СИНОАТ
Мундарижа
1. Зажанинг туғилиши
2. Илм излаб
3. Никоҳ илинжида
4. Каомҳе учун қайлиқ
5. Зажа – ҳукмдор
6. Зажанинг таълим олиши
7. Қидирув
8. Кўл бекаси
9. Тийрароғда
10. Олим билан Йилон
11. Авлиё билан Руҳоний
12. Топилдиқ Йилон
13. Қуёш ила Сув
14. Қирғий ила Чумчуқ
15. Суратлар ва Тош
16. Эман ила Печак
17. Баҳс ила Машварат
18. Уч қиз
19. Шумаканинг генерал бўлиши
20. Босқин
21. Ўлим ва риҳлат
22. Қайта туғилиш
Муқаддима
Ушбу мамлакатнинг дафъатан Зажаийликни қабул қилгани юзасидан бир қадар мафтуну маҳзун бўлган, номи остида беҳад шафқатсизликлар амалга оширилгани ортидан ҳақоратга кўмилмиш шахсга нисбатан кўнглида алланечук нафратдан бошқа ҳеч нарса уйғонмаётган муҳтарам ўқувчи Зажанинг ҳаёт-мамот йўлидан сўйловчи ушбу ҳикоя билан танишишни тавсия этишга ижозат бергай.
Умргузаронлик даври тарихдан аввалги ва тарих ўртасида кечгани туфайли Зажа ҳаётига оид манбаларни тўлиқ деб бўлмайди, шунга қарамай, унинг номи ишончли илк манбалардаёқ тилга олинади, кейинчалик эса бу ном ҳамма нарсани, шу жумладан бугунги кунда инсониятга қарши қилинган тажовуз дея кўрилувчи хатти-ҳаракатларга қонуний тус бериш мақсадида қўллана бошлади.
Биз қаламга олган қиссада айрим ишончли тарихий ҳужжатлар, баъзилари табиийки, у қадар ишончли бўлмаган халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб бошланиш нуқтаси Шумака бўлган қатор мутаассиб ташвиқотчилар томонидан қўшилган тарғибот материалларига асосланган ҳолда Зажанинг ҳаёт йўли бирма-бир тиклашга уринилган.
Зажа билан боғлиқ равишда ривожланиб борган эътиқод Зажанинг ўзидан кўра илк тарғибочи бўлмиш Шумака образига кўпроқ таалуқлидир. Шу сабабли ҳам муаллиф мавжуд барча манбаларни иложи борича яхшилаб солиштиришга ҳамда замонамизнинг қадрли ўқувчисига Зажанинг асл, рўй-рост ҳаётига оид ишончли қиссани ҳавола этишга жиддий эътибор қаратди. Мазкур буюк ва таъсирчан маънавий устознинг умр йўли ва тафаккури ҳар доимо тарихий бўлмаган шахс сифатида афсона, уйдирма ва эртаклар шаклида тақдим этиб келингани учун муаллиф қайтадан тузган ўз қиссасида ҳам ана шундай ёндашувни энг мақбул йўл, деб қабул қилди.
Зажа башорат қилишда фойдаланган, дея кўрилувчи суратлар олиму шинавандаларни асрлардан бери бирдай ўзига мафтун этиб келмоқдаки, улар Таротнинг энг аввалги вариантларидан бири бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис муаллиф Тарот га илҳом манбаи сифатида қараб, ўз ҳикоясига Асосий аркана га суянган ҳолда тартиб берди.
Зажанинг туғилиши
Азал-азалда ўта ақлли, қизиқувчан ва жасур бир қуён бўлган экан.Ўзи ва атрофи ҳақида билиб олиш мумкин бўлган жамики нарсани ўрганиш иштиёқида у дунё бўйлаб саёҳатга чиқибди. У инсонлар қавмига дуч келиб, уларга жуда қизиқиб қолибди ва турли огоҳлантиришларга қарамай, уларнинг тутган йўлини ўрганишга қарор қилибди.
Кунларнинг бирида у одамлар яшаётган оромгоҳга дуч келибди ва ўтовлар яқинига келиб, уларнинг ичида нималар бўлаётганини яқиндан кўргиси келиб, ўша атрофда тентираб-куймаланибди. Бироқ, одамлар сездирмай унинг орқасидан тушиб, қуённинг ҳеч нарсадан чўчимасдан бамайлихотир ўтовлар ичига мўралаётганини кўриб, роса ҳайрон бўлишибди. Бирлари қуённинг қулоғидан шартта тутиб олибди-да тушликка ҳозирламоқчи бўлибди, шунда бир киши “қўй, уни ўлдирма, шундоқ ширин жониворни еб, уволига қолмагин тағин”, дея шеригини бу ишдан қайтарибди. Шу тариқа улар бу жониворни ўртага олиб, модомики пишириб ейишмас экан, унда нима қилиш ҳақида бош қотиришибди. “Келинглар, бугун кечқурун Қалъага борганимизда, уни кичкина малика Каомҳега ҳадя этамиз. У доимо ўзини ёлғиз ҳис қилади, лекин ҳайвонларга меҳри бўлакча, балки бу қуёнчани ҳам ёқтириб қолар”, дебди бир киши. Ҳаммаларига бу фикр жуда маъқул тушибди, чунки барчалари Маликани яхши кўришар, у қуёнча билан овуниб юради, деб ўйлашибди.
Маликага совға хуш ёқибди, қуёнчани дарҳол қўлига олиб “Зажа, миттигина Зажа” дея момиқ юнгини силаб эркалабди. Меҳмонлар кетишгандан кейин қуёнча билан бирга қолиб, унга ғамхўрлик кўрсатишда давом этибди.
Қуёнчага бундай ширин муомала мойдай ёқиб тушибди, ҳар куни Малика келиб, ўзини қафасдан чиқариши-ю қўлига олгач, унинг юнгини сийпалаб ҳар галгидай ғалати туюлувчи “Зажа, менинг Зажагинам”, деган нотаниш сўзларни айтиб суйишларини интиқлик билан кутадиган бўлибди. Қуёнча на бу сўзларнинг маъносини, на бундай эркалаб-сийпалашдан кўзланган мақсадни тушунар экан. Бора-бора у Малика тушмагур аллақайси ёвуз жодугар, ё сеҳргар томонидан сеҳрланиб, асли қуён ҳолатидан инсон қиёфасига ўтказиб қўйилган-у, одамлар билан яшашга маҳкум этилган, деган фикрга келибди. Бирдан қартайиб қолган қуёнларнинг қайсидир мажлисида қулоғига чалингани воқеа – бундай сеҳрдан ўпич орқали қутулиш мумкинлиги эсига тушиб қолибди. Шу боис пайт пойлаб Маликани ўпиб олишни, уни аёл-қуёнга айлантиришни, сўнгра унга уйланиб, у билан давру даврон суришни режалабди. Келаси сафар Малика уни қафасдан чиқариб, ҳар галгидай орқасини уқалаб, бошини қуёнчага яқинлаштирган маҳал тездан бўйнини чўзиб унинг лабларидан ўпиб олибди.
Бундай ёқимли бўсадан Маликанинг боши айланиб қолибди, чунки болалигини ҳисобга олмаганда, илгари ҳеч ким уни бундай қайноқ тафту меҳр ила ўпмаган экан. У кўзини юмиб, қуённинг ялтираб турган тумшуғидан қаттиқ ўпиб олибди ва бўса шавқидан қони жўш урибди. Сузик кўзларини очиб, қуённинг маъюс нигоҳи билан шундай тўқнаш келган онда тағин бутун бадани бўйлаб ажиб бир ҳарорат югурибди, туйғулари тошиб, гўё ўзини аллақандай адашиш, айб ва эҳтриос кўчасига кириб қолгандай сезибди.
У қуённинг мунг тўла кўзларига, худди дунёнинг бори ташвишлари устига ортилгандай қайғули нигоҳига ортиқ қараб туролмабди. Оқсочни чақириб, ундан қуённи олиб кетишни ва ўрмонга қўйиб юборишни сўрабди.
Оқсоч ўта уддабурон ва тадбирли аёл экан. У мабодо қуённи ўрмонга қўйиб юборса, илк дуч келган оч бўрсиқ ва ё тулкига ем бўлишини биларди. Аммо ўзининг ҳам томоғи тақиллаб турганидан ўша куни қуённи уйига олиб кетибди ва мазза қилиб қуённи пишириб еб қўя қолибди.
Ўша кечаси оқсоч уйқусида тўлғониб чиқибди. Аввалига у кўп овқат еб қўйганликда, таом ошқозонида кўпам ҳазм бўлмагани учун безовталикда ўзини айблабди. Тонгга яқин у чўчиб уйғониб кетибди, чунки тушида ҳомиладор бўлиб қолган эмиш. Гарчи аввал ҳеч бундай ҳолатга тушмаган эса-да, уйғонгач ҳам бу фикр уни таъқиб қилишда давом этаверибди. Бундан оқсоч хотин дағ-дағ қалтирабди, аксига олиб эриям Шоҳнинг хизматида уч ойлик юмушга кетган экан. Оқсоч дарров Маликанинг олдига югуриб, унга ўзини жуда ёмон ҳис қилаётганини айтиб, Шоҳдан ўз эрини ортга қайтаришини сўраб беришни илтимос қилибди.
Эри хотинига далда бўлиш учун уйига қайтиб, аёлига беҳад меҳр-муҳаббат кўрсатибди. Оқсочнинг эҳтимолли ҳомиладорлиги ҳақидаги воқеа ана шундай жумбоқли бўлган экан.
Ой-куни яқинлашиб, у ўғил фарзанд кўрибди, ота-онаси уни еру кўкка ишонмасмиш. Бола Маликанинг ҳам овунчоғи бўлиб, унга алоҳида меҳр кўрсатибди. Бола бошқа ҳеч қайси болага ўхшамай, ота-онасининг алоҳида ардоғида вояга етибди. Ҳар куни у Малика қароргоҳига ўйнагани келиб, унга ўз ота-онасига кўрсатгани каби меҳрибончилик қиларкан.
Вақт ўтгани сайин Малика болага боғланиб, ўрганиб қолаберибди, боласиз ўтган лаҳзалари оғир ва ғамгин, бола билан кечадиган дамлари эса қувончу шодликка лиммо-лим кечадиган бўлибди. Айниқса, боланинг кўзлари Маликага ўта сеҳрли, мулойим ва маҳзун, шу билан бирга нафосат ва шикаста ишққа тўлиқдай кўринаркан. Бу кўзларнинг боқиши Маликага қачонлардир у суйган қуёнчанинг нигоҳини эслатар, бу болага ҳам қуённи эркалагани каби “Зажа” дея мурожаат қиладиган бўлибди. Боланинг майин сочларини аста силаркан, “Зажам, Зажагинам менинг”, деб шивирларкан у.
Болакай ақлан ва жисмонан тўлишиб, тобора хушрўй ва хушхулқ бўла борибди. Малика уни атаб чақиргани каби бошқалар учун ҳам бола Зажа деган ном билан танилибди. Бир куни бола Малика ҳузурига келиб, уни тиззаларига бошини қўйганча ўтирганини кўрибди. Бола Маликани нимадандир хафа деб ўйлаб, унга томон чопиб келибди ва бўйнидан қучоқлаб олибди. Малика ёлғизликдан зериккан нигоҳини боланинг меҳр тўла чеҳрасига қадабди. Болани маҳкам бағрига босиб, оғизчаларидан ўпиб-ўпиб олибди. Бу бир лаҳза ичида содир бўлибди, аммо ўпич таъсиридан Маликанинг бутун вужуди аро ажиб бир завқ таралибди. Боланинг беғубор кўзларига боқаркан, у ўз ҳисларидан уялиб кетибди. Ўша кечаёқ Малика оқсочи билан гаплашиб, ўғли учун илм олиш вақти келганини билдирган бўлибди. У болага шаҳзодаларга хосу мос таълим берилишини йўлга қўйишни айтибди. Сўнгра, тегишли таълим олгач, бола подшоҳ ҳузуридаги яхши бир лавозимга қайтиши лозимлигини тайинлабди.
Илм излаб
Зажа илм олиш учун Ҳазрати олийларининг бош маслаҳатчиси ҳузурига олиб келинибди. Қирол бола мамлакатдаги бошқа тўртта қиролликка таништирув мактублари етказиши учун кўрсатмалар берибди, шу боис барча фанлар бўйича энг яхши таълим олишини буюрибди, шу билан бирга у бош маслаҳатчига болага энг мураккаб вазифаларни юклашни, узоқ вақт мобайнида ортга қайтиб келмаслигини ҳам айтибди. Аслида қирол маликанинг болага бўлган чексиз меҳрини пайқаган, бундан ташвишга тушган, чунки тез орада у ўз қизи учун куёв танлаш фурсати келишини билар, қизи меҳру ишқини эътиборни тортувчи лойиқроқ нимагадир сақлаб қўйишини истарди.
Маслаҳатчи Зажага таништирув мактубларини тутқазибди. “Шарқий қиролликда сенга ҳарб сирларини ўргатишади, чунки уларнинг энг буюк ҳарбий таълимга оид тажрибалари мавжуд. Жанубий қиролликда машҳур темирчи, тош йўнувчи ва рассомлар бисёрлиги сабабли у ерда санъат ва ҳунармандчиликдан сабоқ оласан. Ғарбий қиролликда сўз санъатига ошно тутинасан, унда таниқли шоиру ҳикоянавислар макон тутган. Охирида Шимолий қиролликка келиб, энг ақлли файласуфлардан тафаккур сабоқларини оласан”, дебди.
Маслаҳатчи Зажани қалъа мактабида тасодифан учрашиб қолишган пайтидан биларди. У Зажага омад тилаб, дуо қилибди. “Агар яхши илм олсанг, буюк инсон бўлиб етишишинг мумкин”, дея насиҳат қилибди у. “Буюкликка даъвогар экансан, сенга юкланадиган вазифа ҳам шунга яраша бўлади. Сен мудом ҳикмат излашинг, аммо Илонни енгмай туриб, асло ортга қайтмаслигинг даркор. Бу ҳар ким қилиши керак бўлган катта вазифадир”, дебди.
Зажа ўзига юкланган бу Вазифадан бир оз ҳаяжонга тушибди ва “Илонни қаердан топаман?”, деб сўрабди.
“Илонни топиш буюк вазифанинг бир қисми саналади”, – дебди Маслаҳатчи. – Ёдингда бўлсин, сенга йўл кўрсатиши учун нималарнидир тақиқловчи табуингни очиқ намоён этишинг керак. Ўзинг охиргача қолиб, ўстирмайдиганинг жойда эман кўчатларининг мевасини экиш ярамайди. Сенга бундан ортиқ маслаҳат беролмайман.”
Никоҳ илинжида
Малика Каомҳе вақт ўтиши билан ширингина қизалоқдан дилбар аёлга айланибди. Гоҳо у ўзини бахтиёр сезса, гоҳо ғамгин ва ёлғиз ҳис қиларкан. Қалъада ва ё юрти бўйлаб саёҳатлари асносида учратгани қанчадан-қанча ёш йигитлар уни асло ўзига жалб эта олмабди. Бундан эса кўпроқ Қирол хавотир олибди. Малика унинг ягона фарзанди бўлгани сабабли у энди меросхўр масаласини ўйлаб, ич-этини ебди. Тожу тахтнинг бир меросхўри бўлмас экан, қироллик худди кўзи қонга тўлган шоқоллар чангалидаги қўзичоқ мисол ён атрофдаги тўрт қироллик панжалари остида талош бўлиши турган гап эди. Бу ҳолда қироллик очкўз қўшниларнинг лаққа ўлжасига айланарди-қоларди. Шоҳ қўл остидаги халқ зулм остида қолишини ўйлаб, оҳ чекибди. Шундай ўйлар қуршовида қизининг олдига келиб, ўзининг сиёсий хавотирларини баён этибди. Дилбандини қанча суймасин, унинг бахтини нечоғли кўзламасин, Қирол ўз қироллиги ва халқининг тақдирига сира бефақр бўлолмасди.
Малика ҳам отасининг хавотирларини ўзиники каби қабул қилган, турмушга чиқишга рози ҳолда қиролликнинг келажагини ҳимоя қилишга қодир меросхўрни топишга келишибди. Отаси унга ўзи истаган кишига, хоҳ аслзода, хоҳ авом наслидан бўлсин, турмушга чиқиши мумкинлигини айтибди.
Шундай қилиб, Маликага қайлиқ излай бошлашибди. Армиянинг ёш ва кўркам йигитлари саф-саф бўлиб тизилишибди, аммо малика улардан биронтасининг кўзида чўғ кўрмабди, улар ўша заҳоти тарқалишибди. Бу сафар қирол саройидаги дилбар йигитлар ўзларини улуғроқ санаб, бир саф бўлишибди, бироқ уларнинг ҳеч бирига ҳам маликанинг юраги жиз этмабди. Қўшни қиролликнинг ўзига бино қўйган навқирон шаҳзодалари ўзларини кўрикка қўйишибди ҳамки Каомҳенинг юрагига ўт солишга биронта жон муваффақ бўлолмабди. У юрт бўйлаб кезибди, бозору далаларда юзлаб инсонларни учратибди, афсуски, уни заррача бўлсин қизиқтирган бирон кимса топила қолмабди. Қизнинг инжиқ кўнглига худди отасиники каби оғир қайғу чўкибди.
Каомҳе учун қайлиқ
Ниҳоят, илм излашга кетган оқсоч ўғлининг ниҳоят сафардан қайтар маҳали ҳам яқинлашибди. Катта йўлдан енгил қадам ташлаб бораркан, унга кўзи тушганлар ҳангу манг бўлиб, анграйиб қолаверибди. Унинг юзига боққан кимса борки, унда аллақачон дунёда сўниб қолган ажиб бир нур балқиётганини кўришибди. Узоқ айрилиқдан сўнг ўз уйига шоду хуррам қайтаётган йигитча қиролликдаги айни вазиятдан ҳам, маликага қайлиқ изланаётганидан ҳам мутлоқ бехабар кетиб борарди. Одамлар бир қарашда уни танишмабди, уни маликанинг қўлини сўрашга келаётган яна бир шоввоздир-да, деб ўйлашибди, лекин йигитчага яқиндан назар солиб, чиндан ҳам айни кутилган зот экан, деган хаёлга боришибди. Бир қанча киши унинг ортидан эргашиб бораверибди, у Қасрга етиб келганда, атрофида анчагина одам тўпланганини кўрибди, қолаверса, ҳали у етиб келмасидан илгариёқ маликага яна бир даъвогар келяпти, деган гап ҳаммаёққа тарқалиб улгурган экан.
Бутун Қаср дарҳол оёққа турибди. Қирол, Қиролича ва Малика Буюк Саройдаги ўз ўринларига келиб ўтиришибди, ҳаммаларининг кўнгилларида эҳтимолликдан кўра умид туйғуси кўпроқ жонланибди, чунки неча ҳафтаки саройга малика қўлини сўраб ҳеч ким келмай қўйган экан.
Йигитча Қасрга шахдам кириб бораверибди, ўй-хаёлида гўё йиғилганларнинг бари унинг уйга қайтганини олқишлагани чиққандай намоён бўлибди. Буюк Саройга қадам қўяркан, одамлар икки томонга тисарилиб, даврани кенг очишибди. У тавозе ила юрганча Қирол олдига яқинлашиб, унга эгилиб салом берибди. Сўнг Қироличага юзланиб, унга ҳам таъзим бажо келтирибди. Охири Маликага томон юриб, унинг кўзларига боқиб жилмайибди ва таъзим қилибди. Маликанинг юрагига бу навқирон йигитнинг кўз ифодасидан чўғ тушибди, бу кўзлар, шунинг баробарида дунёдаги бори ёлғизлигу ҳаётдаги бори завқу шавқ гўёки ўз жону дилига қоришиб кетгандай бўлибди. Негадир илгари ҳам икки марта айни шундай туйғуни бошқа бировнинг кўзларида-ю ўз қалбининг туб-тубларида уққанини ёдга олибди. Қирол қизига тикилиб қараб турган экан, буни сезган Малика “маъқул”, дегандай бошини қимирлатибди.
“Турмушга чиқишни истайдиганинг йигит шуми?” – сўрабди у. “Ҳа”, дея соддагина қилиб жавоб берибди қизи.
Буни эшитиб, бутун сарой ларзага келибди. Ҳаммаёқда тўйга тайёргарлик бошланиб кетибди. Халойиқнинг қувончи ичига сиғмасмиш, негаки энди нафақат қиролликдан хатар кўтарилгандай бўлибди, балки Малика ҳам ниҳоят ўз кўнглидаги, ўзига ёққан ва муносиб одамни танлабди. Бир оз фурсат ўтиб, кўнгиллар жойига тушгач, Қирол йигитчани бағрига босиш учун қўлларини очибди. “Исминг нима?” сўрабди у йигитдан. Йигит эса ажабланиб Маликага қарабди ва “Мени танимаяпсизми? Ахир мен Зажаман-ку”, деб жавоб қилибди.
Зажа – ҳукмдор
Қизи айни муносиб қаллиқ танлаганини кўриб, Қирол ўз ваколатини Малика Каомҳега топширибди. Аммо Малика ҳокимиятни Зажага берибди ва Марказий Қиролликнинг ҳукмдори бундан буён Зажа бўлиб қолибди. Бироқ, ҳукмдор ўзига ҳеч қандай унвон олмай, илгаригидай Зажа номи билан қолаверибди. У ғамхўру мурувватпешалиги, одилу донолиги, одамларни ҳаётдан завқ олиб, қониқиб яшашга бўлган даъватлари билан яхши бир устоздай мамлакатни бошқараверибди.
Ундан: “Нега қониқиш бахтиёрлик дегани эмас”, – деб сўрашса, мийиғида кулиб, “Бахт дегани хавфли хомхаёл бўлиши мумкин, – деб жавоб бераркан. – Бахт ҳеч қачон қониқишнинг ўткинчи завқидан ортиқ бўлолмайди. Қониқиш эса оғриқ, кулфат ва машаққат билан, завқу шавқ онларисиз эришилиши мумкин бўлган нарса, шунга қарамай, у ғоят катта мукофотдай кўрилади. У беармон умргузаронликнинг, қойилмақом бажарилган вазифанинг ва саховатга тўлиқ хатти-ҳаракатнинг ҳосиласи бўлиши мумкин. Аммо лекин бундай қониқиш ҳисси биз бахтга нисбатан қўллайдиган туйғуларнинг олий даражадаги бошни айлантирувчи ҳузур-ҳаловатидан минг чандон чуқурроқдир.
Зажа армияни тарқатиб юборибди, уларга аскарлару бошлиқлар ватан учун жон фидо қилиши лозим бўлган вақт келиши мумкинлигини, аммо ёш эркак ёки аёлни ватан учун ўлдирилиши сўраладиган вақт ҳеч қачон келмаслигини айтибди.
У рақобатнинг қанақа тури бўлишидан қатъий назар, барчасини тақиқлаб қўйибди, ҳатто халқдан бу сўзни тамоман хотирадан ўчиришни сўрабди. Рақобат, дебди у, жуда зарарли тушунча, чунки у одамларни янглиш саналган “ғолиб” ва “мағлуб” деган тоифага ажратиб қўяди. Ғолиблик аслида бошқа кишиларнинг “ғолиб” дея аталувчи киши қўлга киритган муваффақиятлар сонига тенг мағлубияти бўлиши мумкин. Рақобат муваффақиятдан кўра кўпроқ мағлубиятга қанот беради. У алдов ва бузғунчи дунёқарашни рағбатлантиради. Рақобат ўрнига Зажа барча нарсаларнинг муваффақияти йўлидаги бебаҳо бир маъно сифатида “ютуқ” деган тушунчани жорий қилибди. У ютуқ бошқаларнинг мағлубияти асосида эмас, балки ҳар доим фазилатига яраша ўз баҳосини олишини тушунтирибди, шу тариқа барча нарсаларга конструктив ёндошишни тарғиб қилибди. Кўпчилик маълум бир соҳада устунликка эришишга уринса, ютуқ айнан устун кишиларнинг муваффақияти деб кўрилади, фақат бу бошқаларнинг мағлубиятига қарама-қарши эмас, балки уларнинг муваффақияти билан солиштирилган ҳолда шундайдир.
Ҳакам сифатида Зажа қарорларни аниқлик ва соғлом фикрга асосланиб чиқарди, бундан эса баъзилар норози бўлишди. Аммо, баъзида мураккаб ёхуд ўта баҳсли масалани ечиб бериш учун унга мурожаат қилишганда, Зажа тортишаётган томонларни стол атрофига тўпларди. Кейин эса майда-майда суратлари мавжуд тўпламни ўртага қўйиб, турли-туман нақш ва безаклар ҳолида ёйишни бошларди. Айтишларича, баҳслашувчи томонлар бунга қараб туриб, расмларда ўз камчиликларини, тутган йўлларининг номақбуллигини, маълум бир натижаларнинг ўзларига келтирадиган хавфини кўришган ва можарони бевосита қўшнилари билан яхшиликча ҳал қилишни кўнгилга тугиб, даврани тарк этишган. Расмлар ҳукми келтириб чиқарган қўрқув ва ҳайиқиш шундан иборат эдики, одамлар энди можаро юзага келганда, маҳкамага мурожаат қилишдан кўра бир-бирларига ён босиб, ўзаро келишиб муаммони ҳал қилишни афзал кўрадиган бўлишади.
Одамлар шаҳар хиёбонида муаммоларини муҳокама қилиш ва баҳслашиш мақсадида йиғилган кечаларнинг бирида Зажадан қандай яшаш кераклигини сўрашганида, у кулиб, ўзининг машҳур бўлиб кетган ҳикматли гапларини такрорларкан: “Ўзгалар сенга қилишини истамаган нарсани сен ҳам бошқаларга раво кўрма; ҳалқани бузиб чиқ”.
Зажанинг таълим олиши
Зажа илм излашга йўлга тушаркан, энг аввал у Жанубий Қиролликка олиб келиниб, у ерда қирол ўғлига муносиб иззат-икром ила кутиб олинибди. У ерда Зажа рассомлардан қўл ва кўз билан ижод қилиш сирларини ўрганибди. Сўнг у ердан кетиш фурсати яқинлашганда, сира кетгиси келмай, ноилож Ғарбий Қиролликка қараб йўл олибди.
Ғарбий Қиролликда ҳам Зажани илиқ хурсандчилик билан кутиб олишибди. У қироллик шоирларидан сўз санъатини, сўздан шеъру қисса тизиш сирларини, сон-саноқсиз авлодларга хос илм ва ақлу заковатни ўзида мужассам эта оладиган маҳорат хазиналаридан сабоқ олибди. Кетиш они яқинлашаркан, бу қиролликда қадрдон бўлиб қолган кишилар билан истамайгина хайрлашиб, Шимол томонга қараб кетибди.
Шимолий Қиролликда қиролнинг бутун оила аъзолари Зажани ўз яқинларидай қарши олиб, уни ҳеч бегона қилишмабди. Бу ерликлар далил-исботга ўч, маҳкамаларидаги энг севган машғулотлари баҳсу мунозарага киришиш экан. Зажа ундаги файласуфлардан риторика, мантиқ ва метафизикадан дарс олибди, билимда энг яхши олимлар билан тенгма-тенг баҳслашадиган, ҳали сўфи азон айтмай туриб, субҳи содиққача мубоҳаса қилиш илмига эга бўлибди.
Шарқий Қиролликка етиб келган пайтда Зажа етук инсон бўлиб етишган эди. Ушбу қиролликка ташриф буюраркан, унга нисбатан расмиятчилик ва маданиятни жойига қўйишибди, Зажа бир паста бу ерликларнинг тутуми ўзгачалигини ҳис қилибди. Ҳарбий академияга уни кадет сифатида қабул қилишибди. Аммо, орадан уч кун ўтиб, у ердаги навқирон йигитлардан ҳарб сирлари-ю, одамларни асфаласофилинга жўнатиш усуллари хусусидаги маърузаларни тингларкан, бу жой асло ўзига мос маскан эмаслигини англабди.
Қиролликда бир ёш йигит бўлиб, барча унга алоҳида ҳурмат кўрсатар, академиянинг гули, дея бу шуҳратга кўмилган жангчини жуда яхши кўрарди. Қолаверса, йигит шу ерлик Қиролнинг жияни эди. Кунларнинг бирида Қирол кадетлар бўлинмаси машғулотларини кўришга келибди. Ўз жиянининг енгил ҳаракатларидан завқланган Қирол хурсанд бўлиб, кадетлар устозини ҳузурига чорлабди ва унга “Анави йигитчага кўпроқ эътибор қаратгин”, деб тайинлабди. “У бир кун буюк жангчи бўлиб етишади. Унинг итникидай метин руҳи бор экан”, дебди. Шу кундан бошлаб ўша йигитни “Шумака” деб чақирадиган бўлишибди, бу қадимда исковуч итларга нисбатан ишлатиладиган атама экан.
Зажа бу ерда қандай фойдали нарса ўрганиши мумкинлигини ўйлаб, боши қотибди. У қуролдан фойдаланишни ўрганишни рад этибди, чиниқувчи машқларни бажаришга рўйхушлик бермабди. Бир куни устози уни қандайдир қудуқнинг олдига олиб келганида, Зажа қудуққа олма ташлабди.
– Қани, ким бу олмани ўқ-ёйи ёрдамида қудуқдан чиқариб олади? –сўрабди у. Курсантлар қудуқ тубида ётган олмага мўралашибди.
– Ўқ учига арғамчи боғласа бўладими? – деб сўрашибди улар.
– Йўқ, ҳеч қанақа воситадан фойдаланмасдан, фақатгина ўқ-ёй билан, – жавоб қилибди Зажа.
Курсантлар бу жумбоқни қандоқ ечишни ўйлаб бош қотиришибди. Сўнг Шумака бир қадам олдинга чиқибди. У қудуқ ичидаги олмага қарабди-да, ўқдонидан бир ўқ чиқариб, мўлжалга олиб отган экан, ўқ олмани тешиб ўтибди. Кейин эса бошқа бир ўқни отиб, уни биринчи ўқнинг бандига санчибди. Сўнгра яна ва яна ўқларни қудуқ ичига шундай мўлжаллаб отибдики, натижада қудуқ бошида кўринган ўқни аста юқорига кўтарганида, ўқлар кетма-кетлигининг энг сўнггисига олма илашиб чиқибди. Бу ҳолни кўриб турган атрофдагилар унинг бундай жасоратига қарсак чалиб юборишибди. Шумаканинг энг яқин сафдошлари эса ўзлари ўйлаб топган қўшиқни куйлаб юборишибди, имконият туғилди, дегунча исталган пайтда уни куйлаш одат тусига кирган экан-да:
“Шумака, Шумака
Қўрқинчли шунақа”,
– деб хониш қилишибди улар. Аммо Зажа лаганбардорларнинг шовқинини босиб тушар даражадаги овозда шундай дебди: “Агар олмани қудуқдан чиқариш вазифа қилинган бўлса, санчқисимон калтакдан фойдаланиб, бу масалани осонроқ ҳал қилиш мумкин бўлмасмиди?”
Орага чўккан жимлик бу савол замирида Шумаканинг жасоратига нисбатан ҳақорат залвори мавжуд эканини яққол намоён этди. Оломон буни ҳис қиларди.
Шумака ғазаб отига минибди. Зажага яқинлашиб, қўлидаги қилич билан ўқталаркан:
– Сен айтган ўша санчқисимон калтакни кетингдан ўтқазиб, чўчқадай жизғанак қилиб пиширишга ишлатган бўлардим, – дебди.
– Ҳақиқий кўппакнинг жавоби бўлди, – жавоб берибдт Зажа.
– Ярамас кўппак, итдан тарқаган! Сени яккама-якка курашга чорлаган бўлардим-у, лекин ўрнингга битта аёл киши билан кураш тушганим афзалроқ бўлур эди. Акс ҳолда одамлар менинг устимдан кулиб юришлари мумкин.
– Барибирам сенинг одамларга мазах бўлганинг қолади.
– Кўппакнинг сўйлоқ тишларидан эҳтиёт бўл, – жавоб қилибди Шумака чексиз нафрат билан ва одамлари қуршовида кўздан нари кетибди.
Бир оз муддатдан сўнг Зажа арғамчи ўйнаб қўшиқ куйлаётган болалар олдидан ўтибди ва уларга яқинлашиб:
–Арғамчи ўйини учун янгича қўшиқ айтишни истайсизларми? – деб сўрабди. Болалар бараварига “ҳа” деб бош ирғашибди.
–Унда арғамчингизни айлантиринг, мен қўшиқни айтиб тураман.
Болалар чуғурлашиб арғамчини айлантира бошлашибди, Зажа эса сакраганча қўшиқ куйлай кетибди:
“Шумака, Шумака,
Бир, икки, уч,
Шумака, Шумака,
Келдик кимга дуч?
Шумака, Шумака,
Кўтариб оёқ
Шумака кўппакдек
Ҳўллайди япроқ”.
Болалар Зажанинг қўшиғини тинглашаркан, қиқир-қиқир кулишибди, айниқса у ит орқа оёғини кўтариб, битта оёқда сийишини мимика билан кўрсатиб бергани болаларни роса кулдирибди, чунки улар ҳам Шумакани хуш кўрмасликлари аниқ эди. Уларнинг бири “Шумакага бу қўшиқ сира ёқмайди”, дебди.
– Албатта, ёқмайди-да. Ахир у кулгули бўлса, Шумакада эса юмор ҳисси яхши ривожланган. У бу ҳазилни ҳазм қиладиган одам, – дебди Зажа кулгига олиб.
Болалар қайтадан арғамчи ўйнашда давом этишибди, фақат бу сафар Шумакани эрмак қилиб ашула айтаркан, кимўзарга дарахтни ҳўллаётган итни ўхшатишга тиришишибди. Саноқли кунлар ичида қиролликдаги барча болалар арғамчи ўйнаб, янги қофияли қўшиқни куйлашни ўрганиб олибди, шумтакаларча ирғишлаб, қувнаб-қувнаб қўшиқ айтадиган бўлибди. Бироқ, кунларнинг бирида қайсидир болакайни дарахтга осиғлиқ ҳолда топишибди, унинг бўйнига тортилган арқон жаллоднинг сиртмоғи каби экан. Шу воқеадан кейин янги қофияли қўшиққа, арғамчи ўйинига чек қўйилибди, кўчаларда болаларнинг шўх-шодон овозлари-ю қийқириқлари босилибди.
Фасл сўнггида Шумака гуруҳи Академияни тамомлайдиган пайт яқинлашибди. Ҳамма Шумака битирув имтиҳони сифатида қандай каромат кўрсатаркин, деб интиқлик билан кутибди, чунки у Академия тарихидаги энг умидли кадет экан. Бошқалар камалакдан ёй отиш, қиличбозлик, найза санчиш бўйича маҳоратларини намойиш қилишга тайёргарлик кўришибди. Аммо Шумака уч кун дом-даракиз кетибди. У қайтиб келганда, каттакон залда зиёфат бошланган экан. Шумака орқасига тўрва осиб олганча тўппа-тўғри энг тўрдаги стол томон юрибди, кейин эса қирол олдида тўрва оғзини очиб, уни силкибди. Ундан учта бош ерга қулаб тушибди.
– Бу бошлар Аналли ҳукмдори Коналлнинг жангчи ўғилларига тегишли. Улар Қиролимизга бўйинсунмай келаётган эди. Мен уларнинг ҳар брини алоҳида курашга чорладим ва ер тишлатдим. Эркаклари учун аза тутган Аналли аёлларининг доду фарёди еру кўкка сиғмайди бу кеча, – дебди Шумака.
Йиғилганлар гулдурос қарсак чалиб юборишибди, Шумака тарафдорлари бўлса оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ урганча қўшиқ куйлай кетишибди:
“Шумака, Шумака,
Паҳлавон шунақа!”
Қиролнинг ўнг тарафида ўтирган армия қўмондони фахрга тўлиб кетиб, “Шумакадай қаҳрамонимизга рақиб бўлгучи бирор кимса топилдимикан шу кунгача?” деб савол ташлаган бўлибди.
Шу маҳал Зажа ўрнидан туриб “Мана, мен борман!” дебди. Бутун залга совуқ жимлик чўкибди.
– Мен Шумакадан Аналли ҳукмдори Коналлнинг уч нафар ўғлини ўлдириш нега зарур бўлиб қолди, деб сўрамоқчиман. Энди ҳукмдор Қиролимизга яхшилик билан бўйсунади, деб ўйлайсизми? Хўш, нима унда? У энди нафрат ўтини аланга олдирмайдими? Айнан шундай бўлиши аниқ. Агар Шумака Қирол ва Ҳукмдор ўртасида мавжуд муаммони бартараф этолмаган, қайтанга уни оловлантирган экан, нега у Аналли аёлларининг ўлим талвасаси устида чилдирма чалмоқда?
Шумака жаҳлдан бўзариб, Зажага юзланибди. Унга қарата:
– Мабодо бу билан муаммо ҳал қилинмаса, унда орада уруш чиқади, биз бу урушда қатнашиб, ғолиб бўламиз ва шон-шуҳратга кўмиламиз, –дебди. Зажа унга шундай жавоб қайтарибди:
– Беҳуда каллакесарлик ортидан келган нарсани шон-шуҳрат деб бўлармиди? Муштипар оналарнинг мунгли-мунгли фарёдларига жимгина қулоқ тутишнинг завқи нимада? Буни асло шон-шавкат деб бўлмайди. Бу аслида шармандаликдан бўлак нарса эмас!
–Бу қўрқоқларнинг гапидир, бундай бемаъни гап юртдошларимиздан чиқмаслиги керак. Агар сен Қиролнинг марҳамати-ю ҳимояси остида бўлмаганингда борми, сени дуэлга чақирган бўлардим, аммо барибир бир кун сен билан яна тўқнаш келишимиз бор, унгача ўқ-ёй отишни-ю қиличда чопишни ўрганиб турсанг бас, – дебди Шумака. Зажа эса:
–Арғамчи билан ҳам мақсадга етиш мумкин экан, қиличу камонга не ҳожат? – дебди.
Йиғилганлар яна оғир сукунат ичида қолибди. Ҳамма арғамчи ўйнаб айтиладиган ашуладан бохабар, болакай нега ўлдирилгани сабабини аниқ билар, аммо ҳеч ким юрак ютиб бу масалани баралла айтолмаганди.
Шумака нима дейишини билмай гунг қотибди. Қарши нимадир дейиш ўша жиноятга алоқадор бўлганини тан олиш билан баробар бўлгани учун у жимгина тортишувни бас қилибди. Аммо Зажа бундан буён ўз ҳаёти хавф остида қолганини билиб, зални тарк этибди. Шумака билан сафдошлари зиёфат тугамагунча зални тарк этолмабди, шу боис Зажа кеч бўлмасдан туриб, қочишга улгурибди.
Қидирув
Зажа ҳали донишмандлик чўққисига етмай ва Илонни енгмай туриб, Марказий Қиролликдаги уйига қайта олмабди. Шу боис дунё бўйлаб саёҳатини давом эттириб, бу сафар донишманд кишилар, авлиёлар ва дарвишларни излашга тушибди.
Ҳеч ким унга Илон билан тил топишиш ҳақида маслаҳат беролмабди. Бу мавзуда дарвишлар ҳам, авлиёлар ҳам, донишмандлар ҳам гапиришни хушлашмас экан.
Шу тариқа у бир табибга, олдиндан башорат қила олувчи кампирга дуч келибди. Ҳали оғиз очмасидан туриб, кампир Зажанинг нима излаб юрганини айтиб берибди. Ҳали олдинда кўп йўлларни босиб ўтишини билдирибди. Зажа Илон ҳақида эслатганда, кампир бошқаларга ўхшаб жим қотиб қолмабди.
Зажа унинг уйида уч кеча-ю уч кундуз қолиб, кампирнинг ўша атрофдаги ўт-ўланларни ва мева-чеваларни йиғишини кузатибди. У кампирни сира безовта қилмай, уни ўз ишида холи қолдирибди, чунки кампир Зажанинг муаммосини ҳал қилиш учун куйманиб юрганини биларкан.
– Сен Илонни ботаётган қуёшдан излашинг лозим. Донишмандликни эса чегаралардан, маконлар орасидаги бўшлиқлардан қидирмоғинг керак. Яъни сен ғарб ёки шимол эмас, балки ҳар иккисининг оралиғи бўйлаб йўлга отланишинг даркор. Эсингда бўлсин, излаётганинг макон на қуруқлик, на денгиз ва на ҳавода, балки уларнинг орасидадир. Ана ўша жойда ботаётган қуёш олови сўнади, ўша маконда Илон ҳордиқ чиқариб ўтиради, – дебди қария.
– Ўша жойнинг оти борми? – сўрабди Зажа.
– Уни овчилар макони – Тийрароғ, дейдилар. Агар ёзнинг ўрталарида қуёш йўналишига томон юрсанг, у жойни топиб оласан, – дебди кампир.
Зажа унга миннатдорлик изҳор қилиб, ғарб ва шимол оралиғи бўйлаб йўлга равона бўлибди.
Кўл бекаси
Бу унинг, Зажанинг шимоли-ғарбдан то тоғлар орасидаги кўлгача босиб ўтган йўлларининг сарҳисоби эди. Кўл ойдин тун ёруғлигида ярақлаб тобланар, гўё одам оёғи етмас тоғлар бағрига ўрнатилган қимматбаҳо тошни, гавҳарни эслатарди. Бу кимсасизлик ва сукунат навқирон одам онгига ёқимли таъсир қилар, бу ерда яна бир неча кун қолишни ва тин олишни ихтиёр этарди. Яқин орадаги балиқчининг кулбаси тунаш учун қўноқ вазифасини ўтади.
У теварак-атрофда мўл-кўл сочилиб ётган ўтинларни бир жойга уюб, олов ёқди. Тун чекина бошлаши билан кўлни кўздан кечира бошлади. Кўл атрофидаги ёқимли сукунатни онда-сонда олисдаги қирмизи тоғлар бағрида юрган қўй-қўзиларнинг баъраган овози бузади. Кейин унга турли овозлар эшитилди, ёки шундай туюлди. Бу овоз майин куйлаётган аёл кишининг овози эди.
Тасаввур ўйинлари эмасмикин бу, деган хаёлда унинг бутун вужуди қулоққа айланди, янада диққат-эътибор билан эшитишга уринди. Кўпроқ чалғитувчи, қандайдир ноаниқ бу овоз кўлнинг ортидан – олисдан келарди гўё. Бу мавҳумликни англаш учун қанча уринмасин, барибир ҳалиги овознинг нима эканини аниқлай олмади. Овоз эса тобора кучайиб, бирдан тамомила ўчди. Бу бир маромдаги қўшиқ оҳанги уни таъқиб қилаверар, қулоқлари остида жаранглаб тураверарди. Ахийри у қаттиқ уйқуга кетди.
Эрталаб уйқудан уйғонаркан, аввалига ажойиб бир туш кўргандек, қулоғига ўрнашиб қолган ҳалиги оҳангни ҳам тушида эшитгандек бўлди. Аммо… тезда ҳуши жойига келди, ахир бу овозни шамол олиб келган эди, бу эса туш бўлиши мумкин эмас…
У чопиб ташқарига чиқди ва кўл томонга кўз югуртирди… Ажабо…Кўл устидаги ажиб бир манзара уни лол қолдирди. Сулув бир қиз кўл устида гоҳ оҳиста одимлар, гоҳ югурар, рақсга тушар, кичкинагина оролча томонга ҳилпираб-ҳилпираб борарди… Қизиқ, негадир кеча у бу оролчани умуман пайқамаган экан… Қиз қўшиқ куйларди… Зажа кўзларини бир неча марта ишқалаб, яна қайта-қайта қаради, тушимми, ўнгимми дегандай… Бу туш эмасди…
У тезда нонушта қилди. Кейин кўл ва оролчани яхшироқ кўриш учун яқин орадаги тоғ қиялигига кўтарилди. У бутун атроф кафтдагидай кўринадиган ўша кўзланган чўққига етиб борганида, қуёш тиккага келганди.
У орол томонга назар ташлади. Аммо орадаги масофа жуда узоқ бўлганидан на ўша қизни, на у ердаги бошқа одамларни илғаб бўлмасди. Кейин у қизнинг соҳил томонга қараб юрганини кўрди, у сув устида оҳиста қадам ташлаб борарди.Яна қизнинг майин ҳиргойисини эшитди… Қиз гўё қаттиқ муз бўлагини четлаб ўтиш учун сакрагандай ҳаракат қилди.
Зажа уни диққат билан кузатди, қиз кўлнинг нариги томонида – соҳил бўйида алоҳида ажралиб турган катта бир тош ёнига келди, у айнан ўша тошни белгилаб, мўлжал қилиб олди. Тез орада қизнинг қораси узоқлаша бошлади, у қуруқликка етиб борди. Зажа тезда тоғ қиялигидан пастга тушди ва кўл бўйлаб ўша ўзи белгилаб қўйган тош томонга қараб юрди. Сувдан чиқиб турган дамба тошлар ортини диққат билан кўздан кечирди, уни қидирди. Аммо қиздан дарак йўқ эди. У соҳил бўйини, яқин-орадаги кўлга тушиб келувчи тоғ сўқмоқларининг ҳаммасини кўздан кечириб чиқди. Кейин у ҳалиги катта тош ортига яшириниб, қизнинг пайдо бўлишини кутишга қарор қилди.
У тош ортида куни билан навбатчилик қилди. Оқшом чўка бошлади. Қуёш уфққа бош қўя бошлаганда, яна ўша таниш ҳиргойи қулоққа чалинди. Овоз келаётган томонга ўгирилиб қараган эди, қизнинг қомати кўринди, қиз яқинлашгани сари унинг ҳиргойиси аниқ-тиниқ эшитила бошлади. Кейин у бирданига бор овози билан куйлай бошлади, ҳамда сув устида енгил қадам ташлаб юра кетди. Қизнинг қўшиғи унинг қадди-қоматини кўтариб ҳиссиётли тўлқинлар узра учаётганга ўхшарди. Бу манзара шундай қувонч эди гўё, уни беғубор бир махлиқога айлантиргандай…ва ҳайратлар оғушида ўзи кўзлаган оролчага астагина кўтариб жойлаштиргандай… У шу қадар чиройли эдики, гўё бутун оламда мавжуд нафосату гўзалликлар биргина шу хилқатда жамлангандек эди. Сув устида енгил учиб сирпанаётган қизни кузатар экан, Зажа ақли ҳушини йўқотганди. Нима бўлди-ю, бирданига кўз ўнгида айланиб куйлаётган қиз ғойиб бўлди-қолди. Йигитнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ҳайрати янада ортди. Нега бундай ҳол юз берди? Наҳотки, оролчада ёш йигитни учратгани уни шунча қувонтирган, ҳаяжонга солган бўлса?
Қиз оролчадан ғойиб бўлгач, Зажа тош панасидан чиқиб, қиз ўзининг сув устидаги нафис саёҳатини бошлаган ўша жойни ўрганиш, тадқиқ қилишга жазм этди. Аммо улар қулай йўналишда эмасдилар. Зажа тошларни сувга ўрнатди, улар устига галма-гал оёқ қўяр, босиб ўтгач, ортидаги тошларни олиб яна олдига ташларди. Олд томондаги тошга оёқ босмоқчи бўлганида, бирданига сирпаниб, сувга тушиб кетди. У бир неча бор уринди, ҳатто йўқотилган, бой берилган қадамларини топишга ёрдам берармикин, деган умидда калтак олиб келиб уриниб кўрди, аммо оддий математик ҳисоб-китобларда ноаниқликка йўл қўйгани учун буни уддалолмади.
Кун қиёмга келди, унинг кийимлари қуриётганди, у эса катта тош панасида ўтирарди. Шу вақт у яна қизнинг овозини эшитди ва унинг сув бўйлаб келаётганини кўрди. Энди у яширинмасдан, бор вужуди билан ўзини яққол намоён этган ҳолда қизни кузатарди, унинг яқинроқ келишини кутарди. У сув устига тортилган кўринмас ипларни эҳтиёткорлик билан ҳатлаб ўтаётгандай, тор йўлакчаларни бир-бирига боғлаб бораётгандай аста одимларди. Қиз қаттиқ ерга қадам босганида, хотиржам атрофга назар ташлади ва Зажани кўрди. Қиз Зажанинг шалаббо уст-бошини кўриб, хандон отиб кула бошлади.
– Демак, сен шунақа беўхшов аҳволингда оролни кесиб ўтмоқчи
бўлдингми?
– Мен илм излаб йўлга чиққан мусофирман, – деди Зажа. – Сенинг
оромбахш қўшиғинг мени ўзига ром этди, қизиқишимни орттирди, сув бўйлаб пиёда одимлашинг эса юрагимда бироз қўрқинч ва хавотир уйғотди.
– Хўш, энди кўнглинг жойига тушдими?
– Аксинча, сени у томонга жуда ғайриоддий тарзда етказаётган бу антиқа манзаранинг тагига етиш учун мен бу оролда яна ва яна кўпроқ тентирашга ҳам розиман.
– Бу қувонч ва хушвақтлик оролига йўл топиш учун жуда кўп вақт сарфлашингга тўғри келади, деб қўрқаман. Чунки бефойда уринишларингни, беўхшов хатти-ҳаракатларингни кўриб турибман, қадамларинг жуда беўхшов…
– Унда ўша нозик ва енгил қадамларингни сири нимада эканлигини менга айт, мен ўша Қувонч оролида лаззат ва фароғатни сен билан бирга баҳам кўраман.
– Кўриниб турибдики, ҳали сен буни тушунишга қодир эмассан… Орол лаззатлар макони эмас, у қувонч маскани… Лаззат тана, вужуд томонидан ҳис қилишга асосланади. Бундай вужудий лаззатни туйиш ҳайвонларга хос. Қувониш учун, қувончни ҳис қилиш учун эса Руҳни, Юракни жалб этиш керак.
– Унда менга бу оролнинг сирларини оч, ўргат… Мен жуда тиришқоқ шогирд бўламан.
– Аммо… мен сенга оролни шунчаки тақдим эта олмайман… Бу оролга кириш имкони саноқли одамларгагина насиб этади…
– У ҳолда ўша ғайриоддий қадамларинг сирини оч менга, уни ўзлаштиришга ҳаракат қилиб кўрай… уддасидан чиқолмасам ҳам ҳозирча…
– Бу оролга қадам босгунингча, сенда мантиқ ва риёзиёт билан шуғулланишинг учун жуда кўп вақт бўлади.
– Хўп, майли. Унда менга калитни бер ва мен кўл устида худди сенга ўхшаб одимлай…
– Калит! – хитоб қилди қиз кулимсираган ҳолда. – Сен ҳамма нарсани жуда осонлаштириб, жуда қисқартириб юборяпсан. Агар кўл юзасини босиб ўтмоқчи бўлсанг, энг аввало куйлашни ва рақсга тушишни ўрганиб ол… Калит аслида мана шу!
– Унда менга куйлашни, рақсга тушишни ўргат!
Қиз унга бошдан оёқ назар ташлаб чиқди. “Уни келишган йигит, деса бўлади”. Қизнинг бунга чиндан ҳам ишончи комил бўлди. Қиз йигитнинг у билан ўша оролга бориш иштиёқи шунчалик жиддий эканига шубҳа қилганди.
– Яхши, сенга куйлашни ва рақсга тушишни ўргатаман, аммо
ихтиёримизда фақат икки ҳафта бор. Мен оролга боргунимга қадар… унинг тўрт куни ўтиб ҳам кетди… Шундай экан, сен жуда тез ўрганишинг керак. Ҳар куни кун чиқар чоғда ва яна кун ботар маҳалда мен шу ерда бўламан… Шундай экан, ҳар тонг, ҳар субҳ чоғи қайтар маҳалим сенга ўргатаман. Аммо сени огоҳлантириб қўйишим керак, бу орол томонга йўл олган киши учун одатий ҳол эмас, бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин…
– Менинг вазифам – илму урфон, ҳикмат излаш… Қандайдир нохуш оқибатлар мени чўчитолмайди…
– Жуда яхши, – деди қиз.
Шундай қилиб Зажанинг сабоқлари бошланди. Аввал рақс сабоқлари… То унинг танаси усулга тушиб, кейин мусиқага мос тарзда қимирлашни уддаламагунча… Кейин қўшиқ куйлаш машқлари… Бу машғулот ҳам унинг қовушмаган овози рисолага тушмагунча, сувда акси кўринаётган ялтироқ балиқчанинг жилоси сингари жозиба касб этмагунча давом этади.
Ва ниҳоят, қадамларни усул билан, мусиқа билан боғлаш, уйғунлаштириш жараёни бошланди… токи ҳамма ҳаракатлар ўзаро уйғунлашиб, бир бутун бўлгунича, ёки уларнинг бири бошқаларидан ажралмас ҳолга келгунича…
Қиз унга кечани кеча, кундузни кундуз демай сабоқларни ўргатишда давом этарди. Унинг оёқлари бир-бирига урилиб, қўллари белларига уланиб, ҳаракатлари яхлит ҳолда рақс шамойилини олмагунча ва бутунлай куй, оҳанг талабига бўйсунмагунича давом этарди бу сабоқлар…
Шу тариқа у тажриба орттириб борди, секин аста муваффақиятли натижалар юз кўрсата бошлади. У ўзини худди нафис ифордай чунонам енгил тута олар даражага етдики, нақ момоқаймоқдай пуф деса учиб кетадигандай, бемалол у ёқдан бу ёққа солланиб бориб келадиган, кўнгли тилаган томонга бемалол ҳилпираб учиб ўта оладиган бўлибди.
У иқтидорли шогирд бўлиб чиқди ва қиз унга сон-саноқсиз қадамларни ва қўшиқларни, жуда кўп тароналарни ўргатди, унинг аллалари шу қадар оромбахш эдики, ҳатто ўлжасига ташланаётган бўри ҳам бу майин оҳанг оғушида бўшашиб, пинакка кетарди гўё. Унинг мадҳиялари ўлган одамнинг вена томирлари орасидан ўтган қон йўлакчаларини қайта тиклашга қодир эди. Йиғлоқи оҳанглари чучук сув оқимларини шўр сувларга айлантирувчи қудратга эга эди. Муҳаббат қўшиқлари эса совуққон ва мағрур тоғ чўққиларини ўзгаларнинг дардини ҳис этишга, кимдир бировнинг ҳасрати билан оғришга мажбур қиларди.
Қиз унинг олдида ва атрофида гир айланиб рақсга тушар экан, рақс ва оҳангнинг эркаловчи усуллари оғушида унинг чиройли ва бежирим қомати янада нафислик кашф этар, янада ўзига хосликка бурканар эди. Зажа қизга эҳтирос билан тикилар, у томон қўлларини узатиб тегинишни жуда-жуда хоҳлар, бироқ, қиз ҳар гал унинг юксак парвозини, уларнинг юксак парвозларини чеклашга қилинган ҳар қандай уринишга чап берарди. Ва яна у шуни ҳис қилардики, айни пайтда бошланган рақс бетакрор ва муҳташам бир уйғунликнинг авж нуқтаси – кульминацияси эди.
Ниҳоят, қиз Зажага кўл орқали Шавқ оролига элтувчи куй, қўшиқ ва рақсни ўргатибди. Кузги тенгкунликдан олдинги тўлин ой тўлиб-тўлиб бораётган маҳал эди.
– Байрам тантаналари янги ой чиқиши билан бошланади, ой тўлгунча давом этади, – тушунтирибди қиз. Кўл бекаси ҳосил байрамида ижро этиладиган энг муҳим тадбир саналмиш оролдаги маросимни ташкиллаштириш учун танлаб олинган ва махсус тайёрланганди.
Зажа бир оз хавотир олаётган, аммо нима бўлишини кутиб, қизиқсиниб турарди. У бу саёҳатда хавф-хатарга йўлиқиш мумкинлигини биларди. Лекин у ўзини яхшилаб тайёрлабди, кўл бекаси кўл устидан енгил-енгил қадам ташлаганча учиб ўтаётган маҳал Зажа ҳам унга эргашибди. У бутун диққатини расқга қаратиб, на ўнгга, на сўлга қарабди, на атроф гўзаллигига ва на қизнинг келишган қадди-қоматига назар ташлабди. Ахири оролга етиб келибди. Қиз ён-атрофга боқиб, Зажанинг келаётганини кўрибди, юзлари лов-лов ёниб, ишқ ўтида алангаланибди. У Зажани қўлларидан тутиб, нафосат ила илиққина бағрига босибди.
Бироқ, бу пайтга келиб, қуёш уфқ ортига чекина бошлаган, қиз улгуриши керак бўлган бошқа юмушлар ҳам бор экан. У йигитни оролнинг энг баланд жойига олиб келибди, у ерда қоятошдан ясалган бир стол бор экан. Стол устида денгиз сайқаллаган учта думалоқ тош турган эмиш. Қуёш оролга тушмай туриб, қиз у тошларнинг ҳар бирини соат миллари йўналишида тўққиз мартадан айлантириб чиқибди.
– Нега тошларни тўнтариб чиқдинг, – сўрабди Зажа.
– Чунки бу ҳосил байрамида қилинадиган тадбирларнинг бири. Бу бизга ризқ ва нур келтирувчи қуёшга бўлган эҳтиром ва шукроналик белгисидир. Унинг ҳурмати шарафига шундай қиламиз.
– Бу ишни қилмасанг нима бўлади?
– Омад биздан юз ўгириши, келаси йил ҳосили яхши бўлмаслиги мумкин. Бу тошларни қут-барака тошлари дейишади. Фақат баъзан оролга қадам ранжида қилиб турадиган айрим ёвуз аёллар кимнидир лаънатлаш учун янги ой чиққан тим қоронғу тунларда тошларни соат миллари йўналишига қарши қаратиб қўяди, бундай тошларни лаънатловчи тошлар дейилади.
– Менимча, сенинг дуойинг юз нафар ёвуз ниятли аёлнинг баддуосига бас кела оладиган кучга эга.
– Эртага эрталаб байрамнинг охирги тонги бўлади. Кел, бу тунни шу ерда ўтказамиз. Унинг гашти ўзгача бўлгуси, агар истасак, иккаламиздан буюк ва яхши бир ўғил туғилиши мумкин.
Зажа қиз билан бирга бўлишни жуда-жуда истабди, аммо тантанали тақиқ ёдига тушиб қолибди. У, эман кўчатларини охиригача қолиб ўстирилмайдиган жойга унинг мевасини экиш ярамайди, деган тақиқ экан. Шундагина Зажа бу сўзларнинг аҳамиятини аниқ тушунибди. Ҳозирнинг ўзида жону танининг ҳузурини ўйлаб, қиз билан қолиши, буюк ва ажойиб ўғиллар кўриши ва уларга гўзал тарбия бериши мумкин эдику-я, лекин ўз тақдири бошқа жойда эканини биларди. Шу боис оғир “уҳ” тортиб, қизга мурожаат қилибди.
– Сен билан қолиб, кўнгилхушлик қилиш, бир этак ўғил кўриш менга ҳузур бағишлайди. Бироқ, мен олдимга қўйганим вазифани бажаришда давом этмасам, уни якунига етказмагунча қаердадир қолиб кетмаслик ҳақидаги қоидага риоя қилмасам бўлмас. Эрталаб сафарга чиқишим лозим. Сен билан ҳаёт риштамни боғлаш, бирга-бирга умргузаронлик қилиш ва қарилик гаштини суриш истагим нечоғли кучли бўлмасин, мен ўзим ҳам қолиб, кўчатларни ўстирмайдиганим жойга уруғ қадамасликка мажбурман.
– У ҳолда сен мени йўлдан оздирибсан ва ё мен ўзим, сенинг бу оролга келишдан мақсадингни нотўғри тушунибман. Афсуски, бу сенга ҳам, менга ҳам кулфат келтириши мумкин.
– Сенга ҳеч қачон бахтсизлик тиламайман. Ўзимнинг бошимга эса қанақа кулфат келса, уни қабул қилишга тайёрман.
–Аслида сени лаънатламасам, сенга ҳеч нарса бўлмайди. Гарчи мен билан бирга бўлишни рад этган бўлсанг ҳам, сени лаънатлаш сира қўлимдан келмайди.
– Сен яхшиси мени лаънатлай қол, илтимос қиламан. Шунда устимга ёғиладиган кулфатларни осонроқ қабул қиламан, шунда сенинг кўнглингни оғритмадим, деб ҳисоблайман.
– Шубҳасиз, шу ўтган кунлар ичида мен сенга бутун борлиғим билан боғландим, қалбимни тутдим. Сен эса… мени қайғу домига ташламоқдасан. Сени лаънатлаш… йўқ, бундан юрагимдаги оғриқ янада кучайиши турган гап.
– Аммо, шундай қилмасанг бўлмайди асло. Ўша лаънат сўзларини айта қол.
Қиз учта тош турган стол олдига келиб, уларнинг ҳар бирини соат миллари йўналишига қарши тўққиз мартадан айлантириб чиқибди.
–Энди менга айтақол, бу қандай тавқи лаънат бўлди? – сўрабди Зажа.
– Сен ҳеч қачон ўғил кўрмайсан, – жавоб қилибди қиз ғамгин оҳангда.
– Майли, шундай бўла қолсин, – дебди Зажа. Кейин эса кўл устидан рақс тушганча учиб-учиб орқага қайтибди.
Тийрароғда
Зажа ботаётган қуёш кетидан шимоли-ғарб тарафга юрибди. Илм йўлида сафарга отланган зиёратчи сифатида қаерга бормасин, унга ёрдам берадиганлар, йўл кўрсатадиганлар топилибди. Одамлар, гарчи ўзлари ҳеч қачон боришмаган бўлса ҳам, Тийрароғ деб аталмиш жойни, овчилар маконини, тоғлар билан денгиз ўртасидаги масканни билишар экан. Уларнинг айтишича, илм олиш дегани, бу жойда деҳқончилик ё балиқчилик, ҳосил ўриш ёки қишки иситиш ишлари билан шуғулланиш каби ҳар кунги юмушлар билан банд бўлмоқлик экан.
У ўзига кўрсатилган тарафга қараб кетаверибди. Қурбонлик қояси, Қалтироқтош деган жойлардан ўтибди. Тоғ водийсидан, Балиқкўлдан, уларга элтадиган йўлни қўриқлаб турган Овчилар уйидан ўтиб, пасттекисликни излаб кетибди. Пасттекисликдан нарида чек-чегараси кўринмайдиган денгиз кўринибди, устида паға-паға булутлар кезиб юрганмиш. Зажа кўзлаган манзилига етиб келганини англабди. Бу айни само, денгиз ва тоғ ўртасидаги қуёш оловли ҳовурдан тушиш учун чўмилиб оладиган бир чегара маскан эди.
Зажа бир нечта қўйчивонни учратиб, илм излаб юрт кезаётганини ва асл мақсадини тушунтирибди. Улар Зажани Лекан қаср деган томонга бориши кераклигини, у ерда машҳур олимлар сулоласи қарор топганини айтиб, ўша томонга кузатиб қўйишибди.
Зажа у ерга етиб бориб, у жойнинг қўриқланадиган мустаҳкам қалъа эмас, балки ўнлаб кичик-кичик кулбалар жойлашган каттакон қўрғон эканини кўрибди. Уни жуда илиқ кутиб олишибди, илм толиби эканини айтгач эса кулбаларнинг биридан яхшигина бошпана ажратиб беришибди.
Қўрғон атрофидаги кулбалар жойлашган қишлоқ фавқулодда бир жой эди. У ерда яшаётган баъзи кишилар Зажа сингари ёш толиби илмлар экан. Унда яна турли ҳунармандлар, фиқҳ ва тарих муаллимлари, хаттотлар, муқовачилар, шоирлару бахшилар яшашаркан. Ораларида ҳар хил соҳага ихтисослашган ёлланма ишчилар, жумладан, деҳқонлар, новвойлар, ошпазлар ва бошқа касб эгалари бўлиб, улар бутун жамоа эҳтиёжларини қоплашда зарур бўлган хизматларни бажаришаркан.
Бу ерга юборилган баъзи талабалар ўқиш ҳақини тўлаш учун тилла тангалар солинган халталар билан кириб келишарди. Зажанинг эгнидаги либосларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди. Шунинг учун ҳам у кўнгилли равишда ҳунармандлар, усталар ва кимга ёрдам керак бўлса, ўшалар билан ишлабди. Шу тариқа у аввал ўзи жуда яхши ўзлаштирган ҳунарларига қўшимча тарзда янгидан-янги нарсаларни ҳам ўрганиб олибди. У хаттотлик, шоирлик ва ҳикоячилик сирларини, эски тилларни, тарихни ва барча қадимги оилаларнинг келиб чиқишини ўрганибди.
Бу ғаройиб мактабни Мак Фирбис оиласи бошқариб келарди. Минг йилдан ортиқ вақтдан бери, бошқарувни отадан болага ўтказиш анъанаси асосида бу оила илм ва иқтидорни бир авлоддан иккинчисига ғайритабиий равишда силлиқлик ва етуклик билан етказиб келаётганди. Зажа бундай ғаройиб илм масканига келганидан ўзида йўқ хурсанд, шу тахлит у ерда уч йил қолиб кетибди.
Олим
Зажа Лекан қасрда, олиму илм толиблари ичида уч бахтиёр йилни ўтказибди. Гарчи ўзи истамаса ҳам, учинчи йил охирига келиб, Зажа энди кетишим керак, деган қарорга келибди. У оила бошлиғи Мак Фирбис ва қадрдон бўлиб қолган бошқа кишиларни ўз ниятидан воқиф этиш, барчаларига чуқур миннатдорлик изҳор қилиш ва улар билан хайрлашиш мақсадида ҳузурига чақирибди.
Уни қасрнинг энг баланд қисмида жойлашган, “Китоблар дунёси” деган хонага бошлаб чиқишибди. У ерга киришдан аввал, Зажа бир зум остонада тўхтаб қолибди. Бу хонани биринчи марта кўриб туриши экан. Фақат оила аъзоларигина бу ерда ишлашарди холос. Унда 4 та парта бўлиб, ҳар бири деворга қаратиб қўйилган, ҳар бирида котибнинг ёзув қуроллари мавжуд эди. Қолаверса, хонада ёғочдан ясалган бир нечта босув жиҳози ва кўплаб тери муқовали тайёр китоблар турарди.
Парталарнинг бирида Зажага орқа ўгириб Мак Фирбис ўтирар, ёш йигитнинг хонага кирганини гўё сезмагандек сира қимирламасди.
Зажа кекса олимнинг эътиборини ўзига қаратиш мақсадида у тарафга бир неча қадам ташлабди, унинг юзига назар солиб, олимнинг ўз хаёлларига шунчалик ғарқ бўлиб ўтирганини кўрибди. Табиийки, у хонага кирган кимсани сезадиган алфозда эмасди. Икки қўлини партага қўйганча ўтирар, кафтлари орасида эса ёпиғлиқ ҳолда бир китоб турарди.
Зажа яна сал олдинроққа юриб, қариянинг кўзлари очиқлигини, нигоҳи эса ёпиқ турган китобга қаратилганини кўрибди. Мўйсафид ўгирилиб, Зажага боқаркан, унинг қарашидан тафаккурга чўмган маҳал эътиборни бошқа томонга буриш ва йигитча билан муносабатга киришиш учун қанчалик катта куч талаб этилишини сезиш қийин эмасди.
– Кетиш учун ҳузурингизга изн олгани келдим, Устоз!
– Бунча шошмасанг, бўтам?
– Бу ерда ўтган кунларим бахтиёр лаҳзаларга тўлиқ бўлди, аммо олдимда мажбуриятларим бор, устоз. Кўнглимнинг тубидан сезмоқдаманки, тақдиримда яна аллақаёқларда бўлиш битилган, пешонамга ёзилганидан қочиб қутулолмайман асло.
– Ҳақсан, бўтам, қалбингга қулоқ солишинг жуда тўғри иш. Сен жуда вафодор шогирд бўлиб етишдинг. Қаерда бўлсанг ҳам, сенга барча яхшиликларни тилайман. Бу ерда ўткизган вақтингдан розимисан, уни беҳудага сарфламадингмикин?
– Албатта, яшаб ўтганим ҳар кун ва ҳар соатда нимадир янги нарса ўргандим, қандайдир фойдали тажриба орттирдим. Ўз билимларини уруғ мисол бизларга сочишдан завққа тўлган устозлар ҳамда тафаккурнинг мўл ҳосилини йиғишдан шод бўлган шогирдлар орасида бўлиш мен учун ниҳоятда улуғ шараф ва бахт бўлди, устоз.
– Бирон нарсадан афсусланяпсанми?
– Ҳа, афсуски, донишмандликнинг ниҳоятда бой манбалари ичига шўнғишдай имкониятга эга бўлмай туриб, кетишга мажбурман.
Шу сўзларни айтаркан, Зажанинг кўзлари хонада тартиб билан терилган том-том китобларга, устоз столи устидаги илм чироқларига қадалибди.
Донишманд чол жилмайибди.
– Ҳа, китоблар, дегин. Аммо гоҳо китоблар нотўғри тушунилиши ва уларга ҳаддан ортиқ баҳо бериб юборилиши мумкин. Сафаринг давомида англагандирсан, донишмандлик бу саводхон кишининг ягона хазинаси эмас, ўқиш-ёзишни билган ҳар қандай киши ҳам, албатта, донишманд бўлиб қолмайди. Тўғри, китоб бизнинг энг баланд фикрларимиз сақланадиган ғазнага ўхшайди, аммо улар фақат бир кемадай гап ва унда нима олиб кетилаётгани ҳам муҳим, буни асло адаштирмаслик лозим. Мени ташвишга соладиган нарса шуки, биз фикрларимизни тутиб туриш учун китобга қанчалик ишониб қолсак, бошимиз бўм-бўш бўлиб қолиш хавфи шунчалик ортаверади.
– Қизиқ, бутун умрини китоб тартиблашга сарфлаган одамдан бундай ғалати сўзлар чиқяптими? Китобларни қулфлоғлиқ хонада сақлётганингизнинг сабаб шундамиди?
– Қулфлоғлиқмас, – кулибди мўйсафид. – Балки сал кўздан йироқда, деса тўғри бўлар. Китобда бор нарса аслида бизнинг миямизда бўлиши даркор, модомики шундай экан, маслаҳат учун китобга мурожаат қилишга эҳтиёж қолмайди.
– Инсонлар учун китобларга мурожаат қилиш улардаги барча нарсани ёдлаб олишдан кўра осонроқ.
– Тўғри айтдинг, осонроқ, биз эса аслида ана шундан ташвишдамиз. Агар ҳамма осонроқ нарсага ўзимизни ўргатаверсак, тафаккур қилишда дангасаликка юз тутмаймизми? Борган сари тафаккурга чўмиш, илмни сақлаш ва эсга олиш қобилиятимизни йўқотиб бормаймизми? Агар китобга ҳаддан ортиқ ишониб юборсак, улар акс самара бериши мумкин. Масалан, бўлар-бўлмасга қўлтиқтаёққа суянаверсак, тиргаксиз юришга мослашган кучимиздан мосуво бўламиз. Китоблар одамга қанот бериши ҳам, уни тошга айлантириши ҳам мумкин. Айтайлик, бир киши йироқ-йироқдан бу ерга келса-да, юзлаб авлодларнинг оғзидан қулоғига ўтиб келаётган ажиб бир ҳикояни айтиб берсин. Агар биз уни ёзиб олиб, бу ёзувдан барча фойдаланиши учун имкон яратсак, ўша ҳикоя муздай қотади-қолади, яъни у ўзгариш, ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди. У халқларнинг тафаккури ва тасаввурлари орқали сайқал топиб келаётган жонли бир нарса бўлмай қолади. Қайсидир маънода энди у ўликдир. Ёзиб олиб, биз уни ўлдирдик ҳисоб. У коллекционер қафасидаги капалакка ўхшаб қолди. Шунинг учун биз бу ерда қиладиган иш ёзиб олишдан иборат, бироқ биз бу ёзувни кўпчиликдан йироқ тутамиз, шу тариқа ҳикояни оғиздан-оғизга, қулоқдан-қулоққа ўтишда давом этиши, ҳар сафар янгича рангу жилолар олиб қайта яратилишини таъминлаймиз.
– Сиз китобларнинг сир-асрорини камайтирасиз, ҳали кирган чоғимда менда шундай таассурот туғилдики, сиз китобга сажда қилаётгандек кўриндингиз.
Мўйсафид кулиб юборибди.
– Тафаккурга чуқур чўмиб қолган бўлишим керак. Нима деган бўлишимдан қатъий назар, ёзув дунёси мўъжизаси натижасида узоқ-узоқларга олиб кетилишим мумкин. Лекин ибодат дегани бир аҳмоқона сўз ва хавфли тушунчадир.
– Айтишларича, ота-боболаримиз Йилонга топинишган экан. Менинг илм йўлим шу Йилонни мағлуб этмагунимча давом эттиришимни тақозо этади.
– Сенга бу йўлни кўрсатган устоз сени узоқ бир сафарга йўллаган. Кекса олим кулгисини аранг яширганча:
– Ўша устозинг сени қайтиб келишингни истаганига ишончинг комилми? – деб сўрабди.
– Негаям у мени қаерлардадир қолиб кетишимни истаган бўлиши мумкин? Ўйлашимча, вазифанинг қийинлиги менинг қобилиятим ва ўрганишга бўлган эҳтиёжимга қараб белгиланган, мен бундан миннатдорман. Шунга қарамай, ўзимга юклатилган вазифани бажариш ва уйга қайтишни жуда-жуда хоҳлайман. Менга бирор маслаҳат бера оласизми?
– Сенга илонни ёхуд Йилонни излаб юрмасликни маслаҳат берган бўлардим, акс ҳолда уйингни қайтиб асло кўролмайсан. Сен бошқача ўйлашни, маъно тагида маъно борлигини, сўзларнинг нафосатини ўрганишинг лозим. Мисол учун, “ғолиб бўлмоқ” деган сўзни таҳлил қилиб кўр. Унинг маъноси нима? У нимага ишора қилади? Ўзинг қўрқадиган нарсадан қутулиш деганими? Унинг қўрқинчидан ўзингни батамом халос қилмоқликми ё?
– Нима демоқчилигингизни тушундим. Агар донишмандлик илмига эга бўлсам, ўзимни қўрқувдан халос этишим мумкин.
– Сенга донишмандлик эмас, фақат илм керак. Сен илм эгаллашинг мумкин, аммо заковатни асло эгаллаб бўлмайди. Сен заковатни илм ёриқлари ва чегаралари орқали кузатишинг, уни ушлаб олишга уринишинг мумкин, бироқ у тутқич бермай, айни ўша ёриқлар орқали қочиб кетади ва ёриқлар бекилади.
–Аммо Йилон нима унда? Қандай қилиб у билан учрашишим мумкин?
Мўйсафид бир китобни олиб, уни очиқ ҳолда столига қўйибди.
– Мана бунга қара. Айт-чи, нимани кўряпсан?
– Ғужанак бўлиб айлана ҳосил қилган илонни.
– Хўш, бу нимани англатади?
– Бизнинг ибтидоий аждодларимиз олийроқ зот мавжудлигини англагунга қадар Йилонга сиғинишган.
– Ҳозирги замонда у нарсани қабул қилиш қийин.
– Агар сўзларни силкитиб-силкитиб кўрмасанг, агар рамзларни ўқий олмасанг шундай. Қани, расмга яна бир марта қара-чи. Хўш, нимани кўряпсан?
– Ўз думини ямлаётиб айлана ҳосил қилган илонни.
– Бу нимани билдиради?
– Абадиятни, худди айланага ўхшаб.
– Сенинг тушунтириб бериб турадиган ёрдамчинг бор. Уни унутгин-да, янгилан. Илон ўзини ямламай, қайтанга ўз оғзидан чиқиб келганда нима бўларди? У ўз-ўзини дунёга келтирганда нима бўларди?
Зажа ўзини бир қадар янгилангандай ҳис қилди.
– Ҳа, кўрганим тасвирдан бундай маънони уқиш мумкин. Демак, у ўзини-ўзи ямлаётгани йўқ, балки ўзини-ўзи яратяпти, шундайми?
– Агар ҳар иккисини қилаётган бўлса-чи? У бир вақтнинг ўзида ва абадий ҳам яратаётган ва ҳам маҳв этаётган бўлса нима бўлади?
– Узр, мен чалкашиб кетдим.
– Чалкашиш шармандали ҳолат эмас, у англаш сари қўйилган биринчи қадамдир. Абадий заволсиз абадий яралмиш муаммоли бир нарса бўлиши мумкин, тўғримасми, худди мувозанатли яралмишсиз завол каби? Хўш, агар биз бу суратда ҳар доим ўсиб турадиган, ҳар доим йиринглаб борадиган, яратиладиган ва барбод бўладиган буюк руҳ намоён бўлганини кўрсак бўлмайдими? Шунинг учун агар ана шундай бурчакдан қарайдиган бўлинса, Йилон деганлари у қадар қўрқинчли нарса бўлмай қолади-ку, тўғримасми? Олий мавжудликнинг бошқа кўринишларидан у қадар ҳам фарқ қилмайдиган бир яралмиш бўлмайдими?
– Мен излаган нарсамга яқин-яқин келгандайман гўё. Қандай қилиб янада кўпроқ нарса ўрганишим ва Йилон билан учрашишим мумкин?
– Билим ғалаба қозонади. У сўзларга экилган қўрқувни таг-томири билан йўқ қилиб ташлайди. У тасаввурнинг саркаш отларини жиловлайди. У қалб маъданини тоблайди. Аммо билим донишмандлик деганимас. Фарқлашни ўрганмоқ керак. Билим хушламайдиган қарама-қаршиликлар билан бахтли яшай олган киши эшигидан заковат ҳам кириб келади. Агар чиндан ҳам қўрқувни енгмоқчи ва Йилон билан учрашмоқчи бўлсанг, у ҳолда Авлиё билан бирмунча вақт бирга бўлишингга тўғри келади.
– Ким экан у Авлиё?
– Баъзилар уни Авлиё ота, баъзилар эса Руҳоний деб чақиришади. Унинг ўзи нима деб чақиришларига аҳамият бермайди. У шундай қарама-қаршиликлар билан яшашга қаноат қилади. У заковат тешиб чиқадиган жойда ёриқлар ва бўлинган ҳандақлар орасида истиқомат қилади. Сен ундан Йилонни тушуниш сирларини албатта ўрганиб оласан.
Зажа мўйсафидга ташаккур айтиб, Лекан Қалъадаги бошқа қадрдонлари билан хайрлашибди. Улар Зажанинг Авлиёни излаш учун йўлга отланганини эшитиб, унга тушдан кейин кетишни, чунки эрталаб отланганда Авлиё ўрнига Руҳонийни топишини айтиб, ортидан кулиб қолишибди.
Авлиё ва Руҳоний
Зажа Киве деган чакалакзор томонга қараб кетибди. У дарахтлар ўсган қияликдан пастга йўл солибди. Қуйида оқаётган дарёнинг мавжлари кумуш тусида жилваланарди. Қуюқ ўсган ўрмон ёнғоқлари, қаердадир шаршара ҳосил қилиб тушаётган сувнинг олис алласи, одамлар яшайдиган маскан ва қишлоқларнинг бошқа жойларга қараганда айролиги бу ерларнинг алоҳида қийматга эгалигидан дарак бериб турарди. Ҳатто, мабодо бирор кимса бу ерни алмисоқдан қолган муқаддас бир маскан, деб атаса, асло шубҳа қилмасди.
Дарё қирғоғига етиб келгач, Зажа то шаршара олдидан чиққунча оқим бўйлаб юриб келаверибди. Юқоридан пастга отилаётган сув қаршисида у излаётган, барча Авлиё деб атовчи киши тиззалаб ўтирарди. Аслида бу киши Авлиё эмасди, балки шу муқаддас ўлкада яшашни танлаган зоҳиддан зоҳидга ўтиб келаётган бир ном эди бу.
Зажа бир зум тўхтаб, Авлиёни кузата бошлабди. Шаршара пастида қорамтир тусдаги чуқур ҳовуз ҳосил бўлган, юқоридаги сув шу ҳовузга тўкилар, ўрмонзорнинг Кив деган номи айнан шу нарсадан келиб чиққанди. Авлиё қўлларини кенг ёйганча тиззалаб ўтирар, гўё сув мустаҳкам қоядан ажралган ҳовузгамас, унинг тиззасига шовуллаб тушмоқда эди. Зажа уни бундай тафаккур онларига ғарқ бўлган ҳолатда безовта қилгиси келмасди. Ахири қария қўлларини чўмич қилиб ҳовузга ботириб сув олди ва юзини чайди. Сўнг оёққа қалқиб, у ёқ-бу ёғини тўғирлаган бўлди, шу туришда худди энди уйқудан уйғонган кишига ўхшарди. Бирдан нигоҳи оқим ортида турган Зажага тушди.
– Кимни излаяпсан? – сўради у.
– Сизни, – жавоб қилди Зажа.
–Хўш, у ҳолда нимани изламоқдасан?
– Заковат– донишмандликни.
Авлиё ота кулимсиради. Кулгусидан хушнуд бўлган қора қайин куртаклари қийғос очилиб кетгандай бўлди.
– Сенга ейиш учун таом, ётиш учун кўрпа-тўшак беришим мумкин, аммо заковатни ўзинг излаб топишингга тўғри келади.
– Мен узоқ саёҳат қилдим. Жуда кўп нарса ўргандим. Энди Йилонни енгмай туриб уйга қайтолмайман. Сиз менга сафаримни давом эттиришда ёрдам бера оласиз, деб ўйлайман.
– Заковат-донишмандлик йўли худди айланага ўхшайди, одатда у айлантириб-айлантириб, охири сафаринг бошланган манзилга қайтиб олиб келади. Бу эса, модомики айни манзилга қайтиб келаркансан, аслида сафарга чиқишинг шартмиди, деган саволни кўндаланг қўяди.
– Мен ўзимга юклатилган вазифага мувофиқ донишмандликни излаб топишга мажбурман. Шу билан бирга, нимани англатишидан қатъий назар, Йилоннинг устидан ғолиб чиқмай туриб уйга қайта олмасман.
– Шунақа дегин, тушунарли, бўтам, улар сени жуда узоқ сафарга юборишгани маълум бўлди. Жуда яхши, юртимизга хуш келибсан унда. Ҳозир биргалашиб тамадди қилиб оламиз. Донишмандлик деганлари бир бурда нон ва туз билан тотлироқ бўлади.
Шундай дегач, авлиё ота Зажага йўл кўрсатибди. Улар эман ғўлаларидан қурилган, томи бутунлай янги қамиш билан ёпилган ҳужрага келишибди. Зажа ҳужра ичига кўз югуртириб, унда зарур қулайликлар яратилганини кўрибди. Авлиё унга столга ўтир, дегандай имо қилибди, ўзи бўлса тимирскиланиб челак ичидан егуликлар олиб, икки кишига етгулик таом ҳозирлабди.
– Сен ўзингча “хўш, у бирор нарса экмаса ҳам, ҳосил ўрмаса ҳам, овқатини ва яшаш учун зарур нарсаларни қаердан оларкин”, деб ўйлаяпсан, топдимми?
– Ҳа, миямдан шундай ўй ўтаётганди.
– Бу ўрмонча меники эмас, халқники. Менинг бу ерда мавжудлигим уларга қандайдир ишонч бағишлайди, холос. Маълум пайтлар улар бу ерга номаълумликка бўлган ҳайратларини ифодалаш ва ўз туйғуларини нишонлаш учун келиб туришади. Мен бу ерда бор-йўғи оталиқ ролини бажараман, бу хизмат учун одамлар мени яшаш учун керакли нарсалар билан таъминлаб туришади.
– Табаррук инсонлар бундай эҳтиромга лойиқлар, албатта.
– Валийларга ҳурмат бажо эт, йўқса сира еёлмайсан эт, – деркан, авлиё ота юракдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборибди.
– Айтишларича, эрталаблари сиз руҳоний, тушга томон эса авлиёга айланармишсиз. Одамлар нимани назарда тутиб шундай дейишади?
– Негаям шундай деганларни сўроққа тутмайсан? Агар бирор гапни тушунмасанг, ўша гапни айтган кишидан тушунтириб беришни талаб қилишинг лозим. Аниқ билим олишнинг йўли шундай бўлади, модомики аниқ билимга эга бўлмас экансан, қандай қилиб донишмандликка эришиш мумкин деб ўйламоқдасан?
– Мен одамлардан тушунмаган нарсамни сўраганман.
– Хўш, улар нима дейишган?
– Улар эрталаблари уфқдан бош кўтараётган қуёшга ибодат қиларка, сизнинг кўзингиз ожиз бўлиб қолишини, аммо муқаддас сувда ювгандан сўнг кўзларингиз чароғон очилишини айтишди.
– Ҳар қачонгидай, уларнинг кузатувлари тўғри, ва ҳар доимгидек, уларнинг тушунчалари чеклангандир.
– Масаланинг моҳиятини англашни ўргангунимча сиз билан қолсам дейман. Қолаверса, ҳузурингизда ахири излаётган нарсамни топа оламан, деб ўйлайман.
– Бу ерда истаганингча қолишинг мумкин, сенга бера оладиганим барча кўрсатмаларни бераман. Фақат, ёдингда бўлсинки, донишмандлик бир кишидан иккинчи кишига ўтадиган нарса эмас. У ахборот ва ёки илм каби тақсимланиши ё ўтказилиши мумкинмас. Сен уни илм борасида чуқур тафаккурга чўмиб, тажриба ҳақида ўй суриб, ҳаёт хусусида фикр юритиб қўлга киритасан. Бироқ, бу ердан бошинг заковатга ғиж-ғиж тўлган ҳолда кетмаслигингни яхши англаб олмоғинг керак.
– Мак Фирбиснинг айтишича, заковат илм ёриқлари орқали кўзга ташланиши мумкин.
– Яхши гап. Яна, тажрибада орттирилган оғриқлар орқали ҳам. Бироқ, излаш дегани бу ўз номидан келиб чиқиб излашдир, яъни унинг ниҳояси йўқ. Ана шунга яхши эътибор қарат.
Шундай деркан, авлиё ота кулганча ўз меҳмони учун бир бурчакдан жой ҳозирлай бошлабди.
Топилдиқ Йилон
– Одамлар ўзлари билган ва билмаган нарсалардан қўрқувга тушишади,- тушунтиибди авлиё ота. – Ана шу қўрқувни одамларнинг миясидан ўчириб ташлаш билан бунинг ечими топилгандай бўлади гўё. Аммо аслида қўрқув дегани одамларни хавф-хатардан ҳимоя қилади. Қўрқув уларга хавфни четлаб ўтишга чорлаб туради ва болаларига ғамхўрлик қилишга ундайди. У одамларни қишда оч қолмаслик учун эрталабдан тиркликчилик ғамида иссиқ ўринларидан туришга мажбурлайди.
– Агар одамлар Йилонни тушунишганда,- давом этибди авлиё ота, – у кучукча ё мушук мисоли мулойимгина бўлиб қоларди. Аммо шунда ҳам улар қўрқув учун яна бошқа бир сабабни ихтиро қилволишган бўлур эди. Худолар ва шайтонларнинг бари зарурат юзасидан ўйлаб топилган. Шу боис худоларни ўлдириш ва шайтонларни мағлубиятга учратиш юзаки ва бефойда иш саналади. Одамларни уларга мақбул худолар ва шайтонлар билан қолдирган афзал. Яхшиси уларга ўз қўрқувларини табиий қабул қилишни ва бу ҳолда қандай яшашни ўргатган афзалдир.
– Донишмандлик чексиз изланадиган нарса бўлгани сабабли уни излаётган киши бутун умр изланишда бўлади, – тушунтирибди авлиё ота зукко ва садоқатли шогирди Зажага. – Бу вазифасини сенга ким юклаган бўлса ҳам, у ё жуда оқил, ё ўтакетган нодон бўлиши керак. У ё сенинг қайтиб келишингни истамаган, ё иқтидор эгаси бўлиб қайтишингни хоҳлаган. Бунинг қайси бири тўғрлигининг унча аҳамияти йўқ. Ҳақиқат шундаки, ёлғиз сенинг ўзинг донишмандликка етиб келган-келмаганингни, шу туфайли қайтишга тайёр-тайёрмаслигингни ҳам ўзинг ҳал қилишингга тўғри келади.
– Донишмандлик булутли осмон ортидан мўралаган қуёш нурлари сингари тўсатдан ёхуд кўпинча кутилмаганда кўриниш беради,- давом этибди авлиё ота. – Албатта, агар булутларга маҳлиё бўлиб қарамаётган бўлсанг, уни кўздан қочиришинг ҳеч гапмас. Булутларни илм устидаги сунъийлик деб тасаввур қилгин-да, уни ҳақиқатни ёпиб турган каттакон бир парда деб бил. Ҳақиқат унинг ортида пинҳондир, тиниқ, ўзгармас, бокира бир ҳақиқат. Агар биз огоҳ ва самони чин дилдан кузатувчилардан бўлсак, булутлар орқали тўсатдан чиққан нурга восил бўламиз, биз, ихтиёрда чегараланган яралмишлар, қанчалик қобилиятли бўлсак, уни қабул қилишимиз шунчалик кучли бўлгусидир.
– Йилонинг келиб чиқиши шулдир, – дебди авлиё ота бир таёқ олиб лойга тўғри чизиқ тортаркан. Бу чизиқ устида у бири иккинчисининг ичида жойлашган, катталиги ҳар хил бўлган бир қанча ярим айлана чизибди. – Ёз ўртасидан то қиш ўртасигача уфқдан кўтарилаётган, осмонни айланиб чиқиб, яна уфққа ботаётган қуёшни кузатсанг, мана шунга ўхшаб кетади. Кундан кунга у пастроқ кўтарилиб, пастроқ ботади.
Бу гапларни айтаркан, у таёқни қисқариб бораётган ярим айланар устидан юргизибди. “Ана энди тасаввуримиздаги қуёшнинг йўналишни тун орқали тоготардан кунботарга қадар чизиб чиқсак, у мана бундай кўринишни олган бўларди”. Сўнг авлиё ота уфқ чизиғи тагида бири иккинчисининг давоми сифатида унинг устидан юраётган яна бошқа ярим айланаларни чизибди.
– Энди нимани кўряпсан?
– Бурамани,- жавоб қилибди Зажа.
– Ҳа, бунда яна одатий тошларга минг йиллардан бери ўйиб ёзилаётган сабаб мавжуд. Агар бу суратни анчадан бери излаб юрган эсанг, уни нима билан боғлаган бўлардинг?
– Ўралиб ётган илон билан.
– Бурама, Йилон ва қуёш аждодларимизнинг тасаввурига мос келиши учун ягона рамзга ана шундай бирлашиб кетган. Қуёш – бу ер атрофида айланиб, гоҳ иссиқлик ва ҳаёт улашаётган ҳамда олов пуркаётган, гоҳида эса иштаҳа билан ҳаётни еб битираётган Йилон ёхуд аждаҳодир. Қани, айт-чи, бу коинотнинг ижодий ва бузғунчи руҳини аниқ тасаввур қилиш ва самода буюк отани ё ўзаро урушаётган худоларни яратиш каби мураккабмасми?
– Эрталаб сиз қуёшга салом берасизми?
– Ҳа, аммо бу баъзиларга ўхшаб сажда-ибодат қилиш даражасида эмас, балки ўзимиз умргузаронлик қиладиган дунёнинг ҳайратланарли даражадаги гўзаллигига тасанно айтиш маъносида холос.
– Мен ҳам эрталаб сиз билан шундай қилсам майлими?
– Майли. Бироқ кунчиқардан аввал қилинадиган бошқа юмуш борки, сен уни эртароқ бошлашинг ва қаттиқ тайёргарлик кўришинг даркор.
Қуёш ила Сув
Тонготардан анча илгари, дарахтзор аро узалиб кетган йўлакни ёритишга етарли нур тушган маҳал авлиё ота йўл бошлабди. Улар оёқяланг, тиззаларигача очиқ ҳолда шошиб боришарди. Қоя устида, баҳайбат тошлар қалашиб ётган жойга келгач, улар тиззалаб ўтиришди-да, шу кўйи қояни уч марта айланиб чиқишди, кейин тош йўлак орқали дарё томонга қараб йўл солишди. Дарё ўзани бўйлаб кетиб боришаркан, аста йўлни буриб, нотекис қоя тарафга қайрилишди. Нариги қирғоқда йўл адоғига етгач, улар пастга қараб юра бошлашди ва қоялар оралаб ахири яна дарё ўзанига тушиб олишди.
Юришни бошлаган дастлабки нуқтага қараб кўтарилишдан илгари авлиё ота ўзандан бир тош олиб, Зажага ҳам шундай қилишни айтди. Қояга етиб боришгач эса авлиё ота қўлидаги тошни уюмга ташлади, Зажа ҳам у қилган ишни такрорлади. Уфқ ортида кучли нур кўринишни бошлаган паллада улар оёққа қалқишаётганди.
Авлиё тошқоя тепасида туриб, икки қўлини хочсимон кенг ёйиб, уфқдан бош кўтараётган қуёшга юзланибди. Зажа бир неча қадам нарида турганча ҳам авлиёни, ҳам кунчиқарни кузатарди.
Авлиё қуёш уфқни батамом ёритгунча ундан кўз узмай турди. Кейин эса қўлларини пастлатди. Бу машқдан унинг кўзлари ожиз бўлар даражада қамашиб-қамашиб кетганини Зажа аниқ кўриб турарди.
– Коинотда ҳар куни бизга нуру илилқлик улашиб, мўл-кўл тирикликни туҳфа этаётган кунчиқардан ҳам буюкроқ муҳаббат руҳи намоён бўлиши мумкинми?
Зажа бу саволга жавоб бермади, чунки у ушбу лаҳзанинг нақадар гўзаллигини бутун вужуди билан чуқур ҳис қилиб, қаттиқ таъсирланиб турганди. Ҳозир бажарган юмушининг мураккаблиги унинг туйғуларини бир қадар сайқаллаштирди. Оёқ-тиззаларидаги оғриқ ва яралар бу юртдаги ҳар бир яшил япроқни, ҳув наридаги дарёни, бош устидаги осмону фалакни, дарахтларда чуғурлашиб кунга пешвоз чиққан қушларни, уйқудан эринибгина уйғониб, ўлжа илинжида яширинча кезаётган жониворларни тушуниш ҳиссини юқори поғонага кўтариб юборди. Ҳар бир нарсанинг яшовчанлигидан бохабарлик, уларни ҳис қилишнинг бу қадар кучлилигини туйишдан ҳаяжонланиб, тили калимага келмай қолганди Зажанинг.
Авлиё ота Зажанинг ёнидан сирғалиб ўтиб, қуйига, дарё томонга элтувчи йўлакка тушиб олди. Шуниси аниқ эдики, у кўра олмасди, аммо бу жойларни беш қўлдай билгани учун ўз йўлини ҳеч иккиланмай топиб кетаётганди. Зажа унга эргашди. Дарё ўзанига етиб келгач, у оқим бўйлаб юқорига юра бошлади ва Зажа уни биринчи марта кўрган жойга – шаршара тагига келиб тўхтади. Унинг қошида чўккалаб ўтиргач эса қўлини сувга тиқиб, кўзларини ювиш учун кафтига сув олди.
– Заминимиздаги яна бир буюк мўжиза – бу сувдир,- деди у. – Сув қандай қилиб доимий равишда айланиб туриши, дарёга қуйилиши, у ердан буғ ҳолатида юқорига кўтарилиши, ерни жонлантириш учун, ўсувчи яралмишларга қайта ҳаёт бериш учун тушишини мулоҳаза қилиб кўр. Фақат мен чўкка тушганча бу неъматдан завқланар эканман, асло сувга ибодат қилаяпти, деб ўйлама. Агар коинотнинг руҳи мавжуд экан, демак у бу ерда ҳам намоёндир.
– Далил шуки, бу нарсаларнинг барчаси Яратганнинг қонунлари асосида амалга ошади.
– Сув ҳеч қандай қонуниятга бўйсунмайди. Агар бўйсунганда борми, муз сузиб юрадиган бўлмасди. Қиш фаслида дарёнинг остию усти музлаган, балиқлар ва бошқа сув жониворларининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган бўларди.
Авлиё отанинг кўриш қобилияти ўз ҳолига қайтиб, ён-атрофга қаради, худди сеҳрлагандай ўз жойида қимир этмай турган Зажага боқди. – Бери кел,- деди у. – Ҳурматимизни бажо келтириб бўлдик. Энди бориб, нонушта қилсак ҳам бўлади.
Қирғий ила Чумчуқ
Айтибдурларки, Зажа авлиё ота билан истиқомат қилаётган кунларнинг бирида нимадандир қўрқиб кетган чумчуқ ўрмонзорга учиб кириб, Зажанинг қўлига келиб қўнибди. Бу маҳалда Зажа тепадан пастга отилаётган сувга маҳлиё бўлиб тафаккурга берилиб турган экан. У қушчанинг тўзғиб кетган патларини меҳр билан силаркан, унинг бунчалик типирчилашига, қўрқишига сабаб нималигини сўрабди.
Чумчуқ боши устида уни ўлдириш пайида қанот қоқаётган қирғийдан қўрқиб қочиб келганини айтибди. Зажа осмонга қараб, ўткир тирноқларини чархлаб, ўлжага ташланишга шай турган қирғийни кўрибди ва дарҳол қўлларини ёйиб, чумчуқни ҳимоя қилишга тушибди.
– Қўрқма, жонивор,- дебди у меҳрибончилик кўрсатиб қушга. – Жонимни гаровга қўйиб бўлса ҳам сени ҳимоя қиламан.
Қирғий нима бўлаётганини кўриб, эшитиб, пастга шўнғибди ва Зажанинг қаршисидаги дарахт шохига келиб қўнибди.
– Бу адолатданмас,- дея шикоят қила бошлабди у. – Бу чумчуқ бугун менинг ризқим бўлиши керак. Агар таом емасам, тик туриш, кўпайиш, болаларимни боқиш учун етарли куч топа олмайман. Сенинг табиатнинг бу қонунига қарши чиқишга ҳаққинг йўқ. Мабодо бу қуш қайсидир қуртни тутиб емоқчи бўлса, у қуртга ҳам раҳминг келиб, чумчуқдан егулигини ториб оласанми?
– Сенинг нимага эҳтиёж сезишингни тушунаман,- жавоб қилибди Зажа, – аммо ўлжангга нега раҳминг келмаслигидан таажжубдаман.
– Мақсадим ўлдириш бўлса, нега ҳам ўз ўлжамга раҳм қилиш ҳақида бош қторишим керак экан? Сен бу ишимни тўхтатиб, ерга ётволиб, оёғимни осмонга кўтарганча ўлиб қолишимни истайсанми?
– Мен сенга ейиш учун дон бераман, ҳа, истаганингча тилларанг дон тутай сенга, фақат бу чумчуқнинг бир қошиқ қонидан ўт,- дебди Зажа қирғийга.
– Ҳар бир донда ҳаёт бормиди? Шундай бўлган тақдирда ҳам, худди сен майсани еб кун кечира олмаганинг каби мен ҳам дон ея олмасман. Яшашим учун мен фақат гўшт ейишим керак.
Бу жавоб Зажани ўйлантириб қўйибди. У қирғий келтирган далилдан ҳайратга тушиб, унга ҳатто раҳми келибди.
– Тўғри, сенинг бундай мураккаб саволингга тайёр жавобим йўқ,- дебди Зажа. – Бироқ, мен бу чумчуқни ҳимоя қилишга сўз бергандим, керак бўлса ўз жонимни тикмоққа тайёр эдим. Шундай экан, агар сенга яшаб қолишинг учун гўшт керак бўлса, марҳамат қилиб менинг гўштимдан тортинмай олишинг мумкин.
Зажа куйлагини ечиб, кўкси ва қўлларини қирғийга тайёр очиб берибди.
– Майли, истаганингча бўла қолсин, – дебди қирғий ҳам. – Муҳтожлик нималарга мажбурламайди дейсан. Сўнг у Зажанинг елкасига қўниб, унинг кўксини чўқилаб, лаҳм гўшт тортқилашга киришибди.
У келган жойидан ёш йигитнинг суякларини ғажишда давом этиши, юрагини суғуриб олиши ва олиб бориб полапонларига едириши мумкин эди. Зажа ҳам ҳеч қандай қаршиликсиз унга бундай қилишга изн беришга тайёр турганди. Аммо уларни сал наридан кузатиб турган авлиё ота бунга тўсқинлик қилибди.
– Қирғий биродарим, бир дам тўхта,- дебди у. – Сенинг ўлжанг аслида бу йигит эмас. Сен унинг ҳимоясиз бир чумчуққа кўрсатган меҳрибончилигини ҳурмат қилмоғинг керак. Албатта, сенинг ўзингга яраша эҳтиёжларинг бор, ўзинг ва полапонларингни боқишга масъулсан. Лекин, бу йигитчани ўлдиришинг билан дунё шунчалик тубан даражага тушиб қолиши мумкинки, сенинг тирик қолишинг у бўшлиқни тўлдира олмайди сира.
– Ҳа, тўғри,- кесатибди қирғий бунга жавобан. – Яна ўша эски даъво. Инсон ҳаёти ҳар нарсадан аъло ва муқаддас. Қуш ёки ҳайвон ўлиб кетса, қайғурадиган ҳеч кимса топилмас, шундайми?
– Унчалик тўғримас, – дебди руҳоний. – Ғимирлаб турган жон борки муқаддасдир. Ҳар бир жонзот яшаш учун кўр-кўрона озуқа излашига тўғри келади. Лекин бу йигитнинг қилган иши табиий дунё мажбуриятларидан устунроқдир. Ўзинг айтиб турганингдек, бу ҳаракат табиат қонунига зид, мантиқсиз ва сабабсиздир, шунинг баробарида у энг юқори даражадаги тартибга мос ҳаракат ҳамдир, чунки у муҳаббатдан илҳом олган. Ўлжанинг овчига бўлган севгисининг ҳеч бир аҳамияти йўқ, аммо бундан ҳам мураккаб ёки олийжаноб нима бўлиши мумкин? Шу боис ҳам сен бу йигит тутган йўлни ҳурмат қилмоғинг лозим. Шунга қарамай, сенинг ҳам ўз олдингга қўйган мақсадинг мавжуд ва сен уни амалга ошириш ҳуқуқига эгасан.
Қирғий бу ёш йигитга, унинг юмуқ кўзларига, метин бардошига, қўлларида қушчани аллаларкан унинг алвон кўксидан чумчуқнинг патларига томаётган қонга қараб, унга раҳми келибди ва ўз-ўзидан уялибди. Шу заҳоти оғир қанотларини қоқиб, ўрмонзордан нари учиб кетибди. Авлиё ота қушчани Зажанинг қўлидан оҳиста олиб, дарахтлар қўйнига учириб юборибди. Бироқ, гарчи ундан қўрқув кетган бўлса ҳам, у барибир бу ўрмонзорни тарк этмаган бўлурди. Авлиё ота Зажани шаршара тагидаги ҳовузга олиб келиб, яраларини ювиб ташлашни сўрабди. Унинг илтимосини бажарган заҳоти Зажанинг яралари тузалиб, баданига ҳеч нарса бўлмагандай аввалги ҳолатга қайтибди.
Суратлар ва тош
Ҳар куни кечқурун кечки овқатдан сўнг авлиё ота ҳужрасида машъала ёқиб, ўзидаги кичик-кичик суратларни қўлга оларди. Уларни стол устига юз томонини пастга қаратиб қўяр, аралаштирар, бутун бир сурат ё нақш шаклига келтирар, кейин юз томонини юқорига қаратиб қўярди. Кўп вақт давомида ҳар кеча у бу суратларга тикилиб ўтирар, чуқур тафаккурга чўмарди.
– Бу расмларда нимани кўрасиз? – сўрабди Зажа.
– Ҳеч нарсани ва ҳамма нарсани.
– Ҳеч нарсани кўраман деб уларга термулиб жуда кўп вақтингизни ўтказаркансиз-да,- кулибди Зажа.
– Бу ҳамма нарсани кўришимни англатмайди. Булар менга ўйлашга, фикримни яхшироқ жамлашга ёрдам беради.
– Одамларнинг айтишларича, сиз суратларга қараб келажакда нима бўлишини айтиб бера оларкансиз.
– Одамлар оғзига келганини гапираверишади. Келажакни яратадиган аслида одамларнинг ўзи.
– Қандай қилиб бу расмлар сизга ўйлашда ёрдам беради?
– Одамларнинг гапида жон бор. Албатта, ҳеч кимса қандай воқеалар содир бўлишини олдиндан айтиб бериб, келажакни башорат қила олмайди. Аммо ҳозирги замон ичида келажакнинг уруғлари бўй чўзаётганини унутмаслик керак. Унда келгусида содир бўладиган ҳар бир нарса учун имконият мавжуд. Бу имкониятни ҳозирги замонда билиш мумкин. Фақат ўша имконли нарса амалга ошадими-йўқми бу энди муҳитга боғлиқ. Уруғ борлигини аниқлашнинг ўзи ундан қийғос гуллаган атиргул ўсиб чиқишига кафолат бўлолмайди.
– Менинг келажагимдаги имконли нарсаларни аниқлай биласизми?
– Мен бундай башорат қилишни маслаҳат бермайман. Бундай қилиш хавфлидир. Ўз келажагини айтиб беришни илтимос қилган киши аслида бу борада яхши башорат қилинишига умид қилади. Аммо таърифга кўра, бахт ё омадни олдиндан билиб бўлмайди. Муваффақиятга саъй-ҳаракатлар ва имкониятлардан ижодий фойдаланган ҳолда эришилади. Буни бировга айтиш учун мен расмларга қарашим шарт эмас.
– Менда ҳар доим тақдирни билиш туйғуси мавжуд бўлган,- дебди Зажа. – Гўё бунда қандайдир роль ижро этишим керакдай, гўё ҳаётимда у ёқ-бу ёққа оғишим керак бўлмаган, олдиндан аниқ чизиб қўйилган мақсад бордай. Фақат билмасманки тақдир менга бахт тайёрлаганми ва ё фожиа, лекин бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими шуки, мен ҳаётда бажаришим зарур бўлган вазифага содиқман. Балки сиз ана шу вазифани аниқлашда менга ёрдам берарсиз?
Авлиё ота бир оз хаёлга толди, сўнг расмларни ёйиб, уларни аралаштирди ва уларни юз томони билан ўгиришдан аввал хоч шаклида териб чиқди.
– Нега хоч шаклини бердингиз? – сўрабди Зажа.
– Хоч ва айлана бирдир. У барча шакллар ичида энг кучлисидир, у қуёшнинг, сувнинг ва фаслларнинг, шунинг баробарида ҳаётнинг айланиб туришини намоён этади.
Авлиё ота расмларга қараб тафаккурга чўмаркан, Зажа уни бошқа хаёлдан бўлмабди. Ахири авлиё ота сўз бошлабди.
– Сен жуда кўп билимга эга бўлдинг. Бу излаётган нарсангни топишга етарли илмдир. Ҳаётдаги асосий вазифанг бу таълим беришдир. Тақдир ҳақидаги ҳисларингни мен қуйидагича шарҳлашим мумкин. Ҳаётингда ғоят катта икки имконият мавжуд, бири катта бахт, иккинчиси катта азоб-уқубат. Аммо улар бир-бирининг ўрнини боса олмайди. Бири иккинчисини ўз ичига олади. Азоб деганим шунчалик буюкки, у сенинг барча қадрдонларинг ва барча ўргатган нарсаларинг учун бир синов бўлгусидир.
– Миннатдорман, устоз. Асосий вазифам таълим бериш эканига тобора ишониб бормоқдаман.
– Таълим бериш – бу биринчи масала. Бу мақсад йўлида нимани таълим берганинг борасида синовга тортилишинг – бу иккинчи масаладир. Шунга урғу бермоқчиманки, агар ўз тақдиринг чизган йўлдан борсанг, қаттиқ синовга дучор бўлишинг турган гап.
– Бу синовдан ўта олармиканман?
– Энди мендан келажакда нима бўлишини сўраяпсан, мен буни айтолмайман.
– Менга синовга тайёргарлик кўришда ёрдам бера оласизми?
– Сен ўзингни азоб-уқубатни матонат билан енгишга тайёрлашинг мумкин, бироқ бу азобни биргина митти нарса билан юмшатиш ёки четланишга қодир бўлмассан. Енгилмас бўлиш сени яна баттар қайғуга солади.
– Мен азобдан сираям қўрқмайман. Мен самимиятим устида олиб борилаётган синовга бас кела олмасликдан қўрқаман.
– Жуда яхши, дебди авлиё ота. Биз бир идиш ҳозирлайликки, қайғу онида сен жонингни у идишга жойлайсан. Эрталабки ишимизни бажараётганда эҳтиётлик билан дарё ўзанидан ўзингга энг маъқул бўлган битта тошни танлаб олишинг даркор. У тошни бу ердан кетгунингча ўзинг билан бирга олиб юр, кейин эса уни қоянинг энг учига қўйишинг лозим. Кечаётган ҳар бир кунингда у тошни эсда тут, гўё у ҳаётингнинг ажралмас бир қисми бўлсин. Синов куни келганда, хаёлингни бир жойга жамлаб, жонингни ўша тошга солиб қўйишинг мумкин, у ерда ҳеч ким унга азоб беролмагай.
Эртаси кун азонда улар тиззалаб ўзан томонга ҳаракатланган маҳал Зажа денгизда узоқ йиллар сайқалланганга ўхшаш думалоқ оқ тошни топибди. У шу тошни қўлига олиб, Киведаги барча қолган кунлари давомида ўзи билан бирга олиб юрибди.
Авлиё ота унга суратлардан нусха олишга изн берибди ҳамда улар устида тафаккур қилиш сирлари билан ўртоқлашибди. У Зажага гоҳ алоҳида бир суратга, гоҳ бир неча суратларга диққат билан қарашни, шу тариқа рамзлар миясида чуқур бохабарлик даражасини намоён этишини, туйғулар мияга тақдим этаётган юзаки қарашлар остида ётган яширин маъно қатламларигача етиб боришни ўргатибди. Алалоқибат Зажа буюк ҳақиқат билим ёриқлари орқали кўзга ташланишини кўра бошлабди.
Ахири у уйга қайтишга тайёр бўлибди ва авлиё отадан кетишга рухсат сўрабди. Қуёш кўтарилаётган пайтда Зажа қўлида оқ тош билан унга пешвоз чиқибди. У тошни тантанали равишда қоянинг тепасига қўйибди, нур ва илилқлик неъматлари учун, ўз боласини меҳр билан кўтариб турган онанинг меҳрибон қўллари мисол ер атрофида айланган ҳаёт илони учун ташаккур билдирибди.
Авлиё ота Зажани бағрига босиб, шундай дебди: “Агар сен жонингни у тош ичига жойлашинг керак бўлса, тошни дарё ўзанига қайтармагунингча жонинг ором топмайди. Билгинки, бу ишни фақат ўзинг бажара оласан. Демак, сен билан яна кўришишимиз мумкин.”
Эман ила Печак
Ҳикоятда айтилишича, Зажа Марказий қиролликдаги уйига қараб йўлга чиққан маҳал эски йил адоғига етиб, янги йил ноябрь ойининг икл қуёши билан кириб келган, об-ҳавога боғлиқ бўлмаган ҳолда сафарга отланиш учун энг яхши ва қулай бир мавсум бошланганди.
Зажа буюк Иски дарёси олдига келганда, сув унинг қирғоқларидан тўлиб-тошиб оқар, кечиб ўтишнинг ҳеч иложи йўқ эди. У кичик бир қоянинг устига чиқиб, тошқин сувни томоша қилганча энди нима қилишни ўйларди. Зажа сувнинг пасайишини кутиб турса бўларди, аммо бу ҳафталаб, балки ойлаб чўзилиши мумкин эди. У орқароқда дарёнинг бошланиш жойи саналган тоғликлар тарафга юриб, саёзроқ жойдан сувни кечиб ўта оларди, лекин бу ҳам етарли вақт талаб қиларди.
Ўрмонзор водий томонда кечув имкони бор эди. Зажа ўрнидан туриб, атрофни томоша қилиб, чўнтакларини ўрмон ёнғоқларига тўлдириб, дарё қирғоғи бўйлаб юриб бораверибди. Бирдан қулоғига бутун қоқ баданини печак чирмаб олган эман дарахтининг инграгани чалинибди ва юришдан таққа тўхтабди.
– Нима бўлди сенга, биродарим эман?- сўрабди Зажа.
– Кўрмаяпсанми?- дебди эман. – Бу печак деганлари бўйнимдан бўғиб, ўлимга маҳкум этмоқда-ку. Ўзинг бир қарагин аҳволимга.
Зажа теварак атрофга боқиб, водийдаги ҳамма катта-кичик эман дарахтлари ғуж-ғуж печак билан қопланганига кўзи тушибди.
Эман дарахти зорланишда давом этибди:
– Бу ерни энди эманзормас, бемалол печакзор деб атаса ҳам бўлади, шундай ачинарли ҳолга тушиб ўтирсак-а, оҳ қандоқ кўргулик? Бу митти чирмовуқ ўрмонга кириб келганда, унинг устидан роса кулгандик, ё тавба бу қанақа ўсимлик бўлди ўзи, бирор ёрдамчисиз белини ердан бир қарич кўтаришга қурби ҳам етмас керак, деб мазах қилгандик уни. Ўшанда печак қургур айтганди-я, “майли, истаганингизча кулинг, аммо, мана кўрасиз, бу ўрмонни ўз қўлимизга ўтказиб, уни эманзормас, нақ печакзорга айлантирамиз, кейин эса печаклар ўрмон шоҳига айланади” деб. Биз бўлсак унинг бу сўзларидан баттар хахолаб кулибмиз. Аммо унинг чирмовуқлари танамиз бўйлаб ёйилганини, ҳаёт манбамизни сўришни бошлаганини, бизни нурдан тўсиб қўяётганини ҳис қилишимиз заҳоти кулишдан тўхтадик.
Шундан сўнг печак Зажага юзланибди:
– Бу қари ва бемаъни телбага эътибор берма. У ўз умри тугаётганини кўролмайди, унинг вақти ўтди. Энди ўрмонни бошқариш бизга ўтди. Чор тарафда печакларнинг ошиғи олчи экани, ғолиблик нашидасини сураётганини кўришинг мумкин, аммо бу алмисоқдан қолган эман, қарағай ё каштанларнинг эмас. Ана шунақа, содда-бечора печаклар энди шоҳга айланди.
– Тўғри, тан оламан, менинг даврим ўтди,- жавоб қилибди эман дарахти. – Бир дона бўлсин барг ёзишга етарли қуввату мадорим қолмаган. Сен билан келишсак дегандим, йигитча. Мен сени дарёдан кечиб ўтишга келиб, ушланиб қолганингни кўрдим. Истагинг дарёнинг у томонига ўтиш. Бу ишда сенга ёрдам бераман. Агар биродарларим бўлмиш эман дарахтларидан ва сингилларим қора қайинларнинг таналарини ярамас печаклардан тозалаб ташласанг, ҳализамон шамол турганда эгилиб, сенга кўприк бўлиш учун дарё устига ўзимни ташлайман.
– Бу таклифингни бажонидил қабул қиламан,- хурсанд бўлиб жавоб қилибди Зажа ва олдида турган эманни печакдан тозалашга киришиб кетибди.
– Бу адолатданмас!- қиқирибди печак. – Ахир бизнинг ишимиз чирмашиш ва ўрмалаш, қандай қилиб бўлмасин қуёшгача етиш-ку!
– Ёпишган нарсангни адои тамом қилаётганинг учун сени доим
назоратда тутмаса бўлмайди, сенга доим ўз жойингни ерда эканини кўрсатиб туриш керак.
Шундай деб Зажа ҳамма дарахтларни печаклардан тозалаб ташлабди ва уларни ёқиш учун каттакон ғарам тайёрлабди.
Қари эман ўз сўзида туриб, ўша маҳал эсган шамолдан эгилиб, дарё устига кўндаланг бўлиб ётибди.
Айтишларига қараганда, Зажа бу воқеани бутун умр эсидан чиқармабди, ҳукмдор бўлгач эса одамларга назар солиб, уларнинг қай бири эман, қай бири печакмижоз эканлигини аниқлай оладиган бўлибди. У яна одамларга ҳушёр бўлишни ва яхши-ёмонни фарқлашни маслаҳат берибди.
Баҳс ила Машварат
Зажа қироллик аҳолисини ҳар куни кечқурун ишдан бўшагач, шаҳар марказидаги хиёбонда йиғилишга чақирибди. Унга кўра, бу халқнинг ўзи учун яхши бўлиб, унда одамлар ўзаро гурунглашиш, баҳслашиш, умумий режалар тузиш, ҳамкорлик ва ҳаммаслаклик қилишга имкон топишлари, шу тариқа ҳаётларини яхшироқ қуришлари мумкин эди.
У шоиру эртакчиларни бу имкониятдан фойдаланиб, ёзган асарларини халққа ўқиб беришга, одамларга завқ улашишга даъват этибди. У ҳатто темирчию ҳайкалтарошларни, безакчию хаттотларни ўз асарларидан намуналарни ушбу хиёбонга олиб келишга илҳомлантирибди, шу орқали халқни уларнинг ишлари ва муваффақиятлари билан яқиндан таништиришни мақсад қилибди.
Натижада Қаср рўпарасидаги хиёбон энг гавжум ва оммавий сайлгоҳга айланибди. Кечқурунлари Зажа уларнинг ораларида юриб, гоҳ ҳикояга қулоқ тутар, гоҳ қайсидир шеърни танқид қилар, гоҳида эса баҳсу муноазараларга, айниқса, ўз ғояларида собитқадам бўлган ёш эркак ва хотин-қизлар билан боғлиқ машваратларда иштирок этадиган бўлибди.
Бир куни шундай йиғинларнинг бирида ёш йигит ва қизлар Зажанинг армияни тарқатиб юборганини муҳокама қилишибди. Гарчи уларнинг кўпи одам ўлдириш нотўғри деган хулосага келган бўлса ҳам, баъзилари ўз-ўзини ҳимоя қилиш ёки ватан мудофааси учун ўлдириш жоиздир, дея тортишиб турганди. Зажа даврадаги баҳсга қўшилиши заҳоти унинг бу борадаги фикри билан қизиқишибди.
– Ўзгалар сенга қилишини истамаган нарсани сен ҳам бошқаларга раво кўрма, – қайтарибди Зажа ҳаммага таниш гапини. – Ўзингни тут, қаршилик кўрсатма. Қиладиган ҳамма ишинг сен қадрлайдиган нарсани ифода этсин. Агар қаршилик кўрсатсанг, демак сен рақибинг тутган қоидани қабул этаётган, унга амал қилаётган бўласан, ўзингнинг қоидангга эмас.
Бошқа сафар машварат аҳли ундан сафарлари хусусида савол сўрашибди.
– Зажа, сен донишмандликни излаб бутун дунёни айланиб чиқдинг. Бу йўлда шарқу ғарб, шимолу жануб халқлари маданияти билан танишдинг. Сенингча энг яхши тараққиёт қайси? Биз қайси маданиятни ўзимиз учун ўрнак қилиб, унга тақлид қилсак арзийди?
– Шарқу ғарб, шимолу жанубнинг ҳар бири ўзига хос маданиятга эга. Аммо маданиятларнинг тараққиётга умуман алоқаси йўқ. Бунинг фарқига боришни ўрганмоқ керак. Тараққиёт турмуш чорраҳаларида жамиятдаги энг кичик қатламга бўлган муносабат қандайлиги билан ўлчанса, маданият рассом, шоир ва олимларнинг муваффақияти даражаси билан ўлчанади. Устувор саналган ҳеч нарса йўқ; маданият ва тараққиётнинг алоҳида талабларининг чеки йўқ.
Шундай кечаларнинг бирида инсофли, самимий бир киши Зажани четга тортиб, ундан “Қандай қилсам муносиб ҳаёт кечира оламан?” деб сўрабди.
Зажа унга шундай жавоб қилибди:
– Ҳаётни бир кўлга қиёсла, ёки уни бутун инсониятнинг тириклик манбаси саналган хазина деб бил. Бу хазинани тўлдириш учун қўлдан келган ёрдамингни аяма, ундан эса фақат ўзингга керак бўлган нарсанигина ол. Агарки хазинага имкониятинг даражасидан кам нарса қўшаётган ёки эҳтиёжингдан кўпроқ нарсани ундан олаётган бўлсанг, билгинки, сен вақтингни ва иқтидорингни беҳуда сарфлабсан.
Уч қиз
Зажа ўз аёли Каомҳе билан уч қизли бўлишибди. Улар ҳар жиҳатдан гўзал қиз бўлиб вояга етибди, турмуш қуриш ёшига кирганда, уларнинг қўлларини сўраб келувчилар чунонам кўпайиб кетибди. Бу борада улар қалбларига қулоқ солиб, бири Жанубий қироллик шаҳзодасига, иккинчиси Ғарбий қироллик шоҳининг ўғлига, учинчиси эса Шимолий қироллик шаҳзодасига турмушга чиқибди.
Зажанинг ўғил фарзанди йўқ экан.
Шаҳардаги марказий хиёбонда уч маликанинг бошқа учта қиролликка келин бўлиб кетишини кузатаётган халқ Зажага шундай деб мурожаат қилибди:
– Сиз ва малика Каомҳенинг умрлари зиёда бўлгай, кўп йиллар биз билан бирга бўлмоғингиздан умидимиз бор, аммо сиздан кейин кимни ҳукмдоримиз деб атагаймиз, қироллик меросини кимга ташлаб кетасиз?
– Сизга, – дебди қатъий оҳангда Зажа.
– Бу нима деганингиз?- сўрашибди одамлар ундан ҳазил қилаяпти деб ўйларкан.
– Ахир сизга ўзларингиз билишингиз керак бўлган ҳамма нарсани ўргатган эмасмидим? Нега сизга нима қилишингизни айтиб турадиган кимса керак? Ўзингиз аниқ-тиниқ ўз ҳаётингизни, оилавий юмушларингизни ва қироллик ишларини тўғри йўлга қўйишнинг уддасидан чиқсангиз, яна кимгадир эҳтиёжингиз бўлармиди?
Одамлар Зажа ҳузуридан ҳайрон бўлиб қайтишибди, зеро бу гапи билан у яна ҳазил қилдими, йўқми, ҳеч билишолмабди.
Шумаканинг генерал бўлиши
Малика Каомҳе ўз қўлини сўрагани учун рад қилган барча ишқибозлари ичида энг ҳафсаласи пир бўлгани Шумака эди. Қиролнинг жияни ва бообрў жангчи сифатида у ўз кучига ва ваколатига ишонар, бирон нарсада рад этилиши мумкинмас деб ўйларди.
Ғазабини зўрға босиб турар, каттакон истаги қондирилиши учун бошқа имконият бўлишини кутарди. Аммо қирол бўлмиш тоғаси Шарқий қироллиқдаги муҳим ишларни унга ишониб топширишдан ўзини тияр, унинг мақсад-муддаоси бемаъни, табиати эса қўпол эканини яхши биларди. Аслини олганда қирол ўз жиянидан ҳайиқиб тургучи эди. Анча илгари бўлиб ўтган болакай ва битирув имтиҳонидаги арғамчи воқеасидан кейин у суриштирув ўтказиб, Шумаканинг ўша бола ўлими учун масъул эканини аниқлаганди.
Малика Каомҳе Зажадан бўлак умр йўлдош ва ҳукмдор танламаслигини билганида эса Шумаканинг нафрат ўти заҳар билан алмашиб, куну тун оғу ичар ҳолга келибди. У режаси барбод бўлгани учун ич-этини ебди, бунинг устига Шарқий қиролликнинг ҳарбий жиҳатдан устунлигига қарамай, қирол тоғаси урушга кўп ҳам эътибор бермабди. Маслаҳат кенгашида у бошқа қиролликлар ҳарбий жавоб кутаётганига ишора қилиб билдирган камчилигу хафагарчиликларига оид масалани кўтарса ҳам, уни шунчаки бир қони қайнаган ўсмир санаб, гапига қулоқ осиб ўтиришмабди ҳам.
Аммо Зажа ва Каомҳенинг уч нафар қизи қўшни уч қиролликнинг ҳукмдорлари ўғилларига турмушга узатилгани хабари Шумаканинг қулоғига етиб келганда, унинг нафрат алангаси еру кўкка ўрлаб, бутун вужудини кул қилибди. У тоғасининг ҳузурига кириб, ўзини армия қўмондони этиб тайинлашини талаб этибди, бунга сабаб қилиб бундан буён қолган тўрт қироллик бирлашиб уларга қарши ҳужум қилиши очиқ бўлиб қолганини айтибди. У ўз қуролли кучларининг узоқ муддат ҳукм сурган тинчлик оқибатида беғаму мудроқ ҳолга тушгани, мабодо қолган қиролликлар уларга қарши уруш эълон қилса, мамлакатни ҳимоя қилишнинг сира иложи қолмаганидан нафратга тўлибди.
Аслида-ку қирол бошқа қиролликлардан бирор хавф борлигига ишончи комил бўлмаса-да, Шумакадай бир паҳлавонинг хавотирга тушаётганини кўриб, ўзи ва қиролликнинг меросхўрлари саналган ўғилларининг хавфсизлиги учун қўрқувга тушибди.
У Шумакани армия қўмондони этиб тайинлашга рози бўлибди, фақат шарти шуки, у уруш пайтидагина бу лавозимни эгаллайди. Агар Шумака Марказий қиролликни босиб олса, қаршилик ва қурбонликлар бўлишини бунга сабаб қилиб кўрсатадиган бўлибди. Қолаверса, мабодо бу ишкал жияни у учун бирор мамлакат устидан ғалаба қозониш билан ўзини банд қилгудай бўлса, ўз мамлакатида хатарсизроқ одам бўлур эди.
Шундай қилиб, Шумака расман қуролли кучлар қўмондони этиб тайинланибди. У ўз тарафдорларини катта-катта лавозимларга ўтқазибди ва зобитларни урушга қаттиқ тайёргарлик кўришни бошлашга даъват этибди.
Босқин
Тўртта қироллик ҳужумига учраши ва босиб олиниши мумкинлиги тўғрисида оташин нутқлар ва қўрқинчли огоҳлантиришлари билан Шумака Шарқий қироллик халқини хавотирга солибди, уларни зўравон ва тажовузкор бўлишга чақирибди. Қиролликдаги жаъми ёш йигитлар қуролли кучлар сафига олиниб, жангга ҳозирлана бошлабди.
Мўлжалланган ҳужум ҳақидаги овозалар Марказий қўондонликкача етиб келибди, одамлар Марказий хиёбонга йиғилиб, Зажадан нима қилиш ҳақида кўрсатма кутишибди. Улар қуролли кучларнинг тарқатиб юборилиши ва қуролларни йўқ қилиш қанчалик ҳам бемаънилик бўлгани ҳақида шивирлай бошлашибди.
Зажа хавотир чулғаб олган халойиққа мана бундай деб мурожаат қилибди:
– Диққат билан сўзларимга қулоқ солшингизни ва нима десам шуни қилишингизни истайман. Ҳа, босқин бўлиши аниқ. Аммо биз уруш қилмаймиз. Биз мамлакатимиз учун одам ўлдирмаймиз. Барчангиз уй-уйларингизга бориб, одатий кундалик юмушларингизни бажаришда, далаларда ва устахоналарингизда ишлашда, тамоларингизни ҳозирлашда ва болаларингизга қарашда давом этишингизни хоҳлайман. Жангчилар келган маҳал уларни кўрмагандай ўз ишингизда давом этаверинг. Уларга умуман гапирманг, таомлантирманг, ҳеч қанақасига улар билан ҳамкорликка киришманг. Жангчилар таомилига кўра, қуролсиз рақибларни ўлдириш мумкинмас. Шумака баъзи итларини бу таомилни рад қилишга ўргатган бўлиши мумкин, бироқ жангчиларниг аксарияти сиз билан менга ўхшаган одамлар, улар нима тўғри-ю нима нотўғрилигини яхши билишади. Агар улар олижанобликни кўриб, ўзларини тубан каби тутишса, бундан ўзлари уялиб қолишади ва тартиб-қоидани бузувчиларга айланишади.
Шундай қилиб, Шумака армияси Марказий қўмондонликка ҳужум қилганда, ҳеч қандай қаршилик кўрмабди. Одамлар ҳеч нарса бўлмагандай, гўё уларнинг олдидан ўтиб бораётганларни арвоҳлар армияси деб билиб, дала ишларини давом эттиришаверибди. Шаҳар кўчаларида ҳаёт бир маромда давом этаверибди, худди жанчилар отрядининг атрофда шахдам қадам ташлаб юриши, назорат пунктлари тузиши, жамоат биноларига истеҳком қуриши одатий ҳолдай эди улар учун .
Жангчилар қалъага киришганда, кўп ҳурматли меҳмон кутилаётгани каби унинг дарвозалари ва эшиклари ланг очиқ эди. Жангчилар бу бинони ўз назоратларига олишлари ҳамоно Шумака унинг ичига кириб, тўппа-тўғри Давлат хонасига борибди. У ерда собиқ қирол вафотидан буён ишлатилмаётган тахтга чиқиб ўтириб олибди. Сўнг Зажа билан малика Каомҳени чорлаб, улардан мамлакат бошқарувини ўзига бериш ва бўйсуниш битимини тузишни талаб қилибди.
Аммо Зажа билан Каомҳе ўзларини олиб кетишга келган кишига у гўё деворга гапиргандай бутунлай эътибор қаратишмабди. Элчи бориб, буларнинг қилиғини Шумакага етказгач, у қаҳру ғазабга тўлибди. Сўнг жангчилар отряди билан бўлса ҳам, иккисини куч билан ҳузурига келтиришни буюрибди.
Зажа ва Каомҳени ушлаб, туртиб-суртиб Давлат хонасига келтиришибди. Иккиси ҳам Шумака ҳузурига келтиришгунча уриб-суришларига индамай қўйиб беришибди, лекин Шумакага қайрилиб ҳам қарашмабди, унинг саволларига жавоб ҳам беришмабди. Иккиси бир-бирига маҳлиё бўлган ёш ошиқ-маъшуқлардай меҳр-муҳаббатга тўлиқ нигоҳларини қадаб тураверишибди.
Шумака ғазабдан портлаб кетаёзибди. Аммо қандай чора кўришни ҳам билмабди. Улар қаршилик кўрсатгани йўқ, шунинг учун уларни ўлдириш инсофдан бўлмасди. У мамлакатни ўз назоратига олган, аммо қонунан ҳукмдор бўлишни истаган, Зажа билан Каомҳе ҳокимиятни унга топширишларини, ҳукмронликни қонунийлаштиришни кутганди.
Бироқ у қаттиқ адашган, нима қилишни билмай эсанкираб қолганди.
Ўлим ва риҳлат
Кўп ойлар давомида Шумака армияси Марказий қўмондонликни босиб олишда давом этаверибди, Шумака эса қасрдаги Давлат хонасида туриб турли фармонлар, талабномалар ва буйруқлар чиқараверибди. Аммо одамлар ҳам қатъий равишда уларни рад этибди. Улар жангчилар билан гаплашишмабди ҳам, уларга бўйсунишмабди ҳам, худди бир жойнинг ўзида, лекин ҳар хил даражада иккита ёнма-ён ҳаёт, бири ҳарбий, иккинчиси одатий турмуш юзага келгандай бўлибди.
Натижада жангчлар тартибни буза бошлашибди. Уларга азалдан урушиш ва ўлдириш бўйича сабоқ беришар, бу ердаги вазият эса улар учун нотаниш эди. Ахири уларнинг паймоналари тўлибди. Ҳатто ҳафсаласи пир бўлган баъзи жангчиларнинг зўрлаш ва қотиллик каби шафқатсизликлари ҳам одамларнинг эътиборини жалб қилолмабди, ҳеч қандай қаршилик кўрсатилмабди.
Бир томонда Шумаканинг нафрати ортганидан ортаверибди. У мамлакатни босиб олиш ва бошқаришдай ҳаётий орзусига эришган, фақат ҳалигача биргина армияга қўмондонлик қила олаётган эди холос. У ҳатто бу мамлакатнинг бирорта фуқаросига оёқ кийимининг ипини боғлашга ҳам буйруқ беролмабди.
Жангчиларда норозилик кайфияти кўрина бошлагач, Шумака баттар хавотирга тушибди. Улар уйларига кетишни хоҳлаб қолишибди, чунки бу ўлкада бундай яшашдан ортиқ фойда кўришмабди. Халойиқ на қўрқув, на ҳурматни билармиш, қайтанга гўё жангчилар мутлақо йўқдай ўз ишини қилаверибди.
Шумака ноумид ҳолда бир чора ўйлаб топибди. У ишонган одамларига малика Каомҳени ушлаб келиб, қаср хоналаридан бирига қамаб қўйишга буйруқ берибди. Кейин маликани уч кундан сўнг аҳоли кўзига олиб чиқиб, уни қип-яланғоч қилиб ечинтириб, у билан қўшилиши ҳақида фармон чиқарибди, шу билан қадимий урф-одат бўйича бу ерларни ўз мулкига айлантириш даъвоси билан чиқибди.
Буни эшитган ёрдамчилари қиқирлаб кулибди. Қадимги одат даъво қилар даражада эмасди, аммо Шумака бошқа томондан ақллилик қилмоқчи шекил, деб ўйлашибди улар. Шундай қилса, Зажа иложсиз қолиши мумкин. У Шумакани хотинининг шаънини ҳимоя қилиш мақсадидида жангга чорлаши, оқибатда Шумака уни ўлдириши учун қулай фурсат туғилишини пойлашаётганди. Бошқа томондан эса, Зажа ўз принципларига содиқ қолиб, урушишдан бош тортиши, Шумакага ўз хотини билан қўнгилхушлик қилишга изн бериши ва кейинчалик хотини билан ажрашиши турган гап эди. Ҳар икки ҳолатда ҳам Шумаканинг асл мақсади қиролликни қўлга киритишдан бўлак нарса эмасди.
Марказий қироллик аҳолиси фармонни эшитиб, қасрга ёпирилиб келишибди, муштларини ўқталганча севимли маликаларини қутқариш учун уни қамал қилишга киришишмоқчийди. Бироқ Зажа қаср рўпарасидаги хиёбонда уларни тўхтатиб, қаршилик қилмасликка чақирибди. Гарчи бу уларнинг табиатига ёт бўлса-да, ноилож Зажага ён босишибди.
Бўлиб ўтган воқеадан хабар топган жанубий, шимолий ва ғарбий қироллик аҳолиси тезда куч тўплаб, учта йирик армияни қалъага, ўз маликаларининг волидаи муҳтарамасини қутқаришга сафарбар қилишибди.
Зажа ўзига аталган синов муддати етиб келганини билибди. У бош хиёбонда одамлари ўртасида ўтириб, кўзларини юмганча уч соат давомида чуқур тафаккурга чўмибди. Авлиё ота маслаҳат берганидай, у жонининг энг яхши бўлагини узоқ шимоли-ғарбдаги ўрмонзорда жойлашган қоя устида турган ўша тошга жойлабди. Кўзларини очиб, ҳатто энг оғриқли кулфат ҳам ўзини синдира олмаслигини сезибди.
Зажа бирдан қўшиқ куйлай бошлабди. Каомҳега бўлган самимий муҳаббати юрак-юрагидан шу қўшиқлар қанотида учаверибди-учаверибди. Ғарбий қиролликдаги шоирладан ёд олгани барча севги қўшиқлари шу тариқа қуйилиб келаверибди-келаверибди. Бир пайтлар кўлдан ўтишини енгиллаштирган куй ва қўшиқлар энди шу жим-жит хиёбонда акс-садо таратибди. Халойиқ ва жангчилар жимгина унга қулоқ тутишибди. Уларнинг барчаси ҳам ўз ҳаёти давомида севги дардига дучор бўлган, шу боис Зажадаги шиддат ва самимиятни жуда яхши ҳис қилибди. Жангчилар ўзларини ноқулай тутишар, Шумаканинг беўхшов ҳаракатларига шерик бўлганларидан хижолат тортишарди.
Куёвлари бошчилигидаги учта армия қалъани ўраб олган маҳал Зажа уларни чекинишга чақирибди.
Улар турмуш ўртоқларининг севимли онасини қутқаришга келишганини айтаркан, Зажанинг халойиққа уруш оловини ёқувчи бир жирканч томонидан ўз хотинини жамоат ичида зўрлашига томошабиндай қараб туришга буйруқ берганини ҳеч тушунолмаётганди.
Зажа уларга қарата “Менинг суюмли Каомҳеим Шумака тўй либосини таклиф этганда уни рад этиб, бундай жаллодга турмушга чиқмаслигини билдирди. Энди уни Зажа ичидаги бир жаллодга турмушга берган бўлармидингиз? Мен сизларга ҳар доим ўзингизни тутишни, асло қаршилик қилмасликни ўргатдим. Душманларингиз сизга нотўғри ишни қилишга мажбурлашларига, ўзларидай жоҳиллик даражасига туширишларига асло йўл қўйманг”, дебди.
Бу сўзлардан уч шаҳзоданинг ҳоли паришон бўлибди, улар Зажа одамларга яхшироқ яшаш учун ҳар доим бериб келган маслаҳатларига кўра иш кўраётганини, айни пайтда эса ўз қарашлари олдида синовга тутилаётганини билишарди.
Зажа ушбу синов анча илгари авлиё ота башорат қилган синовлигини билибди. Ундан қочиб қутулиш имкони йўқ, Зажа ҳам уни четлаб ўтиш учун бирор нарса ўйлаган эмасди. У фақат бу синовдан ўтиши лозим эди. Қанча азоб берилишидан қатъий назар, агар Зажа жонини узоқ ўлкадаги ҳеч кимнинг қўли етмайдиган ўша тош ичига солмаганда, бу оғриқ ва ситамни кўтаришнинг иложи бўлмасди. Аммо шундай бир қора кунда у ўзи ўргатган нарсаларнинг ҳақиқатини юзага чиқариш учун масъулиятни рад этишга куч топишни истарди.
Шумака армияси қасрни эгаллаган, унинг тиш-тирноғигача қуролланган қатор-қатор жангчилари қуролсиз аҳолини ўраб турарди. Пойтахт чегараларида бўлса учта армия Шумака ва унинг армиясини яксон қилишга буйруқ берилишини кутарди. Зажа ҳануз одамлар орасида завқ билан муҳаббат қўшиқларини куйларди.
Шу орада қаср тепасида Шумаканинг қораси кўриниб, кўзлаган ишини амалга оширишдан аввал Зажага ҳокимиятни ўзига топшириши учун охирги имконият бераётгинини айтиб, бор овози билан ўкирибди. Зажа унинг сўзларига эътибор бермай куйлашда давом этаверибди. Шумака яқинларига Каомҳени олиб чиқишни буюрибди. Малика чиққач, бутун шаҳарга жимлик чўкибди. Зажа куйлаётган севги қўшиқларининг садоси Каомҳе қулоқларигача бориб етибди. У пастга қараб, Зажани кўрибди ва майин жилмайибди.
Шумака бир имо қилган экан, одамлари маликани яланғоч қилиб ечинтиришибди. Сўнг Шумака ҳам кийимларини бошдан оёқ ечиб, дўсту душман қаршисида бўртиб турган мушакларини, бақувват яланғоч баданини намойиш қилибди. Халойиқ унинг айғирникидай танасини, эркаклиги қўзғалиб, қўшилишга тайёр турганини кўрибди.
Малика эса ҳаракатсиз бир алфозда, чиройли ва келишган қомати нурга тўлиб, Шумаканинг баданига тамоман қарама-қарши бир кўринишда қотиб қолибди. Ҳаммаёққа жимлик чўкибди. Ҳатто Зажанинг бўғзидан қўшиқ чиқмай қолибди. Каомҳе Шумакага мутлақо эътибор қаратмай, ғамгин кулимсираганча Зажадан кўзини узмай қараб қолибди.
Бирдан ўртадаги жимликни Шумаканинг қуролли аскарлари бузиб, шиддат билан бор овозда ўз мадҳияларини куйлай кетишибди:
Шумака, Шумака
Қўрқинчли шунақа!
Сўнг Шумака армиясидан бир жангчи туриб, бошқача қофияли қўшиқ куйлай кетибди:
Шумака, Шумака,
Бир, икки, уч
Бирин-кетин бошқа жангчилар унга қўшила бошлабди:
Шумака, Шумака,
Келдик кимга дуч?
Айтишларича, қўшиқни бошлаб берган жангчи арғамчида осилган боланинг ўртоғи экан. Бирдан кўплаб бошқа жагчилар ҳам болалик пайтларини эслаб, тинчгина ўйинларини қандай қилиб бузишгани ёдларига тушиб, бирваракайига куйлай кетишибди:
Шумака, Шумака,
Кўтариб оёқ
Шумака кўппакдек
Ҳўллайди япроқ”.
Шумака пастга қараб, ўз армияси унинг устидан кулаётганини кўрибди. У орқага тисарилибди, эркаклиги дарров сўлиб қолибди.
Бундай тараддуд ва гарангсиш онидан фойдаланиб, малика Каомҳе ўзини ушлаб турганларнинг қўлидан сирғалиб чиқиб, қалъа тепасидан ўзини пастга отибди. Бечора жон таслим қиларкан, унинг кўзларида қўрқинч ялтираб, чуқур уҳ тортганини кўришибди. Зажа дод солиб аёлининг олдига ошиқибди.
У малика Каомҳенинг жонсиз танаси олдида фиғон чекиб тураркан, Шарқий қироллик жангчилари уялганча бир-бирларига қараб туришарди. Кейин эса уларнинг бири ўрнидан туриб, қуролларини ерга улоқтирибди-да майдонни ташлаб кета бошлабди, ундан сўнг яна бири, кейин яна бири, шу тариқа армиянинг аксар жангчиси ўз қуролини уюмга улоқтириб, уй-уйига жўнаб қолибди.
Фақат Шумака, унинг тансоқчилари ва энг вафодор тарафдорлари қолишибди. Халойиқ қалъани қамал қилиб, уларни асир олибди, сўнг Зажа ҳузурига келтириб, уларни нима қилишни исташини сўрабди. Аммо Зажа уларни қўйиб юборишга ишора қилибди. Дарду алами ичига сиғмас, ҳатто бир сўз дейишга мажоли қолмаган экан.
Марказий қўмондонлик аҳолиси малика Каомҳе ўлимидан ниҳоятда чуқур қайғуга тушибди. Жанубий, ғарбий ва шимолий қиролликлар ҳам бу жудоликни уммон оша олиб ўтибди.
Каомҳе жанозасига иккита гулхан ҳозирланибди – бири малика учун, ғоят катта иккинчиси жангчилар қолдирган қурол-аслаҳа учун. Бу гулхан шу қадар баландликка кўтарилибдики, у ҳатто Шарқий қиролликка йўл олган тартиббузар жангчиларнинг йўлини ёритиб, кўкка қадар ўрлабди. Уларнинг қироли мағлубиятдан хабар топиб, Шумакани бир йўла қўмондонликдан, жангчиликдан бўшатиб, саройдан ҳайдаб солибди.
Зажа малика Каомҳенинг хокини йиғиштириб олгач, халқни хиёбонга чорлабди.
– Мана энди мен кетадиган пайт ҳам келди,- дебди у. – Сизларни айнан шу лаҳзалар учун тайёрлагандим. Сиз қандай яшашни, ўз юмушларингизни қай тартибда тузишни, давлат ишлари учун масъул бўлишни ўргандингиз. Энди эса мен кетишим, рафиқамнинг хокини бу ердан узоқ-узоққа элтишим лозим.
Унинг кетаётганидан халқ роса афсус чекиб, қолақол, дея роса илтимос қилса ҳам, Зажа сафар халтасини елкасига осиб, марказий қиролликни тарк этибди.
Қайта туғилиш
Зажа шаршара тагидаги муқаддас ҳовуздан сув олиб, кўзларини юваётган экан. Аста-секин оғриқ пасайиб, нур пардаси бўлиниб, қора тусга кирибди. У яна қўлини чўмич қилиб сув олибди-да юзини унга суртибди. Кўз олдида қоя, ям-яшил дарахтлар ва булутли осмон намоён бўлибди. Ортига қараб, дарё ўзанида турган йигитчага кўзи тушибди. У бир зум қарашдан тўхтаб, яна ўша томонга нигоҳ солибди, чиндан ҳам у кўргани ёш йигит эканига ишонч ҳосил қилибди.
– Сенга қандайдир ёрдам керакми?- сўрабди у йигитчадан.
– Мен авлиё ота деган кишини излаяпман.
– Айнан излаган кишинг қаршингда турибди. Сал илгарироқ келганингда унинг ўрнига руҳонийни топган бўлардинг,- деб жавоб қайтарар экан, Зажа эски ҳазилни эслаб кулибди.
– Буни биламан,- дебди йигит.
– Яхши. Уй вазифани бажариб бўлибсан. Энди мен билан бирга нонушта қилсанг ҳам бўлади.
Улар эман дарахтидан ясалган ҳужрага келишибди, Зажа столга егулик тортибди. “Қани, бўтам, нега келганингни айт-чи”,- сўрабди у йигитчадан.
– Мен Марказий қўмондонликдан келдим, ўзим қидираётган нарса мени етаклаб юрибди.
– Хўш, талабинг надур?
– Барча ёшлар каби ўзимни камолотга етказмоқчиман, ўзини Зажаман дея даъво қилгувчиларни излаб топиб, уларни ўлдирмоқчиман.
– Бу вазифани сенга ким юклади?
– Зажага элтадиган кўприкни бошқарувчи табаррук зот Шумака.
– Шумака? Табаррук, дейсанми?
– Ҳа, табаррук зот Шумака, унинг воситасида ҳақиқий Зажани топиш мумкин.
– Мен Марказий қўмондонликда анчадан буён бўлганим йўқ. Илгари Шумака деганлари қуролли кучлар қўмондони бўлгучи эди.
– Ҳа, тўғри айтасиз, жуда кўп йиллар илгари шундоқ эди. Ўшанда Шумака армия қўмондони ва Зажанинг ашаддий душмани эди. У Марказий қўмондонликни ўз ҳукмронлиги остига киритиш учун босиб олганди, аммо у зажаийлик кучига ишонқирамасди. Зажа таълимоти одамларнинг қалбу шуурини банд этган, Шумаканинг ҳарбий салоҳияти ҳам, Шарқнинг қуролли кучлари ҳам уларни енгишга қодир бўлолмасди. Уларнинг қўлларида қурол-аслаҳа йўқ, шаҳарларининг дарвозаю эшиклари худди босқинчиларни атайин кутиб тургандай ланг очиқ турарди. Ҳеч бир қуролсиз ва истеҳкомсиз, биргина зажаийлик таълимоти билан улар Шумака армиясини тор-мор келтириб, юзларини шувут қилиб, уй-уйларига жўнатишган.
Йигитча бирор нарса еб олиш ва Зажадан сукут сақлашни ўрганиш учун гапиришдан тўхтабди. Сўнг яна давом этибди.
– Ўшанда Шумака ўзи тутган йўлнинг хатолигини кўрибди. У тавба қилиб, ўтмиш ҳаётини унутибди. У гадо ҳирқасига ўраниб, уч йил давом этган афсонавий зиёрат сари йўл олибди. Марказий қиролликка келиб, малика Каомҳе ўлимига сабаб бўлгани учун халқдан чин дилдан кечирим сўрабди. Зажаийлик кучи шу қадар эдики, одамлар уни ўлдириш ўрнига кечириб юборишади, унга ўз сафарини эсон-омон якунлаб қайтиши учун оқ йўл тилашади.
Зажа йигитчага сўзсиз қулоқ тутиб ўтирибди, меҳмон эса келган жойидан давом этаверибди:
– Шумака зажаийликдан ўта мутаассир бўлиб, кимни учратса, шу ҳақда гапирадиган бўлибди. Одамлар ҳам унинг гапларини жон деб эшитишибди. Улар ўттиз йил давомида уларга йўл кўрсатган буюк Зажа кетганидан кейин ўзларини ёлғиз ҳис этишар, у ҳақда гапиришни яхши кўришар ва ўз ютуқ ва муваффақиятларини у билан боғлашарди. Улар Шумака атрофига жамоа-жамоа бўлиб йиғилишар, унинг Зажа таълимоти ва зажаийлик фойдалари ҳақидаги насиҳатларига қулоқ тутишарди.Бундай кичик гуруҳлар бора-бора йирик жамоатларга айланибди, натижада гадойи мусофир Шумака илгари ўзи уятли иш қилган қасрнинг айни жойидан туриб, хиёбондаги йиғилганларга қарата аччиқ-аччиқ кўзёш тўкиб ваъз ўқийдган бўлибди.
Аччиқ-аччиқ ёшни эшитиб, Зажа ўзини аранг кулгидан тўхтатиб қолибди. Ҳойнаҳой, бу йигитча у воқеалар юз берганда энди туғилган бўлса керак, қани, кўрайлик-чи бу аччиғу шўр ёшларни қаердан топдийкин? У бу ҳикоятни ёдлаб олгани аниқ эди. Зажа унга ҳикоясини давом эттиришига изн берибди.
– Зажа мамлакатни бошқаришни халқнинг ўзига топшириб кетгани юзасидан Шумака бу қоидани зажаийлик атрофида қуришни таклиф этибди. Халқ бу таклифни жон деб қабул қилибди ва Шумакадан зажаийликнинг муфассири бўлишни сўрабди. Табаррук зот Шумака аввал бошда бу юксак вазифага ўзини лойиқ деб билмабди, аммо масъулиятдан қочмай, дея уни бажаришни ўз зиммасига олибди. Шундай қилиб, уни Зажага элтувчи кўприкнинг бинокори деб эълон қилишибди.
– Демак, ҳозир Шумака Зажа таълимотини одамларга тафсир қилиб юрибди дегин?
– Ҳа, шунинг учун ҳам уни Кўприк бинокори деб аташмоқда.
– Хўш, илгариги босқинлари ҳақида нима демоқда у? Уруш ва одам ўлдириш ҳақида қандай фикрда экан?
– Унинг айтишича, буюк Зажа ўлдиришни қонунга хилоф деб билган, қуролли кучларни тарқатиб юборган ва урушни кўрарга кўзи бўлмаган. Бироқ, Зажа даврида бузғунчи ҳаракатлар ҳар доим арзимас мақсадлар билан асосланган. Шунга қарамай, эндиликда бирор арзигулик мақсад урушга қонуний куч бериши мумкин. Ягона арзирли мақсад эса бу зажаийликни ҳимоя ё тарғиб қилиш бўлиб, у асли энг арзимас ҳаракатни олижаноб ишга айлантира олади.
– Демак, Шумака яна илгариги урушқоқлигига қайтибди-да? У яна уруш қилишга ўтдими?
– Ҳеч ким Шумака тўғрирсида ҳақоратли гап айтмайди. Гарчи у собиқ қирол қасридан туриб зажаийликни бошқарса ҳам, у ҳануз ўзини камтар зиёратчилардай тутади. У аввалги нохуш ҳаракатлари туфайли Буюк кўприкнинг қурувчиси зажаийликнинг энг бадбахт ранжитувчиси бўлганини одамларга тез-тез эслатиб туради. Бироқ, Зажа таълимотини дунёнинг турли бурчакларига ёйиш орқали у илгари қилган ёмонликларининг товонини тўлаб келмоқда. Қаердаки бу тарғибот буюк Зажа учун тавқи лаънат бўлган қари ҳукмдорлар, шоҳлар ва қўмондонларнинг қаршилигига учраса, уларни сўнгги восита сифатида куч ишлатиб бўлса-да маҳв қилиш қонунга хилоф эмас.
– Қани айт-чи, бўтам, Шумака Зажанинг сўзларини атрофга кенг ёйиб, муваффақиятга эришмоқдами?
– Шумаканинг зажаийлик таълимотидан илҳомланган янги Маърифат армияси енглимас кучга эга бўлди. Шимол ва жануб, шарқ ва ғарб қиролликларининг бари қонли жангда тор-мор қилинди. Маърифатсизлар ер юзидан супуриб ташланмоқда, Зажанинг муборак номи эса шараф ичра жаннат маъволари юзи бўйлаб ўйиб ёзиб чиқилди.
– Сен маърифатлилар сирасига кирасанми?
– Ҳа, бу Зажанинг марҳамати, яъни унинг жамоасида дунёга келганлар туғилган вақтидан бошлаб маърифатлилар қаторига қўшилади, ўз ишларига содиқ қолган тақдирда эса, Шумака бошқарадиган Буюк кўприкдан ўтади.”
– Буюк кўприкнинг ўзи қай манзилга олиб боради?
– У Зажанинг ўнг қўл тарафига элтади. Кимки зажаийликка содиқ ҳолда вафот этса, руҳ қиёфасида қайта туғилиб, табаррук Шумака томонидан кўприкдан ўтишга таклиф этилади. Кимки муқаддас урушларда шаҳид кетса, Шумака унга бутун оиласи билан биргаликда махсус ўрин ажратишни кафолатлайди.
– Мабодо Зажа ҳануз қаердадир яшаётган бўлса нима бўлади?
– Маърифатсизларнинг айтишича, Зажа ҳамон тирик, кимда ким унинг номи билан бирон иш қилганини эшитса, ортига қайтиб, табаррук зот Шумака қилаётган барча ишни йўққа чиқарармиш. Аммо одамлар Шумаканиг гапига ишонишади, у Зажа вафот этган, бироқ албатта қайтиб келади, фақат бу сафар зажаийлик кучларини йирик шон-шавкатга буркаш, хиёнаткор ва вафосизларни йўқ қилиш ва жазолаш, маърифатсизларни яксон қилиш учун келади, гўё буларнинг бари ўз оёғи остидаги гарддан бўлак нарса эмасдай.
– Сен излаётган нарса нима?
– Менинг ва бошқа вояга етган барча йигитларнинг вазифаси Зажа номини булғаб, шаккоклик қилганларни аниқлаш ва йўқ қилишдан иборат. Шумакага кўра, саҳро тарафларда шундай шаккоклар бор эмиш, улар Шумака кашф этган ҳақиқий Зажага ўз умрини бахшида этган маърифатпарварлар учун ҳақорат эмиш.
– Тушунарли. Мабодо мен ўзимни Зажаман десам нима қилардинг?
– Жазолашларини истаб тавалло қилиш шаккокликдир.
– Аммо Зажа шунчаки бир муаллим бўлган, ундан кам ҳам, кўп ҳам эмас.
– Зажага бунчалик паст баҳо бериш ҳам шаккоклик. Табаррук зот Шумаканинг таъкидлашига қараганда, Зажа муаллимдан анча улуғроқ, чиндан илоҳий сифатга эга зот бўлган, шунинг учун у Шарқий қиролликнинг йирик армияси кўз ўнгида енгилмас қиёфада акс этган. Бироқ зажаийлик дунёнинг ҳар бурчига тарқалиб кетганидан маърифатсизлар ва шаккокларга яширинидиган жойнинг ўзи қолган эмас. Зажаийликка содиқ ёш йигитлар саҳро тарафларнинг тит-питини чиқармоқда, кимки Зажа номини булғаса, душман сифатида ўша жойда йўқ қилинади.
– Шумака номи биланми?
– Йўқ, табаррук зот Шумака кашф қилгани каби, кўп шарафли Зажа номи билан.
Бу суҳбат Зажани жуда толиқтирибди, азбаройи илгари ҳеч бунчалик ҳоримаган экан. У йигитчага егулик ва дам олиш учун жой ажратиб берибди.
Илк нурни кўриши заҳоти Зажа одатича оёққа қалқибди. У севгилиси Каомҳенинг хоки солинган идишни олиб, шаршара ёнидаги харсангтошга қўйибди. Сўнг кундалик амалиётини бажаришга киришибди. Қоя устидан ўзининг махсус танлаган тошини олиб, уфқдан кўринган қуёш билан кенг қулоч очиб саломлашаркан, уни қўлида тутиб турибди. Кейин тошни бағрига босиб, муқаддас ҳовуз тарафга йўл олибди. Кўзлари қамашишдан тўхтаб, одатдагидай кўришни бошлаганда, у дарё ўзанини кузатиб, унинг ўрта оқимида бир жойни кўзлабди-да, бағридаги тошни ўша ерга қўйибди. Сўнгра идишни қўлга олиб, ичидаги хокни оқимга сочишга киришибди, кул тош устида майин из қолдирганча дарё йўлига қўшилиб-қўшилиб, оқиб-оқиб кетибди.
Шуларнинг барчасини бажариб бўлгач, Зажа дарё ўзанида тиззалаб, жимгина кута бошлабди. У суратларни ўқиш жараёнида башоратнамо ана шундай якунни кўрибди.
***
Инглиз тилидан Аъзам ОБИДОВ таржима қилди
Муҳаррир Нодира АБДУЛЛАЕВА