Ҳайкалпараст сизни кўринг-у…

Аллоҳ ҳузурига кетгандан кейингина ҳайкал қўйиш, халқ шоири ё ёзувчиси унвонини бериш, ўлимидан сўнггина қадрлаш ва мукофотлашга чорлашдан ҳам муҳимроқ ишлар йўқми, биродарлар?! Агар мақсад бу таниқли ижод аҳлининг руҳини шод этиш бўлса, унда 1) чиройли тиловат қилиб, руҳларига бағишларкан, улар яшаган жойларда уй-музейини очинг, у ерни қизғин адабий гурунглар, учрашувлар, тоза ижод масканига айлантиринг, китобхонларни жалб қилиб, ижодий мероси билан таништиринг, шояд ҳозирги замон ижодкори ҳам ўшандай дадил, қўрқмас, бутун одамга айланса! 2) асарларини чет тилларига ўгир(тир)инг, энг яхши китобларини, энг илғор умуминсоний ғояларини дунёга кенг ёйинг, шояд олам аҳли қалбига озроқ нуру иймон кирса, шоядки ер курраси яшаш учун исталган манзилга айланса! Алалхусус, биз ҳаттоки ҳазратимиз Навоий жанобларига ҳайбатли ҳайкаллар ўрнатганимиз билан у зотнинг ижодлари ҳайбатига ярашиқли ҳали бир нарса ҳам қилолганимиз йўқ. “Шуҳратин олам ичра пайдо қил, Олам аҳлин аларға шайдо қил” демишлар у киши ўз ижодлари хусусида нима қилиниши лозимлигига урғулаб. Ўзбекистонни ҳайкалхонага айлантиришни истаган сизларни кўринг-у…