Аэропортда ўзбек визасини кутиб ўтирган америкалик шоир

Кристофер Меррилл бундан аввал ҳам Ўзбекистонга келган, у пайтлар америкаликлар учун юртимизга виза олиш осон эмас эди.

Кристофер учоққа билет олиб, Айова аэропортида ўтирар, ҳали ташқи ишлар вазирлиги визасини тасдиқлай демасди. Визаси чиқишига умид қилиб, махсус дастур тайёрлаб қўйгандик.

Кристофер АҚШда аэропортда ўтирибди, мен Тошкентда иш вақтим тугаб, дастуримиз қолдириларкан-да, дея ҳафсалам пир бўлиб, уйга йўл оларканман, бирдан вазирликдан қўнғироқ бўлиб қолди! Аммо тасдиқланган виза холос эди, ижодий дастур эмас…

Ўша йил у билан Тошкентда кичик доираларда учрашувлар қилдик, Наманганга бориб, ижодкор шоира дўстим билан шундоққина тоғ этагидаги Робиддин Исҳоқ уй-музейига олиб чиқдик. Ёзувчилар уюшмаси эса ҳатто Дўрмонда меҳмонга чақирган бир ижодкорни “у ер бедарвоза эмас” деб учрашув шаштидан қайтарган, Наманганда бўлса вилоят газетаси бош саҳифада АҚШлик шоир шаҳримизга келди, дея хабар чиқарганди.

Тўғри, келаси сафар Кристофер бир гуруҳ америкалик шоир ва ёзувчилар билан келганда, ҳукумат рухсати теккан уюшма уларнинг устига тўнлар ёпиб кузатган.