Отам – Ҳукмдорим, Маликам – Онам!

ОТА-ОНАЖОНИМГА БАҒИШЛОВ

 

Волидам, Зоҳидам, қандай Одамсиз?

Битта кулгунгизга яшнайди само,

Мен мудом шошқалоқ, сиз зўр Чидамсиз,

Суйиб, суюнтирсин Сизни Раббано!

Отажон – Иброҳим – раҳим ва шафқат,

Бағрингизга кирай, ҳидлай беармон,

Шоирим – хаёллар алқаган хилқат,

Илҳом ато этсин Сизга Ар-Раҳмон!

Учиб, қошингизда бўлолсам бир зум,

Соянгиз кўринар ҳарир пардамда,

Силаб ўсмоқдаман оқ дўппингиз-у

Гулдор рўмолингиз Қуръон халтамда.

Нелар умрингизга солмади кўлка,

Тежаб, етказдингиз иссиқ кулчани,

Сиз ўттизта жонни соласиз йўлга,

Менга эплаш қийин уч ўғилчани.

Дада, қалбингизда ҳаёт сиёҳи,

Лекин ризқ ташийсиз қушдай уяга,

Онажон, Сизнинг ҳам мен каби гоҳи

Боргингиз келарми Австралияга?

Бир қадам босгулик менга ер шари,

Гўё учган мисол қанотингизда,

Сиз-чи, муқимгина уммонқалбларим,

Денгиз кўрганмисиз ҳаётингизда?

Кўксингиз тутасиз дард-у балога,

Жонга пайванд фарзанд-ҳулволарингиз,

Ҳар кеча таҳажжуд Арши Аълога

Ҳилпираб учади дуоларингиз!

Гоҳ зада бўламан: ўзгариш қачон,

Бизнинг ҳам авлодлар топурми камол?

Бу миллат йўлини этиб нурафшон

Юрак қулфларини очсин Зулжамол!

Ватан елкасида қанча муаммо,

Тоғни еб борурлар, кўнмаслар озга,

Митти ечим учун токай, вовайло,

Халқ қараб сарғаюр битта овозга?

Ғаний, ҳокимият мен учун бир пул,

Озодлик – жонимда, ҳурлик – беш қадам!

Ота, бу оламнинг сиздан қарзи мўл,

Она, қарздормасман Сиздан бошқадан!

Яхшики, ёнимда, руҳимда шайсиз,

Отам – Ҳукмдорим, Маликам – Онам!

Битта сочингизнинг ҳидига, шаксиз,

Айирбошламасман бор дунёни ҳам!

Волидам, Султоним, қандай Одамсиз?

Ҳар кун кулгунгиздан порласин дунё,

Мен-ку бир шошқалоқ, Сиз зўр Чидамсиз,

Суйиб, суюнтирсин Сизни Раббано!