Қуёш каби инар Рамазон,
Даричадан ўтар нарига –
Қуръон ўқир ёлғиз онажон
Кўзи ожиз болаларига.
Бир бурда нон, битта коса сут,
Тагида ўт ёнмаган қозон.
Маҳаллада бўлдими унут?
Ҳализамон айтилар азон…
Четга сурар эски пардани
Сўнгги нурга тутади Қуръон,
“Ифторликка ҳали эртами,
Ўқинг, яна ўқинг, онажон!”
Суйкалишар. Қучоқлар, кулар,
Ўпич учун тутар юзини.
Кўришмайди, дея шод бўлар
Хира тортаётган кўзини –
Онажон!
Ой нуридай инар Рамазон!