Ишқилиб!

“Президент совғалари” деган ғалати нарса урфга киряпти. Хўш, машина, уй ва бошқа совғаларни давлат раҳбари ўз чўнтагидан беряптими ва ё бюджетданми? Йилига миллионлаб солиқ тўлаймиз, ҳар сўмимизни қаёққа ишлатишини билишимиз керак, ҳеч йўқ ҳуда-беҳуда совғаларга сарфланмаса дейман! Ойга, космога учадиган ракета заводи қуринг, энг замонавий техника корхоналари очиб, иш ўринлари яратинг, миллионларимиз Ватанга қайтсин, оиласи бағрида яйрасин, шу ерда меҳнат ва ҳузур қилсин! Яна бир хавотирим шуки, бу совғаларни тарқатаётган киши бир умрлик раҳбар бўлишни ният қилмаган бўлсин ишқилиб!

Ишқилиб, совғалар…

Бир танқид сўз айтсак,
Хато, деб, тузатсак,
Қовоғин уймасми,
Ул муҳтарам бошлиқ?
Гувоҳдир панжара:
Не жонлар сўроқда,
Бўлмасму қароқда
Шодлик эмас, ёш лиқ?
Бир кўнгил ишон дер,
Ўзига осон дер,
Воҳ, эрка элим-а
Қай сори йўрғалар?
Ёлғонлар ғарқ этар,
Мард ўғлон чурқ этар:
Шахсийми чўнтакдан
Ишқилиб, совғалар?!