Мандела хиёбони

Жанубий Африкада

Ҳурлик иси юқар фаввора
Ва безанган оғоч ёнида,
Тиниқ руҳдай барг томирлари
Ҳув Мандела хиёбонида.


Қимматбаҳо отель, дўконлар
Қуллуқ қилар аҳли киборга.
(Менга эмас асли бу маъво,
Етар, чиқиб олдим баҳорга).


Дўстим, қани бунда оддий халқ? –
Ҳаётидан очиқ сўзлаб бер.
Ҳу кулбада сочи жингалак
Қизалоққа ўқиб берай шеър.


Боғбон момо силкитар қўлин,
Татиб кет, дер, нишонасидан.
Бир зум тўхта, салом берайин,
Қучиб, ўпай пешонасидан.


Қўлтиқлашиб ўтар ёш-яланг,
Жўш уради ҳурлик қонида.
Руҳим само рақсига тушар
Ул Мандела хиёбонида.