Рати Саксена

Zofi, Ranu, Rati and me2Рати Саксена – ҳинд шоираси, 1954 йилда таваллуд топган. Жайпурдаги Ражаштон Университетида сабоқ олган. Ведалар, айниқса, Атҳарваведа бўйича махсус тадқиқотлар олиб борган. Инглиз, ҳинд ва малаялам тилларида шеърий китоблари босмадан чиққан. Шеърлари кўпгина тилларга, жумладан, форс ва итальян тилларига таржима қилинган. Ўнга яқин малаялам тилидаги шеърий ва насрий асарларни ҳиндчага таржима қилган. Р. Саксена 2000 йилдаги Кендрия Саҳитя Академиясининг таржимачиликка оид мукофоти соҳиби. Айни пайтда www.kritya.in веб-журналининг бош муҳаррири лавозимида фаолият олиб бормоқда. Тўрт йилдан бери буюк ҳинд диёрида халқаро шеърият анжумани ўтказиб келмоқда. Шеърларида хотиралар, ёлғизлик, турли муносабатлар, табиат мавзулари устунлик қилади. Рати Саксена 2007 йилда ўз веб-журналининг декабрь сонини ўзбек шеъриятига бағишлаган, унда кўплаб ўзбек шоирларининг асарлариин инглиз ва ҳинд тилларида кенг китобхонлар ҳукмига ҳавола этган. Унинг шеърлари ўзбек тилига илк бор таржима қилиняпти. 

Мен офтоб эмасман (I am not the Sun)

* * *

Мен офтоб эмасман
нур кукунлари
танамдан тарқалса ҳар томон
аммо аниқки
қоп-қора соя
баданимдан чиқиб
ёйилар
қуёшга терс турганим замон

* * *

Қуёш чўкиб кетди
демишлар
биламан
у қайтиб чиқади
кучга тўлиб
эрта азонда
чўкаётган ўзимиз фақат
тафту зулматда

* * *

Нақ менинг олдимда
кетиб бораётган пайтда у
йиғиштираётгандим ўзни.
Қараганда менга
қайрилиб
тўкила бошладим
томчи-томчилаб.

* * *

Шеър ёзмоқ учун
юрмоғингиз керак
олов устида.

Митти тилак (A small wish)

Миттигина тилагимни бажо этиш-чун
Асло истамаган бўлардим
само ёш тўкишин бир томчи
юлдуз шаклида

Бўй-баст (Height)

Энди-энди бўй чўзаркансан
Белингдан шарт кесиб ташлашар
Бўйинг анча чўкиб қолса гар
Оёғинг ўрнига ўрнатилгайдир
Ясама оёқ
Тинмай чиранишар бўй-бастинг
Бир хил сақланмоқлиги учун.

Муносабатлар (Relationships)

Айрим муносабатлар
Ҳақиқийга дўнишдан аввал
Қовжираб кетади
Иссиқ қум устида

Баъзилари эса
Бир умр
Ёниб ётар
Худди чўғ мисол

Айримлари бирга-бирга юради
Бошқалари тўхтар ўртада.

Қани, айтинг, қаерда унда
Бундай ажиб алоқаларнинг

Сафар сўнгигача қоладигани?

Сўнгги дуо (At the last moment)

Сўзлар лабларимда тентираган он
Хаёллар зерикиб ўлади
Энди дуолар ҳам бўлмайди ортиқ
шикоятлар ҳеч

Нечун шу бугунги дуоларимни
Сўнгги лаҳза учун қўймайман сақлаб?

Ранглар дунёсида (In the world of colors)

Алмисоқдан бурун
Камалак туғилмасдан илгари
Ранглар дунёсида
Биттагина ранг мавжуд эди
На кўк ва на сариқ
На қизил, қўнғир
Фақат битта ранг
Ўлимдан кучли
Жимжитликдай чуқур
У ёқдан бу ёққа чўзилган
Олов макони
Туссиз ранг

Уруғ тирикликка айланди
Болаларни туғди бу ҳаёт
Ранглар судралишиб кирди заминга
Қояларни ерга дўндирди
Айримларин чиқиб қаноти
Самога соябон бўлибон учди
Асосий тиргакка куч бўлди ранглар
Барглар қанот ёзди умуртқаларда
Соялар тин олди ранглар туфайли
Уйқусираётган дарахт остида

Чак-чак томди нур томчилари
Қийғос-қийғос очилди гуллар
Ялтирай бошлади рангларнинг юзи
Рангли тус олиб

Ранглар билан ўйнаб-қувнаган
Қад ростлади ранглар ўлкаси
Унутиб
Судралувчи туслар сафарин

Дўстларим! Шу ранглар васфида
Ҳақиқий деб кўрилмиш ранглар
Бунда мавжудмас.

Севгилимга мактублар (Poems to my beloved)

Севгилимга ёзаман хатлар
оқизаман Удайпур-кўлга
рақсга тушиб у балиқ мисол
тутиб олишини кўраман
Мактубларим – митти фонуслар
каби тунда оқиб боради
кўча раққосларин кафтида

Хатларимни
қора қоғозга
қора сиёҳ билан битаман
Ўқий олармикин севгилим
Ол рангда, деб хавотирдаман

Ишқ тилида бари ёзганим
билганим бир санскрит тилидир
аммо қайдам, ўқий биларми
хатларимни у ишқ тилида?

Мен унга ишқибоз
у менга маъшуқмас
у мени севади
севмайди мени у
оҳ ишқимнинг гуллари унга
севгим ҳаққонийлигин айтинг!

Эй, қадрдон кўлим
қайдасан?
Удайпурим, мени қутқаргил!

Бозор тили (Market language)

Сабзавотпурушнинг саватчасида
Пиёз, бодринг, гулкарам ичра
Янги, соф кўкликни юқтирмоқликни
Эплай олар тил

Балиқчи аёлнинг ҳидида
Унинг романтик қадам ташлаши билан
Ҳамиша кучли ис
Ола билар тил

Идиш-товоқ дўконида
Қизил бўёқ, чинни, ва ёнғоқ билан
Чексиз-чегарасиз маъруза қилиб
Қуримоқдан сақлар ўзин тил

Чертиб озор берса олимлар
Тилчиларнинг бурашларидан
Бозор томон қочиб кетар тил

Халқ уруши (People’s war)

Очиқ турар шахмат тахтаси
Доначалар тушмас ўйинга
Булутларда момогулдирак
Ёмғирдан йўқ дарак

Дарёнинг яқинроқ келишин
Тушунмоқлик мушкул
Тўлқинлар денгиздан ортга чекинар

Ранглар косасида
Ёйилган елкан
Ўйнаб суратларнинг суянчиғини

Шеър ёпишар тилнинг учига
Ҳиқилдоқда сирғанар яна
Халқ эса тап-тайёр
Янги урушга

Битмаган уйларда ўйнар болалар (Children playing between the incomplete houses)

Битмаган уйларнинг оралиғида
Ўйнар болалар
Билмайин излашар ўз уйларини

Деразадан мўралашади
Янги дунёга

Битмаган томларнинг устига
Осишар ўзларининг осмонларини

Уйларга қадам ранжида қилишдан аввал
Пойдеворни бутламоққа интилар
Қиқирлашар уйлик бўлиш қасдида

Ташвиш ичра (Why is she worried about the disappearing sea)

Ҳамма нарса бунда:
Одамларнинг бирин-кетин келаётган тўлқини
Кулги пўстлоғию товонлар остида эзилган тупроқ
Ялтировчи нурлар, мевасиз кокос
Эчкилар тап-тайёр қурбонлик учун
Меҳмонхона балконлари қирғоқ томон очилар –
Ҳануз у ғамгин
Недир йўқолгандай
Бутун бир денгиз, нафақат ул
Қуёш чўкиб борар унинг ичида.

У чиндан серташвиш.
Кечагина бунда чўккалаган кўйи
Суҳбат қураётган эди соатлаб
Саройлар қурарди хаёлда
Тўлқинлар безовта қилмади банд деб
Кетди жимгина
Сафар таассуротларин ўртоқлашаркан
Ичиб олган денгиз кўздан йўқолди
Кичик тепаликда ўтирган қуёш
Ўртоққа айланди батамом
Жимжитлик ўкира бошлар денгиздай

Бунда ҳар нарса бор
Денгиз, қуёш, жимликдан бўлак
Шундай экан нега ташвишланар у?

Глобализация (They are talking about globalization)

Қарсиллаб ёпилар эшиклар
Ичкарига яқин келаркан
Чизиғидан чиқиб кетар бўсаға

Деворларнинг ўпкаларида
Ҳаво роса тўлиб кетганки
Тўғри мих бўлмаган деворда
Қотиб қолар барча тутқичлар

Деразалар рахига
Шамол уя қурган
Товуш деган нарса йўқ
Эшитилмас нафас олиш ҳам

Глобализация нима деган гап
Бужмайиб ётибди ахир бунда уй

Қарзга ой нури (Loan of moonlight)

Агар сен-ла бирга юрганим
Барча қадамларни санасам
Юришни унутар оёғим
Босар йўлини-да йўқотар

Сен-ла кечган бор лаҳзаларни
Санаб чиқар бўлсам мабодо
Вақт нафас олишдан тўхтайди

Юрагимни гўштдай қовурган
Севги оловини
Англай билмассан

Ҳар босган қадаминг
Бори яқинлик
Ишқнинг ҳар томчиси
Ой нуридан
Қарзга олинган

Жунглига дўнади бир аёл (She who is becoming a jungle)

Йигит нима деган бўлса ҳам
Кўнди қиз
Кўзларинг нилуфар, деди у;
Тасдиқлади қиз!
Бурнинг тўтиқушнинг тумшуғи мисол,
Шундай, деди қиз!
Лабларинг гилосдай,
Анор доналаридек тишинг
Кўкрак, бел ва оёқларинг…
……
Аъзоларин бир-бир ушлаб чиқаркан
Кўзларин юмганча қайтараверди
Ҳа, рост, тўғри, ҳақ

Мана энди у бир оз ўсимлик, бир оз қуш,
Озроқ ҳайвон жинсидан, ҳаттоки осмон парчаси
Шохлар қийғос гуллаб, чечаклар сўлди
Қориндан бир уруғ тўкилиб
Дарахтга айланар ва шайланар сафарга

Бу галл у ҳа, маъқул, тўғри, деб айтолмас
Туклари бирма-бир тўкила бошлар
Такомилга етган жунглидай, хаёл қилар у
Нега энди ҳеч ким айтмайди:
«Қорнингдан гўзалроқ нарса йўқ» дея

Аёл ишқ ичра (Woman while loving)

Севги лаҳзаларинда
Эҳтиёт бўлмоғи керак у
Ғафлат босган мисол
Кулар экан
Кулгуси қотмоғи керак муздайин
Муссон шамолларин бўсаси
Офтобнинг қишдаги илиқ нури каби
Ялтираши лозим лабларда

Яшил замбуруғдек тарқалса эди
Кўкрагида севгилисининг
Бироқ бужмайганича қолар
Ўтга ўхшаб майсазордаги

Севаётган аёл
Бунчалар бунчалар қониқмас
Ҳатто ишқ ичра

Йигит мактуби (His letter)

Аввал бир от ёзди
сўнгра манзилни
кейин чизди отнинг тагига
у ёқдан бу ёққа чўзилган
йўлга ўхшаб қолди сатр ҳам

У мактубни ёпди
яқинроққа келди
кўкда тентираган чўққилар

чегарасиз хотираларни
қуршовига олгани ҳолда
етиб келди мактуб
енгилгина тегиниш билан

Содир бўлмайдиган гуноҳлар (Sins, which could not take place)

Билмайин қилинган гуноҳлар
Эътиборсиз
қолдирилса гар,
Менинг ҳисобимда
Билиб содир этилган
Яна анчаси бор.

Улар доим қайтиб келишар
Ёлғиз қолганим он
Нафсим билан ўзим
Бўғилиб боряпман
Арқон ичида
Қисиб келаётир бўйнимни
Аста ва аста.

Кифтимда (On my shoulder)

қоронғулик тўрваси мавжуд
минг-минг арвоҳ қанот қоқаётган
жодугарга дўндим
чиқардим уларни
битта битталаб
осмонга учирдим
қонга тўлдириб

ҳар саҳар бир неча қуш пати
кўкка қараб учиб боради
оғирлашаиб кетади тун ҳам
синиқ патлар-ла

билмасман
ўз тақдиридан бехабар яна
қанча патлар мавжуд у ерда

Ёлғиз замингина (Only the earth)

Қуёш тимдалайди
Фотон
Митти атом кўринишида
Коинот тарафга
Жисмидан ташлайди қувват

Фақатгина ермас
Ҳар бир сайёра
Тилло кирликларни олар ўзига

Айрим ҳудудларга
Олтин бўтқа мисол
Тарқалар

Хаёллар ўстирар ёлғизгина Ер
Тилла қувватларда
Сўнг уларни Қуёшга томон
Улоқтира бошлайди яна

Ўз жисмини хамирдай қориб
Қуёш кучдан қолару
Юлиб олаверар қайтадан
Чекига тушган орзуларни

Фақатгина Ердан

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржима қилди