Ўзбекистон президентлигига номзодлар учун мамлакат адабиёти ва санъатининг ҳозирги аҳволи хусусида очиқ ва аччиқ саволларим
Ўзбекистон бадиий ижод ва санъат соҳасида бой, ранг-баранг ва катта меросга эга бўлгани билан, бу мероснинг катта қисмидан халқимиз мутлақо бехабар бўлса, бир фоизидан ҳам дунё ҳамжамияти хабардор эмас. Эшитяпсизми, 1 фоизи ҳам эмас!
Расмийлар Ўзбекистон ҳамма соҳаларда дунёга чиқмоқдамиз, дея оғиз кўпиртиргани билан, қуйидаги ўта муҳим тадбирлар мамлакатда ҳалигача йўлга қўйилмаган:
– Халқаро ижодий резиденция/туризм дастури (чет элик ижодкорлар Ўзбекистон бўйлаб учрашувлар, семинарлар ўтказади, саёҳат қилади, Ватанимизни ўз юртида тарғиб этади,, асарлар ёзади, кўргазмалар қилади);
– Халқаро ижод уйи (бутун дунёдан энг яхши ижодкорлар Ўзбекистонга келиб, яшайди, ўзбек адабиёти намуналарини таржима қилади, ижодкорларга тил ўртагади ва ҳ);
– Йиллик Халқаро шеърият фестивали (бутун дунёдан шоирлар келиб, ўзбек шоирлари билан дўстлашади, мумтоз ва замонавий шоирларимиз ижоди билан танишади, ижодий ҳамкорлик лойиҳалари, ёш шоирлар учун маҳорат сабоқлари ўтади, мамлакат бўйлаб мушоиралар, учрашувларда қатнашади);
– Йиллик Халқаро ёзувчилар анжумани (дунё ёзувчилари ҳар йили Ўзбекистонда йиғилади, ўзбек ижодкорларини жаҳонга чиқишга илҳомлантиради, катта китоб ярмаркалари уюштирилади).
Бунинг устига, Ўзбекистондаги бирорта шаҳар ЮНЕСКО адабиёт ёки санъат шаҳарлари рўйхатига кирган эмас!
Ўзбекистонда адабий агентлик, адабий агент нималигини ҳалигача кўпчилик билмайди!
Ёзувчилар уюшмаси ва Бадиий академиянинг юзлаб аъзолари, ҳатто турли-туман ялтироқ унвонлилар, халқ шоирлари-ю ёзувчилари ичида дунёга таниқли, дунё саҳналарига чиқиб ўз сўзини айтаётган деярли ҳеч ким кўринмайди!
Ўзбек ижодкорларининг аксари хорижий тилларни умуман билмайди. Уларга дунёга чиқиш йўллари, чет элларда танилиш, асарларини нашр этиш, кўргазмаларини қилиш, халқаро фестивалларда иштирок этиш, халқаро ёзувчи ва рассомлар резиденцияларида қатнашиш, халқаро ижодий муносабатлар ўрнатиш, чет элларга ўқишга, малака оширишга юбориш учун йўл-йўриқ кўрсатувчи биронта ташкилот ё механизм етишмайди!
Ўзбекистон адабиёти, санъати, маданияти ва хилма-хил урф-одат ва қадриятларини чет элда тарғиб қиладиган, таништирадиган (масалан, Гёте институтига ўхшаган) йирик институт ҳам йўқ. Яқинда очилган “Ватандош” жамғармаси эса бирор жўяли иш қилишига кимдирам ишонадими?
Миллат адабиётининг энг таниқли вакиллари, лоақал Алишер Навоий асарларининг бир фоизи ҳам дунё тилларига, хусусан, дунёда энг кенг тарқалган инглиз тилига таржима қилинган эмас! Навоийни дунё билади, деб оғиз кўпиртиргани нега уялмаймиз?! Яқин бир йил бўлай деди очилганига, Навоий жамғармаси нимадир иш қилаётганини кимдирам сўрадими?
Вилоятлар ва Қорақалпоғистонда яшаб, ижод қилган мумтоз ҳамда замонавий ёзувчи, шоир ва рассомларни чет элларда деярли ҳеч ким билмайди!
Вилоят ҳокимликларининг адабиёт ва санъатга йўналтираётган маблағлари қаёққа кетмоқда? Ё ёш ижодкорларга тил ўргатиш, етук ижодкорларни чет элларга ижодий саёҳатларга юбориш, хорижлик ижодкорларни олиб келиб, таржима ва маҳорат сабоқларига жалб этишдан ҳам зарурроқ иш бор эканми бу соҳада?!
Қачон марказлаштирилган адабий таржимонлар уюшмаси тузилади?
Давлатга қарашли адабиёт ва уй-музейлари фаолияти ўта ночор, эркинроқ тадбир ўтказамиз дейилса, махсус рухсат кутиб ўтиради. Мисол учун, Хивадаги Огаҳий музейида бирор дона тарихий экспонат ҳам йўқ ҳатто! Намангандаги “Олтин мерос” музейи эса ўта абгор ҳолатда.
Замонавий ўзбек ёзувчи, шоир ва рассомлари – умуман ижодкорлар – уюшма аъзолигига қабул қилиниш, бепул поликлиникадан фойдаланиш, имтиёзли квартира, дала ҳовли ва бирон мукофотга илинишни ўзининг энг катта мақсади деб билади, аммо ўз билимини ошириш, тил ўрганиш, халқаро доираларга чиқиш ҳақида жуда кам қайғуради! Менга мукофот ё унвон беринг, дея ариза топширишдан ҳам уятлироқ нарса борми?!
Юқоридаги вазифаларнинг бир қисмини бажаришга масъул Ўзбек тили ва адабиёти университети битирувчилари ўз мустақил ижодий ишини очишни ўйламаяпти, жуда борса газета таҳририяти ва ё телеканалда маҳаллий ишларга шўнғиб кетмоқда холос. Яна бир ёш ижодкорлар гуруҳи эса чет элга иш излаб, жудаям оз қисми эса, ўқишга чиқиб кетган. Шунинг учун тузилганмиди адабиёт ва санъат олийгоҳлари?
Ўзбек адабиёти тарғиботига масъул АОКА бу борада бирор арзирли иш қиляптими?
Жуда кам сонли хусусий санъат галереяларини деярли ҳеч ким қўллаб-қувватламайди, ҳукумат эса уларнинг ишини кўриб-кўрмаганга олади.
Чет элларда донғи кетган энг таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулҳамид Исмоилни эса шармандаларча Ўзбекистонга ҳам киритишмаяпти. Негалигини кимдирам айтадими?
Ўзбек ижодкорларини дипломатия, халқаро муносабатлар соҳасига жалб этишни кимдирам ўйлармикин? Улар орасидан элчилар, маданият ишлари атташелари етиштириш кимнингдирам хаёлига келадими?
Ёш ижодкорларни тарбиялашни мақсад қилган пойтахт ва вилоятлардаги ижод мактаблари яна ўша давлатга қарам уюшмаларга аъзоликни орзу қилиб ўсмоқда холос.
Бу ёқда 84 ёшли халқ шоири Жамол Камол ўз китобларини эмас, Низомий ҳазратларининг “Хамса”лар онаси деб ном қозонган бебаҳо асарларининг ўзлари қилган таржималарини нашр этишга бош-қош бўлинглар, дея киритган таклифларини президент порталидан то ҳокимликларгача у ёқдан бу ёққа копток қилиб отишмоқда!
Сизлар улуғларимиз А.Орипов, Э.Воҳидов билан мулоқотни соғинганингизни айтасиз. Ёнимиздаги, қошимиздаги Жамол Камоллар, Иброҳим Ҳаққулларни илғашга, уларнинг олтиндан қиммат маслаҳат ва йўриқларини олишга кўзингиз етарму, жаноблар?!
Катта халқ шоири Рауф Парфи ва у каби ҳақгўй ижодкорларга эса саройга хизмат қилмагани учунми бегона қаралмоқда?
Камина олдингизга қўйганим бу саволларнинг жавоблари ҳам шу саволларнинг ичида эканини англаяпсизми?
Ҳамма соҳаларда “чет эл тажрибасини ўрганаётганимиз” бир паллада нега ижодий соҳада энг яхши ва энг керакли чет эл тажрибаларини ўзимизга олиб билмаяпмиз?
Камина энг илғор мамлакатлардаги каби ўзбек адабиёти ва санъати ҳам давлатдан мустақил ривожланиш йўлига ўтиши тарафдориман.
Бунинг учун эса албатта адабиёт ва санъатни, турли ижодий лойиҳаларни қўллаб қувватлайдиган филантроплар, бизнесменлар, донор ташкилотлар учун тегишли имтиёзлар яратилиши борасида зудлик билан қонун чиқариш зарур, деб айтган бўлардим.
Шу саволларимга ечимларни сайловолди дастурингизга кирита олурмисиз?
Ҳартугул, сиёсий ваъдалар беришди-ку президентликка номзодларимиз, дея, келгуси сайловларгача ўзимизни овунтириб юрсак бўладими?
Камина энг аввало ижодкорлари кучли, қўрқмас, эркин, тоза принципга эга бўлган халқ озод ва фаровон яшайди, деб ишонаман. Сиз-чи?
Аъзам Обид
Бутунжаҳон Шеърият Ҳаракати
Ўзбекистондаги координатори