2004 йили Айовада уч ой яшаб, ижод қилганман. Мо Ян эса атиги икки ҳафтага келган ва дастур тугашидан аввалроқ кетиб қолганди. Инглизчада яхши гаплаша олмагани учун доим ёнида таржимони бўларди, умумий ёзувчилар даврасига кўп қўшилмаган. Лекин унинг бадиий ўқиш кечаларида қатнашганман.
Герта Мюллерни Швеция бошкенти Стокгольмда, биринчи халқаро ёзувчи ва таржимонлар конгрессида учратганман. Ўшанда таржимонлар клубимиз ва ўзбек шеърияти ҳақида тақдимот қилганман. Кейин ҳаммамиз нобелчилар тақдирланадиган тилладевор, сўлим, мозий ҳиди келиб турган Сити Ҳоллга борганмиз.
Герта Мюллер ва бошқа кўп машҳур ёзувчи-шоирлар уч йил аввал Берлинда яшаётган эди, ҳозир билмайман қайда. Ўшанда бизни адабий маршрутлар бўйича гид-экскурсоводимиз Герта хоним яшайдиган маҳаллага олиб бориб, унинг уйини кўрсатганди. Оддий, қулай, шинам уй олдида туриб, Берлиннинг глобал адабиёт марказига айланганига гувоҳ бўлгандим.
Ўтган йили айнан шу уч нобелчига хат ёзиб, резиденция дастуримизга таклиф қилганим шундай “озроқ танишлигим ва боғлиқлигим” сабабидан эди.
Таклиф биздан, келиш-келмаслигини ўзлари ҳал қилади. Умуман, ижодкорларни бу нобелчи, бу лауреат, бу фалон мукофот соҳиби, деб ҳечам ажратмаслик керак. Ҳартугул, мен учун унвон, мукофот жуда кўп ё катта нарсани англатмайди.
Кўпам танилиб улгурмаган, камтар, соддақалб, кулиб турган, бағрикенг хорижлик ижодкорнинг чекка қишлоғимиздаги бир кичик мактабда икки соатлик маҳорат дарсида ҳаётий, ижодий тажрибасини ўртоқлашиб, болажонлар қалбига илҳом, умид ва нур улашиб кетиши, нобелчиларнинг юртимиздаги ҳашаматли саройларда расмий доиралар ҳузуридагина бўй кўрсатиб, шов-шув қилиб кетишидан афзалроқ!
Бироқ, нобелчи бўлишни орзу қилаётган бўлсангиз, улар босиб ўтган йўлни, шу жумладан, дунё бўйлаб ижодий саёҳатларни, албатта, ўтишингиз лозим бўлади, эсингизда бўлсин, ўзбегим!