Эсингизда бўлса, 2021 йили Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилиб, унга ҳар йили давлат бюджетидан, яъни халқ пулидан 1 миллиард сўм ажратилиши белгиланганди. Уч йилдан буён бу фонд нима қиляпти ўзи, миллиардларни нимага сарфлаяпти, дея савол сўраган бир камина бўлди холос. Тўғри, бир гал ‘УзРепорт” телеканали Нигорахон уларни суҳбатга чорлаган, аммо фонддагилар вақтлари зиқлиги, Навоий ҳайкалига гулчамбар қўйиш ишлари билан банд эканликларини айтишганди.
Хуллас, ўша Халқаро фонд каминани 8 февраль куни ўтадиган китоб тақдимоти ва концертга таклиф этди. (Илгари Навоий туғилган кунидагина Ёзувчилар уюшмасининг эсига тушиб қолардим.)
Воҳ, ўша фонд таклиф қилган тақдимот-у мусиқий кечага бориб, мазза қилиб яйраб келсам бўлмасмиди, ноинсоф бўлмай? Афсуски, йўқ!
Бу фонд дегани 3 йил деганда “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” мавзусида тадқиқотлар мажмуасининг 30 жилд (том)лигини чоп этибди! Қойилмисиз?!
Оғиз кўпиртириб айтиладиган ушбу 30 жилдлик лойиҳа “Халқаро” деб номланган бу фондни миллий даража тугул маҳаллий фонд даражасига ҳам аранг кўтариши мумкин.
Камина Навоийни чин маънода халқаро миқёсга кўтаришни орзулаб, асосан ўз ҳисобимдан камида 10 та халқаро лойиҳа қилганман. Ора-сира шу янги тузилган фондга ҳам асқотар деб тавсиялар ёзиб турдим, бироқ…
“Шуҳратин олам ичра пайдо қил,
Олам аҳлин аларға шайдо қил”, дея ўз асарларининг дунёга танилишини орзулаган Навоий ҳазратимиз билан боғлиқ ҳозирги аянчли аҳвол концерт кўрсатишга эмас, йиғлашга, аччиқ-аччиқ йиғлашга арзийди холос! Навоий асарларининг 1 фоизи ҳам ҳали дунё тилларига таржима этилмаганининг, Гугл қидирув тизимидан шоиримиз ҳақида ҳеч йўқ жаҳонда энг кўп тарқалган инглиз тилида бирор нарса изланса, нари борса камина ўгирган “Фарҳод ва Ширин” ва уч-тўрт ғазал ҳақида маълумот чиқиб келишининг ўзиёқ аҳвол қай даражадалигини яққол кўрсатмаяптими?
Фонд раиси каминадан бугун пандемиядан аввал “Насойим-ул муҳаббат”ни таржима қилмоқчийдингиз, тугадими таржима?” деб сўраб, ўзи соддалаштирган вариантга ишора қилди. Унга ўшандаёқ айтгандим: ҳамма ресурс ва маблағ сизларда бўлса-ю, яна ҳам таржима, ҳам таҳрир, ҳам нашр, ҳам тарғиботни ўз ҳисобимдан қилишимни истаяпсизларми? Аҳ, ноинсоф бўлмай кетай!
Алқисса, бу Халқаро Фонд яна бирор жўяли иш қилдимикин, қаерда танишсак экан, дея ўтган йили аянчли кўринишда бўлган сайтига (www.navoiyfond.uz) ҳозир кирай десам, сайтдан ном-нишон қолмабди! Гуглдан 3 та тилда қидириб кўрдим, фонд тузилгани ҳақида хабар чиқяпти холос.
Гапим қуруқ бўлмаслиги учун бу Халқаро фонд аслида нима қилиши кераклиги ҳақидаги таклифларим ва лойиҳаларимнинг энг муҳимларини илова қиламан.
100 мингли сомса, 76 мингли сузма каби турли соҳадаги топилмалар ҳақида танқидий ёзаётган журналист ва блогер дўстлар, адабиёт соҳасидаги “кашфиётларни” ҳам ёритишга ўтинг, қачонлардир жамиятнинг энг тоза, энг илғор, энг ишончли ва демократ дея кўрилган қатлами — ижодкорлар ва ижодий уюшмаларни ҳам бот-бот сўроққа тутиб туриш ёдингиздан кўтарилиб қолмасин-а?
Эҳ, мен ноинсоф-а!