Республика босқичига келинг, дея “Дуэль”га чақиришганди боролмадим, узр. Ўзи уруш, офат, низо шундоқ ҳам оламда ҳеч тинай демаяпти, дуэлчиларга ҳакамлик қилмай турсам, дунёмиз заррача бўлсин даҳанаки тортишувдан тиниб турса кошки.
Қолаверса, Қорақалпоғистон ва Хоразм босқичида қатнашиб, анча руҳим тушиб қайтганди. Ҳокимларни, адабиёт ва санъатга масъулларни, президент ва номзодларни “ҳой, ўртоқлар, адабиёт ва санъатимиз аҳволига маймунлар йиғлаяпти-ку!” дея неча бор дуэлга чақирдим, эшитган биронта мард майдонга чиққани йўқ ҳалиям!
Ёш ижодкор ука-сингилларим, сизларга айтар гапим бор! Айниқса, бадиий таржима йўналиши иштирокчилари, қулоқ беринг! Эртага кимдир ғолиб бўлиб, мукофотланади, танлов тугайди. Лекин индиндан бошлаб, ҳар бирингиз ўз вилоятингизга кетаркан, энди нима қилсам экан, деб ўйларсиз. Ўйламаётган эсангиз, ўйланг!
Зўр курашчига айланинг! Зўр адабий, маданий тадбирлар ташкилотчиси бўлишга кучингиз етади! Жадидлардай ва ё 90-йиллар бошидаги катта зиёлилар гуруҳига ўхшаш жамоалар тузишни бошланг! Ҳозир ўзбек ижодкорлари учун БИРДАМЛИКдан ҳам муҳимроқ аъмол йўқ!
Ёшлар иттифоқи, Ижодкорлар кенгаши ва ҳоказо ташкилотлар ёрдамига суянинг, аммо уларга тўлиқ ишониб қолманг! Уйлар, йўллар, кўприклар қураётган туман, шаҳар, вилоят ҳокими олдига жиддий таклифлар киритинг! Биз ҳам кўприкмиз денг!
Тил ўрганиш, чет элдаги энг яхши университетда таълим олиш, ижодий малака ошириш учун сафарлар баробарида ўша вилоятингиздаги буюк шоир ва ёзувчилар меросини тиклаш, асарларини чет тилларига таржима қилиш, музейларини барпо этиш ва бойитиш каби энг муҳим ишлар учун маблағ ва тегишли ресурсларни ҳокимингдан талаб қилинг!
Бунга ҳаққингиз бор, ахир ўзингиз учун сўрамаяпсиз, шу халқ адабиёти ва санъати учун қайишсангиз, қаттиқ туриб, таклифингизни қабул қилмагунча, тўхтаманг! Чунки уларда маблағ бор, аммо тўғри сарфлай билмаяптилар, нимани, қаерда ва қандай қилишни сиз кўрсатинг!
Таржимон ука-сингиллар, бундан буён фақат чет эл адабиётини она тилимизга ўгирмай, ўзбек адабиёти намуналариниям чет тилларига, хусусан, инглиз тилига таржима қилишниям бошламасангиз бўлмайди. Эсингизда турсин, ҳали бой ўзбек адабий меросининг БИР ФОИЗИ ҳам таржима қилинган эмас! Ўзингиз яшаётган вилоятдаги, масалан, Машраб, Усмон Носир, Огаҳий, Бердақ ва ҳоказо мумтоз ва замонавий адабиётимиз вакиллари асарларини таржима қилиш, китоб ҳолида чет элда босиш, хорижда тарғиб қилиш каби ишларни устувор вазифа этиб белгиланг! Ишончим комил, ҳар бир вилоятдан камида ўн нафар энг яхши катта номларни танлаб антологиялар тузишдан ишни бошласа бўлади!
Мана бу ерда ёзганим, адабиёт ва санъатимиз аҳволи хусусидаги оғриқли саволларни сиз ҳам юқтириб олинг, масъулларни саволга тутишдан чўчиманг, беринг уларга шу саволларни: http://azamabidov.uz/?p=3764
!
Қўрқмас, муросасиз, талабчан бўлишдан ҳам кераклироқ нима бор ҳозирги аҳволимизга?!
Меҳриноз синглим, шу дуэлингизнинг отини бундан буён “Миллий адабиёт ва санъат фестивали” деб ўзгартирсангиз бўларкан, ана ўшанда унинг ҳар босқичида фақат ёш ижодкорлар эмас, кенг жамоатчилик ҳам иштирок этиб, баҳраманд бўларди. Барчангизга омад!
Айтганча, ким билади, шу кунларда ўтаётгаёган Ўзбекистонда маданий мерос ҳафталиги учун халқнинг қанча пули сарфланди экан?
Сурат Интернетдан олинди