Я – за!
Рус мактабнинг битирувчи 9-синфи “Пулйиғди” номли Телеграм гуруҳида 39 киши: аксаримиз ўзбек, кейин рус, сўнг корейс ота-оналар йиғилган. Аслида 40 бўлиши лозим экан-у, бир ўқувчининг оилавий аҳволи ўта оғирлиги ва интернетга кирадиган телефони йўқлиги боис, қўшишмабди.
Мактабга иномаркада ишга келувчи синф раҳбарининг онлайн дарс ўтиш учун ноутбуки йўқ экан, қандай таклифларингиз бор, деган хабар ташлади ота-она қўмитаси раиси Юлечка ҳар галгидай маблаққа ишора қилиб. 10 кишича пул тўплаб, сотиб олиб беришга “за” бўлди, бир шоввоз ҳатто дарҳол хотини билан келишиб, 200 минг сўм чиқариб юборди чин дилидан.
Камина эса “йиғди-йиғди ва коррупцияга қарши курашувчи мардлар ҳам чиқадими орангиздан, нега ҳукумат мактабларни ноутбуклар билан таъминламайди, солиққа тўлаган миллионларимиз қаёққа кетяпти, сиз бир муаллимни ноутбук билан сийлаётган маҳалда чекка жойлардаги устозлар ўт юлиш, газ-чироққа пул йиғишга мажбурланаётганидан хабардормисиз?” каби узун-узун, кескин-ўткир гаплар ёзиб, онлайн тарс-турс калтак тагида қолиб кетдим.
“Ўзбекчилик”, синф раҳбарининг обрўси, иззат-икромни пеша қилганча, коррупция тугамаслиги, бутунлай йўқолиши учун биздаям Сингапурдагидай қариндош-уруққача отиб ташлаш қонуни бўлиши кераклигини эслатиб, хато-ғализ, маза-матрасиз гаплар билан оғзимга роса уришди онлайн турганлар. Тилим ва тишим қонаб-қонаб кетганига қарамай, қатъий туриб “Йўқ!” деёлдим.
“Шундай дейишга ҳаққимиз бор, муҳтарам ота-оналар! Агар биттагина шу “йўқ” сўзим синф раҳбари ё “за” ота-оналарда менга ё ўқувчи боламга нисбатан муносабатни салбий тарафга заррача ўзгартирадиган бўлса, масалани таълим вазирлиги ва ундан наригача кўтарман!” дедим-у, ўзимам офлайн бўлволдим жаҳлим чиқиб. Нечадир соат ўтиб, кўнглим бўлмай яна гуруҳга қайтиб кирсам, бир корейс ота камина ёзган хабарларни белгилаб, бошбармоқли “қойил” маъноли стикерлар юборибди. Баракалла, ўғил бола! Корейслар ўзиям зўр халқ-да, айниқса, биздан кўра Сингапурга ааанча яқин!
Қарасам, “Я – за!” деган ёзув яна биттага кўпайибди холос. Ҳе, “я за” бўлмай, маза ва тоза бўлгур! Қолганлар эса ҳалиям жим-жит: гуруҳда бор-у, бирор нарса ёзмай, фақат кузатиб ўтирувчи писмиқларни менинг ҳам жиним суймайди ҳеч, аммо тушунаман, онлайн бўлиш учунам ҳисобда доим пулинг ё қўшнининг вай-файига ўғринча уланган бўлишинг шарт!
“Нимага бу “за”, ноутбук учунми ва ё коррупцияга қарши курашишгами?” деган саволимга “За ноутбук!” деб ёзди ҳалиги рус хоним. “Жуда яхши! Баракалла! Ана, роппа-роса 10 киши бўлдингиз! Энди сизларга маслаҳатим: ноутбук олсангиз, арзонига учманг, хўпми? Онлайн дарслар ўтса бўладигани, нормальнийси ўртача 5 миллион туради, беш юз-беш юздан ташлаб, совғангизни олаверинг! Омад тилайман!” дедим-у, орқасидан яна битта гап қистирдим. “Ану қирқинчи, ҳа-ҳа, ўша ёрдамга муҳтож, айни қийналиб турган ота-онанинг контактларини, иложи бўлса, пластик карта рақамини юборинг менга, Юлечка, илтимос, яхшиси, камина ёрдамни ўша кишига қиламан!” деб ёздим ҳаммага қарата.
Бу гапимдан онлайн ота-оналарнинг нафаси ичига тушиб кетдими, ё инсоф ва ақл кирдими, икки кундан бери ҳеч ким гуруҳда ҳеч нарса ёзмаяпти. Балки прогресс учун бир қадам босилгандир: “ўзгаришни ҳозироқ ўзингдан бошлаш, ҳар хил йиғимларга “йўқ” дея олиш, беҳуда чиранмаслик ва ёрдамни энг муҳтожлардан бошлаш муҳимлигини англаш” деган қадам! Хўш, шунақа қадамга ким “за”?!
© “Митти ҳикоялар” туркумидан – 2020