Азонда Аллоҳга ҳамд бўлсин, дея тирикликдан қувонарканмиз, тилимиз калимага келиб тургани байрам эмасми? Она тилимизда унинг гўзаллигини кўз-кўз қилиб ва ё, майли-да, ҳозирча эплаб-эплолмай сўзлаб турганимиз учун, гапириш неъмати берилмаганлар ҳурмати, ҳар кун шукрона айёми қилсак арзимасми? Тил миллатчилик, адоват, иғво ва фитнага сабаб бўлиб қолишидан асрасин! Камина юртимизда бир кунгина урра-урра “ўзбек тили байрами”дан кўра, “тил билмаслик ойлиги”ни мунтазам ўтказиб туриш тарафдориман. Албатта, энг аввал, ўзбек, кейин инглиз, рус, араб каби бошқа муҳим тилларни ўрган/тиш учун шароитлар яратишни ўйласак яхшийди. Ўзбекистонда яшаяптими, фақат ўзбекча гапир/ёзсин, дея кескин чиқишлардан аввал уни қайда, кимдан, қандай қилиб осон ва тезроқ ўрганишниям мулойимлик билан кўрсатиб бера олишни ҳар бир ўзбек ватандоши ўзига вазифа қилиб қўя оладими? Қўя олмасак, астағфируллоҳ, дейлик, ўзимизни, нафсимизни ислоҳ қилайлик, биродарлар.