Ҳиндистонда туғилган. “Эскибозор ва бошқа пьесалар”, “Булут, ой ва қизалоқ”, “Фани ва Бана саргузаштлари” каби драма ва болаларбоп китоблар муаллифи. Ижодини 1994 йилдан бошлаган Равиндранинг шеърий ва насрий асарлари ҳам нашр этилиб, адабий мукофотларга лойиқ кўрилган. Асарлари Ҳиндистон ва чет мамлакатлардаги “National Herald”, “Navjivan, Rastriya Sahara” , “Poetry Chain”, “Green Lotus”, “Biz Buzz”, “Hindustan Times”, “Pioneer” каби нашрларда эълон қилинган.

ДАУРЕН БЕРИКҚАЖУЛИ Қозоғистонда туғилган, Алмати ва Остона шаҳарларида яшайди. Бир нечта шеърий китоблари ва қозоқ шеъриятидан инглиз тилига таржималари нашр этилган. Туркий дунё маданият ва адабиёт фестиваллари фаол иштирокчиси. Қозоғистондаги оммавий ахборот воситаларида ишлаган. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.