Сени бор дунёдан айро кўрмадим,
Ёрқин мақтовга ҳам қилмасман тоқат.
Балки заминдирсан бебаҳо, қадим,
Балки само суйган азамат хилқат.
Гап фақат шундами, ахир саодат
Қучса бўлаверар ўзга элда ҳам,
Ё илиқ жонингга етса жароҳат
Топилур беғараз қўйилур малҳам.
Балки сендалигим бахтдир бир тугал,
Қувончим ҳам балки ғашликдан бисёр.
Фақат кўнгилдан бир кулишдан аввал
Ўзни қайғу учун сезаман айбдор.
Сени бор дунёдан кўрмасман айро,
Дил ҳам бир ўлкага боғланган жонмас!
Фақат шул сўровим: кенгликлар аро
Нечун бутун олам Ўзбекистонмас?