Саволлар учун очиқ мулоқот майдони

“1000 китоб” лойиҳаси доирасида китобларни тарғиб этиш босқичига ўтилгани билан табриклайман! Бу – жуда муҳим ва тўғри қадам.

Аммо бу жараён тор доирада қолиб кетмасдан, мамлакат миқёсида давом этса, унинг таъсири анча кучли бўлар эди.

Китоб атрофида мулоқот, муҳокама ва савол-жавоб маданиятини кенгайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Айниқса, бугун тақдим этилган “Коррупция” китобидан сўнг ёшлар ва кенг жамоатчилик Ўзбекистондаги тизим, жумладан коррупция ва непотизм ҳақида жиддий саволлар бера бошлаши табиий.

Ёшлар ишлари ва Коррупцияга қарши курашиш агентликлари ана шу саволлар учун очиқ мулоқот майдони яратиб, жамоатчиликка расмийлардан тўғридан-тўғри жавоб олиш имконини берса – жуда катта ютуқ бўлар эди.

Айниқса, агентликнинг минглаб ёшларни қамраб олган “Сеники”, “Меники”, “Бизники” каби платформалари борлигини ҳисобга олсак, бу ва бошқа ижтимоий-сиёсий мавзулардаги китоб муҳокамаларини кенг миқёсда ташкил этиш учун барча имкониятлар мавжуд. Хоҳиш ва сиёсий ирода бўлса бас.