# Ўзбекистонда адабиёт ва санъат мустақиллиги
Ўтган сафар ёзганим “ижодкорлар учун чет тили курслари” лойиҳасини икки ижодкор дўстимиз тез орада ишга туширишни ният қилди.
Бугун “Адабий агентлик” лойиҳаси ҳақида гаплашамиз.
Ўзбекистонда бундай тушунча йўқ бўлса ҳам, амалда унинг ишини бажариб юрган ходимлар бор, энди шу ишларни эпақага келтириш ва замонавий мустақил бир ташкилот очиш қолди.
Адабий агентлик муаллифлар (шоир, ёзувчи, драматург) учун хизмат кўрсатувчи ташкилот бўлиб, у маълум бир муаллифнинг асарини тегишли нашриёт билан боғлайди, шартнома тузади, қалам ҳақи тўғри тўланаётганини назоратга олади ҳамда муаллиф ва нашриёт ўртасидаги турли масалаларга ўртачилик қилади. Адабий агентликда ишловчи ходимларни “адабий агент” деб аталади, улар энди юзага чиқаётган, яъни ёш қаламкашларга ҳам китобхонлар орасида танилишга яқиндан ёрдам беради.
Адабий агентлар нашриёт ва бошқа муассасаларга асарни кўриб чиқиш, нашр этиш ва тарқатиш ишларига кўмаклашади. Ишнинг кўзини билган адабий агент бу соҳадаги бозорни жуда яхши билади ва муаллифларга энг тўғри йўлни кўрсата олади.
Чет элдаги жуда кўп машҳур ва ё ҳали танилмаган муаллифлар ўз адабий агентига эга, улар асар нашридан тортиб унинг тарғиботи, муаллиф билан китобхон учрашуви, чет тилларига таржимаси ва бошқа тегишли ишларни ўша агентга ишониб топширади.
Адабий агентлар яқин маслаҳатгўй сифатида муаллифга қандай қилиб китоб ёзиб, бунинг учун тегишли ҳақ олиш йўлларини кўрсатади. Гарчи чет элларда, айниқса ҳозирги кунда, “самиздат”, яъни ўз ҳолича онлайн китоб босиш урфга айланаётган бўлса-да, адабий агентлар муаллифларни энг яхши нашриёт уйлари билан боғлаётган кўприк бўлишда давом этмоқда.
Адабий агентликлар хизмат кўрсатадиган муаллифлари сонига қараб, катта ё кичик гуруҳни ташкил этиши мумкин. Кичикларини “бутик адабий агентлик” дейишади, улар уч-тўртта муаллифга хизмат кўрсатади холос. Йирик агентликларнинг болалар адабиёти, ўсмирлар адабиёти, хотин-қизлар адабиёти, наср, шеърият, чет эллардаги муаллифлик ҳуқуқи каби алоҳида бўлимлари бўлади. Дунёдаги кўплаб агентликларнинг йирик глобал уюшмалари ҳам мавжуд.
Агентлар, одатда, муаллиф асари билан танишиб чиқиш учун ҳақ олмайди. Улар иш бошлаш учун муаллифдан қисқа таржимаи ҳол, асарнинг қисқача мазмуни, кўпинча 2-3 бобини сўраб олишади.
Халқаро тажрибага кўра, адабий агент нашриёт билан шартнома тузишга эришса, у шартномада кўрсатилган сумманинг 15 фоизини иш ҳақи сифатида олади.
Агар чет элда асар босмоқчи ва адабий агент излаётган бўлсангиз, унда Сизни www.publishersmarketplace.com га йўналтираман. Лекин, яхшиси, ўзингиз Ўзбекистонда ҳам адабий агентлик очганингиз афзал. Омад!