“Firdavsul Iqbol” ingliz tilida!

Шоир акам Баҳром Рўзимуҳаммаднинг айтишича, анча йил аввал Тошкентга келган германиялик турколог Ингеборг Балдауф бир немис таржимони Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавсул иқбол” асарини таржима қилгани ҳақида гапирган, аммо ўзбеклар бу ҳақда эшитишниям исташмаган. Албатта-да, ўзбекларга ўзбек адабиёти намуналарининг чет тилларига таржима қилиниб, катта-кичик ўлкаларда босилганининг нима қизиғи бор?!

Камина ўша немис таржимони кимлиги, китоб немисчада босилганми-йўқми, қизиқиб кўрдим, аммо жўяли бирор нарса топмадим. Топганим мана бу маълумот эса Балдауф хоним ишора қилган китобга ўхшади:

“FIRDAWS AL-IQBAL. History of Khorezm by SHIR MUHAMMAD MIRAB MUNIS AND MUHAMMAD RJZA MIRAB AGAHI” (“Фирдавсул иқбол”. Хоразм тарихи, Шер Муҳаммад Мироб Мунис ва Муҳаммад Ризо Мироб Огаҳий) номли китоб инглизчада 1999 йили Голландиянинг Лайден шаҳрида жойлашган “Брилль” нашриётида босилган. Асарни ўзбек тилидан инглиз тилига Юрий Энохович Брегель ўгирган.

Юрий Брегель йирик шарқшунос, Марказий Осиёда ислом тарихи мавзуси бўйича энг машҳур олимлар сирасига киради. Форс ва Марказий Осиё адабиёти намуналари таржимони, “Шарқ халқлари адабиёти”, “Шарқ халқлари мақол ва маталлари” сериялари ташаббускори ва фаол тарғиботчиси бўлган. 1925 йили Москвада туғилиб, 2016 йил Белмонтда (Массачусетс, АҚШ) вафот этган.

Ушбу китобга немис исломшунос олими Ульриҳ Ҳаарманн (1942-1999) ҳамда асли ливанлик, ҳозир Чикагода яшаётган 78 ёшли олима Вадад Кади муҳаррирлик қилган.

Юрий Брегель 1988 йили ҳам айнан шу номдаги китобни ўша нашриётда чоп эттирган. Бу асарни Интернет орқали 195 долларга сотиб олса бўларкан.

Ҳой, “ўзбек адабиёти чет элда” мавзуси тушигаям кирмайдиган мудроқ расмийлар, огаҳийшунослар, Огаҳий музейи, ижод мактаби ходимлари, олимчалар, уюшмачилар! Ҳар нарса бўлганингиз яхши! Бу бир Огаҳий билан боғлиқ топилма холос. Замонамиз таржимонлари ўз ҳисобидан нашр қилган, ҳайҳотдай Ўзбекистонда бирор мард эътибор ҳам қилмаётган мен билган яна жуда кўп асарлар бор чет элларда! Сиз ўтмиш ва ҳозирги чанг-чунг ситилар билан фахрланишни биласиз холосми?!

Дарвоқе, йил бошида Навоий жамғармаси тузилганмиди? Нима ишлар қиляпти у, кимнинг хабари бор? Бир миллиард сўм ҳисобига тушдими ва ё қаёққа?