Исрофил, ҳуркитмай сурнайингни чал!

Исрофил, ҳуркитмай сурнайингни чал,
Ёлғонлар маҳв ўлсин, унсин чинлари!
Илғор ташаббус-ла уйғонсин жадал –
Кўзларини очсин, юрт ойдинлари!
Кенгликлар кутар, лек, мукофот, эъзоз,
Мадҳия – ҳаётнинг мундарижаси.
Тўрт девор ичинда машғул ва бесоз,
Қачон очилгайдур қалб даричаси?
Шижоат ухлаюр, мудрайди ғайрат,
Иблисми тебратар бешикларини?
Ҳассангизни беринг, Навоий ҳазрат,
Тақиллатиб чиқай эшикларини!
Исрофил, ҳуркитмай сурнайингни чал,
Кўзларини очсин, юрт ойдинлари!.