Кеча метрода шоир дўстим Индраннинг ВашингтонТвинбрук мавзесидаги уйига бордим.
1960 йили Шри-Ланка пойтахти Коломбода туғилиб, ҳозир АҚШда яшаётган шоир, очеркнавис ва дипломат ИНДРАН АМИРТАНАЯГАМ инглиз, испан, француз, португал ва креол тилларида ижод қилади. “Марсда кокос ёнғоқлари”, “Қўрс қирғин”, “Қийшиқ юз: улкан тўлқин шеърлари”, “Фақат ёлғизлик бор олис оролда” каби 20 га яқин шеърий китоб муаллифи.
Нью-йорклик шоира Сара Каҳил Маррон билан кичикроқ “Beltway Editions” нашриётини очган, “The Beltway Poetry” номли ҳар чоракда бир чиқадиган журнал асосчиси. Индран “DC-ALT” бадиий таржимонлар уюшмаси аъзоси.
“Порто принс” ресторани ва уйида мунтазам шеърият кечалари ўтказиб туради.
Апрель бошида АҚШ бўйлаб ижодий сафарга отланган бразилиялик машҳур бир шоир учун алоҳида ижодий кеча уюштиряпти. Индраннинг уйи шинам, пастки қаватдаги кутубхонаси раҳматли шоир отасидан мерос қолган. Индраннинг бир ўғли, бир қизи бор. Бу уйда 90 га яқинлашиб қолган онаси билан яшайди.